Жамият ва инсониятни, шу ўринда давлатни ҳам емирувчи бир иллат борки, уни йўқотиш, унга қарши кураш доимий равишда олиб борилади. Халқ тилида соддагина қилиб – коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча жабҳаларга ўз таъсирини кўрсатаркан, уни келтириб чиқарувчи омиллар ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади. Қонунчиликка асосан: “Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий манфаат кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир”. Аслида коррупция бирор “курси эгаси”нинг қонунчиликка зид равишда ўзининг ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойдаланишидир.
Иллатннинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича таниқли шахслар, илм даргоҳлари ва ташкилотлар ўрганишлар ўтказган. Унинг турлари, келиб чиқиши ва турли кўрсаткиичлари бўйича ноанъанавий рейтинглар тузилиб, формулалар ва жадваллар яратилган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ.
Шу ўринда, коррупциянинг келиб чиқишига тўртта асосий сабабларни келтириш мумкин.
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба тааъкидлайдилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифати, мукаммал бўлмаганлиги ва айрим қўштирноқ ичидаги “уддабурон”лар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал, яъни давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир. Коррупцияга қарши курашда барча фуқаролар бирдек фаоллик кўрсатиши керак. Шундагина бу иллатни бартараф эта оламиз. Халқимиз таъбири билан айтганда “берадиган қўл бўлмаса, оладиган қўл ҳам бўлмайди”.
Қобил АШИРОВ,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари.
