Ташкилот тугатилганда ҳомиладор аёлнинг нафақаси қандай ҳал этилади?

Ташкилот тугатилганда ҳомиладор аёлнинг нафақаси қандай ҳал этилади?

Яқинда корхонамиз тугатилиши ҳақида маълум қилишди. Ходимлар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор, унинг ҳомиладорлик таътилига чиқиши учун вақт бор. Айтингчи, бундай ҳолатда ҳомиладор аёлнинг нафақалари қандай тартибда ҳал этилади? Н.ВАЛИЕВА, корхона ходими.

Ушбу саволга туман Адлия бўлими бошлиғи Абдували ЭШОНҚУЛОВ жавоб беради:

“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг (рўйхат рақами: 1136, 08.05.2002 й.) 107-бандига мувофиқ:

– Низомга мувофиқ корхона тугатилганда, нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тугатилган корхонанинг ҳуқуқий вориси ёки тугатиш комиссияси томонидан берилади;
– тугатиш комиссияси ишни якунлаган (якуний баланс топширилган) ҳолларда, нафақа ижтимоий таъминот бўлимлари томонидан тайинланиб, тўланади;
– бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш учун қўшимча ҳужжатлар, яъни тугатиш комиссияси томонидан тўланган нафақа (комиссия томонидан якуний баланс топширилиб барча ҳисоб рақамлар ёпилганлиги) тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилади.

Яъни, агар ташкилот тугатилган деб ҳисобланганда, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси унинг ҳуқуқий вориси (яъни, тугатилган ташкилот ўрнида бошқа ташкил этилган ташкилот) томонидан ёки тугатилаётган муассасанинг Тугатиш комиссияси томонидан тўлаб берилиши керак.
Агар, муассасани тугатиш бўйича Тугатиш комиссияси ўз ишини батамом якунлаган тақдирда ҳам нафақа барибир тўланади, фақат бу ҳозирги Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан тайинланиб, тўланади.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 237-моддасига мувофиқ, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади ва  мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Демак, бундан кўриниб турибдики, ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун корхонани бутунлай тугатиш ҳолатлари мавжуд бўлиши керак. Акс ҳолда, ишдан бўшатиш ноқонуний бўлади.

Агар, муассаса батамом тугатилган (яъни, ҳуқуқий ворислиги бирор-бир муассасага ўтмасдан, давлат реестридан тўлиқ чиқарилганда) ҳам, ҳомиладор аёллар туман (шаҳар) Бандликка кўмак­лашиш маркази томонидан бошқа ишга жойлаштирилиши керак бўлади. Унгача эса, 237-моддада кўрсатилганидек қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий тўловлар тўлаб турилиши зарур бўлади.