G’alla 2025

G’alla 2025

БЎЛИҚ БОШОҚЛАР БАРАКАСИ

Ҳали чилла киришига анча бор, лекин ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетди. Офтоб еру кўкни аёвсиз қиздиради. Бундай пайтларда ҳамма ҳам кўчага чиқавермайди, қимирлаган жон борки, соя-салқин жойни излаб қолади. Шундай иссиқда далада ишлаётган меҳнаткашларга “офарин” деб юборасан беихтиёр. Жазирама улар учунмасдек, далаларда меҳнат қайнагандан қайнайди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак, чунки не-не машаққатлар ва умидлар билан етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш фермер кармони баракасини таъминлайди. Айниқса, шу кунларда туманимизда ғалла ўрими қизғин паллага кирган. Қайси дон етиштирган фермер даласига борманг, қудратли техниканинг бир маромда шиғиллаб ишлаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Ҳосил чўғи эса  фермернинг юзига қувонч югуртирмоқда.

“Эркин агромашсервис” ММТП МЧЖ ҳудудидаги “Эркин илм сервис” МЧЖ даласига борганимизда ҳам ана шундай юқори кайфиятни кўрдик. Кўз илғар-илғамас масофада ғаллани ўраётган комбайн бир зумда олдимизга етиб келди. Техниканинг жадал ҳаракатига маҳлиё бўлганча иш бошқарувчи Алишер Одиловни суҳбатга чорладик.

–Бу йил 8 гектар ерда буғдой етиштирдик, – деди у қўлидаги  пешанабоғ билан юз-кўзларидаги маржон-маржон терларни артаркан. – Режа бўйича 24 тоннаю 300 килограмм ҳосил олишимиз керак. Ҳосил чўғи бу режани ортиғи билан бажаришимизни кўрсатиб турибди.

–Бу фермер хўжалигимиз ҳар доимгидек пешқадам, – дейди “Эркин агромашсервис” ММТП МЧЖ бош агрономи Неъматилла Хасанов. – Доим биринчилардан бўлиб режани ортиғи билан уддалайди. Сабаби ғалла парваришини ўз вақтида амалга оширади, экиннинг ичида бегона ўтлар кам. Бундай қаров натижаси эса доимо қувонарли бўлади.

Шу пайт ёнимизга юзлари қуёшдан қорайган очиқ чеҳрали икки киши келди. Экин парваришини кўнгилдагидек бажарган бу меҳнаткашларнинг қувончини дарров фотоаппарат хотирасига муҳрладик.

–Эркинликлар ҳар йили буғдойдан мўл-кўл ҳосил олишади, – дейди ҳудуд раҳбари Қобил Зуфаров. – Пишиб етилган ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олишга ҳам катта эътибор беришади. Ҳозирда ҳудудда битта комбайн ишламоқда. Унинг ишидан мамнунмиз. Техниканинг бекор туриб қолган вақти йўқ. Йиғим-теримни муваффақиятли ўтказиш учун барча шароитлар яратилган.

“Эркин агромашсервис” ММТП МЧЖ раҳбари Шуҳрат Искандаровнинг айтишича, ҳудуддаги 34 та фермер хўжалигининг 5 тасида ғалла етиштирилибди. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, фермерларга қарашли 420 гектар ернинг 38 гектарига буғдой экилган. Бу майдонлардан 115 тонна ҳосил олиниши режалаштирилган бўлса, шунданг 45 тоннаси давлат режаси, қолган 70 тоннаси эса вақтинча сақлаш жойларига юборилади.

“Эркин Ҳамидуллаев Шукрулла” фермер хўжалигининг 6 гектар миайдондаги буғдойига биринчилардан бўлиб ўроқ тушди. Ҳосил эса кўнгилдагидек, гектаридан 60 центнердан кам бўлмади. “Агро экспорт старт” МЧЖнинг 4 гектар ердаги ғалла ҳосили ҳам баракали бўлди.

Ҳа, эркинлик фермерларнинг бугун қувончи чексиз. Чунки уларнинг ҳосил хирмони кун сайин юксалиб, эл дастурхонини тўкин-сочин қилмоқда.

Жамила АРСЛОНОВА,

Дилбар ШАРИПОВА.

Ирода Абдазимова олган суратлар.