2021 йилда Тошкент вилояти, Қибрай, Тошкент, Зангиота туманларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган ва ниҳоят кўп йиллар давомида Зангиота туманидаги “Қорасув” жамоа хўжалигида раис бўлиб ишлаган “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” Аъзамжон Абдувалиевнинг 85 йиллиги нишонланди.Тадбирдан аввал биз – бир гуруҳ меҳнат фахрийлари “Оқ уй” қабристонида бўлиб, Аъзамжон ака ва унинг яқинлари қабрларини зиёрат қилдик.
Эрталабдан Аъзамжон аканинг умр йўлдошлари, бошқа оила аъзолари ҳамда укалари – таниқли спорт ҳомийси ва истеъдодли тадбиркор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт тренери, Нобель мукофоти совриндори Салимбой Қирғизбоевич ҳам зиёратда ҳозир бўлишди. Зангиота туманида Аъзамжон ака хотирасига бағишланган тадбир ўтар экан, кўплар шу туманда ўтган асрнинг 90-йилларида ҳоким бўлган, Аъзамжон аканинг шогирди ва яқин дўсти бўлган Баҳром Носировни ҳам ёдга олишди…
Баҳром Носиров 1953 йил 8 январда Андижон вилоятининг Избоскан туманида таваллуд топган. 1975 йилда Тошкент Политехника институтини муҳандис-механик ихтисоси бўйича тамомлагандан кейин, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти ўқув-тажриба хўжалигида механик бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик, Тошкент вилояти Қишлоқ хўжалик техникалари бошқармасида меҳнат қилди. Бу ерда мутахассис сифатида иш бошлаган ёш истеъдодли Баҳромжон тез орада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимига кўтарилди. Кейинчалик, Зангиота тумани Қишлоқ хўжалиги бўлимининг бошлиғи, Қибрай тумани ижроқўмининг раиси, “Ғазалкент” агросаноат бошқармаси бошлиғи, Тошкент вилояти “Узплодовощвинпром” бошқармасининг бошлиғи, Зангиота тумани ҳокими вазифаларида ишлади.
Зангиота тумани ҳокими бўлиб ишлар экан, шу туманда раҳбарлик қилиб суяги самарали меҳнатда қотган Раҳматилла Қамбаров, Юрий Хайдуров, Жамил Маликов, Аъзамжон Абдувалиев, Ботир Тошхўжаев, Мирза Аҳмедов, Алишер Ғаппаров, Облоқул Жўраев, Меҳриддин Аҳмедов ва бошқалар билан бамаслаҳат иш олиб борди, қатор қишлоқ хўжалик соҳаси, хусусан сабзавот, картошка, узум ва мевалардан мўл ҳосил етиштириш бўйича ташаббуслар билан чиқди. Натижада 1994 йилда Баҳром Носировга республика раҳбарияти “Узплодовощвинпромхолдинг” ассоциациясига раҳбарлик қилишни топширди. Ушбу лавозимда ишлар экан, Баҳром Носиров доимдагидек бор билими, куч-ғайрати, салоҳиятини тинимсиз фаолиятига бағишлади. Қатор йиллар холдингга раҳбарлик қилгандан сўнг у “Аҳмад Яссавий” хўжалиги,
“КОФЮТИС” ваколатхонасини бошқарди…
Баҳром Носиров бирорта одамга ёрдам керак бўлса, қўлидан келса, зудлик билан ёрдам беришга шошар эди… Баҳром Носировни шу Ватан, элу юрт равнақи учун қилган меҳнати ва саъй-ҳаракатлари, катта ҳаётий тажрибага тўла фаолияти билан танишган киши, унинг тимсолида инсон салоҳияти, масъулияти, ташаббускорлиги, қатъияти, керак бўлса, қаттиққўллик билан кўп нарсани белгилаб беришига ишонч ҳосил қилади. У ҳаёти давомида ҳамиша ана шу қоидаларга амал қилиб яшади.
Элимизнинг суюкли фарзанди Баҳромжон Носиров бугун орамизда йўқ. Лекин у инсондан яхши ном, қурдирган иншоотлари, ижтимоий соҳа бинолари, серҳосил боғлар, муносиб шогирдлар, эл ишига камарбаста фарзанду набиралари қолди. Унинг нурли сиймоси ҳамиша дўстлари, шогирдлари, яхши инсонлар хотирасида барҳаёт.
Носир ТОИРОВ,
меҳнат фахрийси.
