Мамлакатимизга ўтган қиш мавсуми бошқа йиллардагига нисбатан анча совуқ келди. Бу электр энергияси билан боғлиқ ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор муаммоларни яққол юзага чиқарди. Президентимизнинг шу йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли қарори энергия тақчиллиги қопланишини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.
Дастур бўйича жорий йилда 37 минг аҳоли хонадонларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш режаси тасдиқланиб, бугунги кунда ушбу ташаббус жойларда тизимли равишда амалга оширилмоқда. Дарҳақиқат, юртимизда яшил энергетикага ўтиш ишлари оммалашмоқда. Қарорга мувофиқ, туманимизда 5 июль ҳолатига аҳоли хонадонларида 100 кВт қувватга эга 186 та, тадбиркорлик субъектларида 1970 кВт қувватга эга 48 та, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 970 кВт қувватга эга 53 та, автобензин ва газ шаҳобчаларида 225 кВт қувватга эга 17 та қуёш панеллари ишлаб турибди.
– Қуёш панеллари ўрнатадиган мутахассислардан унинг афзалликларини сўрадим, батафсил тушунтиришди, – дейди назарбеклик фуқаро Б.Шербоев. – Қайсидир давлат идорасига бормадим, рухсат сўраб сарсон бўлмадим. Ҳаммаси жуда осон экан, тез ўрнатиб кетишди. Ҳозир эҳтиёжимдаги киловат миқдорида электр беряпти. Ўзимиздан ортса давлатга берамиз. Қарор билан танишдик, ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига Давлат бюджетидан 1 минг сўмдан субсидия ажратилади, дейилибди. Бу ерда ортиқча энергияни сотиш имкони борлигини, қўшимча даромад олиш мумкинлиги ҳақида гап кетмоқда. Аҳолига ҳам, давлатга ҳам фойдали бўладиган бу ташаббус кенг оммалашиши тарафдоримиз.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қуёш панелидан олинаётган ортиқча электрнинг кафолатли харидори – давлат. Бу борадаги олди-сотди тартиби автоматлаштирилади. Хонадонга ўрнатилган электрон ҳисоблагич “Солиқ” мобиль иловасига интеграция қилинади. Ҳар ой ўтган ойнинг субсидияси фуқаронинг пластик картасига тушириб берилади. Ҳа, Ўзбекистон – қуёшли замин. Истеъмолчига сифатли ва ҳамёнбоп қуёш панеллари етказиб бериш ҳамда бу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар белгиланганидек давом этар экан, соҳада кутилган натижага, албатта, эришилади.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
