Миллатимизнинг мустақиллик йўлини мунаввар этган Мунаввар Қори

Миллатимизнинг мустақиллик йўлини мунаввар этган Мунаввар Қори

Фикрлар дунёни бошқаради.
Бунёдкор ғоялар ҳамфикр шаклида оқим каби сузади.

Жадид адабиёти тарихида ўз ғоялари билан алоҳида ўрин тутган Мунавварқори Абдурашид­хонов 1878 йилда Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Дархон маҳалласида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Абдурашид­хон мадрасада мударрис, онаси Хосиятхон маҳалланинг отино­йиси бўлган. Мунаварқори илк сабоқни ота-онасидан, маҳалла мактабидан олиб саводини чиқарди. Сўнгра Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида, кейин Бухоро мадрасасида таълим олди. 1904 йилдан бошлаб фаол ижтимоий ҳаётга кириб борди.

Унинг маърифатчилик тарғиботи билан боғлиқ ғояларининг муаллифи экани «Шўрои Ислом» ташкилотининг (1917-18) идеологи ва раҳбари сифатида фаолият кўрсатиши билан изоҳланади. Мунавварқори 1903 йилдан жадид мактаблари очиб, дарс берган. Шундай мактаблар учун товуш усулида ёзган «Адиби аввал» («Биринчи адиб», 1907) алифбе китоби, «Адиби соний» («Иккинчи адиб», 1907. Унда «Ҳимматли фақир» шеъри келтирилган) ўқиш китоблари бир неча бор нашр қилинган. 1908 йил унинг «Сабзазор» (тўп­лам), «Ер юзи» (география­дан), «Тажвидал Қуръон» ­(Қуръонни ўқиш усулини ўргатган) китоблари ҳам босилиб, янги усулдаги мактабларда дарслик сифатида қўлланган. 1906-1917 йилларда жадид газеталарида муҳаррирлик қилган, «Хуршид», «Нажот», «Кенгаш» каби газета ва бир қанча журналларга асос солган, жадидлар театри тарғиботчиси бўлган.

Мунавварқори миллатимизнинг маърифий келгуси ва мус­тақиллик йўлини мунаввар қилиб кетган зотдир. «Чор ҳукуматини йўқотиш жадидларнинг тилагида бор эди» деб ёзган эди мақолаларидан бирида у. Ўтган асрнинг 20-йиллари ўрталарида миллий зиёлиларни таъқиб қилиш кучайи­ши натижасида Мунавварқори ҳамма лавозимлардан четлаштирилади. Бироқ ҳатто қатағон ҳам Мунавварқори Абдурашидхон ўғлини истиқлол ғояларидан қайтара олмади.
У 1929 йилда қамоққа олинади ва 1931 йилда отиб ўлдирилади. Унинг хоки Москвадаги Ваганково қабристонидадир.