Ўтган бир йил ичида маҳаллалар ҳаётида катта ўзгаришлар юз берди. Маҳалла оқсоқоли, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори сафига қўшилган ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси бирлашиб, маҳаллада неки муаммо бор, жойида ҳал этишмоқда, аҳолини рози қилиш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солишмоқда. Маҳалладаги ўзига хос бундай бошқарув ўзини қай даражада оқламоқда?
Туманда ҳисобот йиғилишлари қай даражада ўтди? Туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Шодия УМАРХЎЖАЕВА билан суҳбатимиз шу ҳақда.
– Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз фаолиятлари давомида бир нечта босқичларни босиб ўтишди. Аввал маҳаллада ҳисобот-сайловлар бўларди, кейин ҳисобот олиб ташланиб, фақат сайловнинг ўзи қолди. Энди эса яна ҳисоботлар бўй кўрсатди, бу сафар бошқача кўринишда…
– Ҳақиқатан ҳам шундай. Аслида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари аҳоли олдида ҳисобот бериб туришлари керак. Бунга эса унчалик эътибор қаратилмаётганди. Бу сафар мутлақо бошқача бўлди. Биринчи марта маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика нозири, наинки фақат улар, балки ҳудудидаги мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, қишлоқ шифокорлик пункти раҳбарлари ҳам ҳисобот беришди. Йиғилганлар маҳаллага четдан кириб келаётган маблағлар, хайриялар, ёрдамлар, озиқ-овқат маҳсулотлари кимга, қачон берилганлиги, кимга субсидия асосида ёрдам кўрсатилганлиги, ёшларга, хотин-қизларга берилган имтиёзли кредитлар ва бошқалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.
– Энди айрим одамларнинг: ”маҳаллага келган нарсаларни у ерда ишловчиларнинг ўзлари “тинчитишади”, деган гап-сўзларига чек қўйилибди-да.
– Шундай. Ҳисоботда ҳаттоки нинадек олинган нарса ҳам қаерга ишлатилгани рўй-рост айтиб ўтилди. “Ал Хоразмий” маҳалласида бўлиб ўтган йиғилишда бир аёлнинг: ”Шундай йиғилишлар ўтказилса бўларкан-ку”, деган гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди. Бу каби гапларни кўплаб фуқаролардан эшитдим. Демак, 9 ойлик ҳисобот йиғилиши ўз самарасини берибди. Биргина маҳалла томонидан эмас, оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктларининг раҳбарлари томонидан ҳам қайси касалликлар билан оғриган беморларга бепул дори-дармонлар берилиши, шифо масканига қанча шундай дорилар келтирилганлиги ва кимларга тарқатилганлиги, мактаблар раҳбарларининг илм масканларида амалга оширилаётган ишлар, таълим-тарбия ҳақидаги айтган гаплари фойдадан ҳоли бўлмади. Мактабгача таълим ташкилотлари мудираларининг ҳисоботларидан ҳам ота-оналар ўзларига анча тушунчалар олишди.
– Тумандаги 73 та маҳалланинг шароити ҳам турлича, бири марказда, бошқаси чекка ҳудудда жойлашган, бирининг муаммоси кўп…

–Шундай маҳаллалар ҳам бор. Шунинг учун ҳам кейинги пайтларда асосий эътибор чекка ҳудудларга қаратилмоқда. “Боғзор”да анча муаммолар тўпланиб қолган эди. Кейинги икки-уч йил ичида йиллар давомида ўнқир-чўнқир бўлиб, транспорт қатновида қийинчилик туғдираётган кўчалар асфальтланди, симёғочлар бетонлисига алмаштирилди, электр энергия, табиий газ таъминоти яхшиланди, маҳалланинг янги биноси қурилди, болалар учун соғломлаштириш майдончаси бор боғ барпо этилди, мактаб қайта таъмирланди, мактабгача таълим ташкилоти қайтадан қурилди.
Янада аҳамиятлиси, энди одамлар бетоб бўлиб қолса, йироқдаги оилавий поликлиникага бориб юрмайди, маҳаллага контейнер ўрнатилиб, аҳолига шу ернинг ўзида тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланиб бормоқда. Очиғи, ҳисобот йиғилишига бироз хавотир билан боргандим. Чунки шунча пайт маҳаллада йиғилиш бўлса, одамларнинг норозилигисиз ўтмасди. Бу сафар акси бўлди. Демак, маҳаллада иш бўлаяпти. Аҳоли рози. “Чорбоғ” маҳалласи ҳам бир пайтлар анча эътибордан нари бўлган. Эндиликда аҳвол батамом ўзгарди. Ҳисобот йиғилиши шунчаки эмас, кўргазмали ўтказилди.
Субсидия, имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлигини, томорқасини йўлга қўйиб олган аҳоли томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси қарамаган одамни ҳам қаратди. “Бешлик”нинг экранда видеороликлар асосида қилган ҳисоботларини кўрган одам борки, маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилаётган ишларга тасанно айтмасдан қолмади.

Яна бир гап. Маҳаллаларда бўлиб ўтган ҳисобот йиғилишларида оддий соҳаларда ишлаб, ҳозирда қарилик гаштини сураётган фуқаролар, спортда муваффақиятларга эришаётган ўқувчи-ёшларга ҳам фахрий ёрлиқ ва совғалар берилганлиги алоҳида аҳамият касб этди. Намунали оилалар, обод хонадонлар соҳиблари ҳам тақдирланиб, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилди. “Алимбува”, “Навбаҳор”, “Мевазор”, “Қаҳрамон”, “Маданият” каби қатор маҳаллалардаги ҳисоботлар юксак савияда ўтди.

Муҳими, ҳисобот баҳона маҳалланинг аҳолини рози қилиш йўлида олиб бораётган ишлари яна бир бор юзага чиқди. Аҳолининг розилиги эса маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган “бешлик”ни янада юксак марраларни забт этишлари сари руҳлантириб юборганлиги шубҳасиздир.
Жамила АРСЛОНОВА
