МУНОСИБЛАРНИНГ МУНОСИБИ САЙЛАНМОҚДА

МУНОСИБЛАРНИНГ МУНОСИБИ САЙЛАНМОҚДА

 

Эски қальа. Сайловни тумандаги 73 та маҳалла орасидан биринчилардан бўлиб “Эски қалъа” маҳалла фуқаролари бошлаб беришди. Сайлов очиқ ва шаффоф муҳитда, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилди. Номзодлар ўз дастурларини баён этдилар. Фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

– Бу йилги маҳалла фуқаролар  йиғини  раиси  сайлови янги мезонлар асосида ўтказилмоқда, –дейди маҳалла фаоли З.Жўраева. –  Номзодлар ўз дастурлари билан қатнашгани бўлғуси раиснинг вазифасига қандай тартибда ёндашаётганини намойиш этди. Масъулият ҳиссини кучайтирди. Илгари маҳалла раиси сайловида бунақа талаблар йўқ эди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда маҳаллаларга қаратилаётган эътибор ва аҳолининг янада осуда, тўкин турмушини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ифодасидир. 

Шу куни маҳалла аҳли бир неча йилдан бери ўзларига бош бўлиб, маҳаллани обод, кўркам, ҳар томонлама намунали бўлиши йўлида тиним билмайдиган, одамларнинг дарду ташвишлари, қувончларига шерик бўлиб яшаб келаётган Наргиза Аҳмедовага яна катта ишонч билдиришиб, уни қайта маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайладилар.

Ўртаовул. “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови ҳам аҳолининг фаоллигида ўтди. Раислик лавозимига номзодлар йиғилганларга ўзларининг дастурларини айтиб ўтдилар. Шундан сўнг овоз бериш бошланди.

Айтиш мумкинки, раисликка танланган барча номзодлар обрўли, салоҳиятли инсонлар. Лекин оқсоқоллик ўрни битта. Шунинг учун ҳам улар орасидан энг кўп овозга эга бўлган Акмал  Аҳмедов  “Ўртаовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланди. Аҳоли қолган номзодларга эса янги оқсоқол атрофига жипслашиб, уни қўллаб-қувватлаган ҳолда фаолият юритишига кўмаклашишларига умид билдиришди. 

 

Туркистон. “Рамадон” маҳалла фуқаролар йиғини раислигига ўтказилган сайловда аҳоли фаол иштирок этди.

Номзодлар ўзларининг дастурларини баён этишар экан, уларга Нурали Сатимовники жуда маъқул бўлганлигини сайлов натижалари кўрсатди. Очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда ўтказилган сайловда Нурали Сатимов маҳалла раиси этиб сайланди.

 

Сайловлар “Нурафшон”,”Туркистон”, “Ойбек”,  “Далигузар”, “Абдужалилбоб”, “А.Темур”, “Чинор”, “Чорбоғ”  каби маҳаллаларда ҳам уюшқоқлик ва фуқароларнинг фаоллигида ўтиб, аҳоли ўзлари учун муносиб деб билган номзодга катта ишонч билдиришиб, маҳалла раиси этиб сайлашди.

 Маҳаллаларда сайловлар давом этмоқда.

 Ж.АРСЛОНОВА.