Чой ичмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Кўпчилик ширин чойга ўч. Лекин чойга шакар эмас, бошқа нарсалар қўшилса, фойдали бўлади. Буни эса ҳамма ҳам билавермайди. Қуйида шу ҳақда айтиб ўтамиз.
Бозорларда сотиладиган оддий куркуманинг фойдали хусусиятлари бисёр. Агар куркумадан чойга бир чимдим қўшиб ичилса, бундай чой саратон билан курашади, юракни мустаҳкамлайди. Супермаркетлардаги маҳсулотлар қаторидан жой олган занжабил (имбирь) ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Агар уни чойга солиб ичилса, овқат ҳазмини яхшилайди. Мигрендан азият чекаётганларга эса долчин (корица)ни тавсия этамиз. Долчин шамоллаш, грип ва йўтал каби вирусли касалликларни даволайди, қанд миқдорини камайтиради.
Ҳаммамиз асални севиб истеъмол қиламиз. Чунки унинг шифобахшлик хусусиятлари жуда кўп. Шулардан бири иммунитет билан боғлиқ. Асал иммунитетни мустаҳкамлайди. Шундай экан асал солинган илиқ чойдан асло юз ўгирманг. Ота-боболаримизнинг юраги нимага бақувват бўлган. Чунки улар новвот чой ичишган. Эрталабки нонуштага новвот солинган бир пиёла чой ичсангиз сизнинг ҳам юрагингиз бақувват бўлади. Дарвоқе, таомлангандан кейин тишларингизни яхшилаб тозалаб олишни ҳам унутманг. Бу, тишларингизнинг жозибадорлигини ошириш билан бирга уларнинг мустаҳкамлигини ҳам таъминлайди.
Муҳайё ТУРҒУНОВА,
шифокор.
