Ҳар бир кун энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги сари тобора яқинлаштирмоқда. Бугун биз эришаётган юксак марралар, аввало, истиқлол шарофатидир. Шу боис, халқимиз ҳар йили ушбу шодиёна кунни ўзгача шукуҳ, меҳр-муҳаббат, хуш кайфият ила кутиб олади. Обод юртнинг файзи, таровати ўзгача бўлади. Зотан, озодалик, поклик, саранжом ва саришталик юртимизнинг янада кўркам бўлишига замин яратади.
Бунда халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадрияти – ҳашар муҳим ўрин тутади. Бу йил ҳам мамлакатимизда Истиқлолимизнинг шонли санасини муносиб қаршилаш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Байрам олдидан “Август – Ободонлаштириш ойлиги” доирасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари “маҳалладан – хонадонгача” тамойили асосида олиб борилмоқда.

Хусусан, туманимизнинг барча маҳаллаларида кўчалар, йўл ёқалари, қабристонлар, корхоналар, мактабу боғчаларнинг атрофи ободонлаштирилмоқда. Ушбу кенг кўламли ободонлаштириш ишлари доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож, якка-ёлғиз, имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларида ҳашарлар уюштирилиб, уй-жойлари таъмирланмоқда. Маҳаллаларнинг ички кўчаларига тош тўкилиб, текисланмоқда. Ушбу эзгу ташаббус ишида туманимиздаги “Эркин”, “Зангиота”, “Назарбек”, “Бўзсув”, “Қатортол” ҳамда “Чиғатой-Оқтепа” ҳудудларидаги маҳаллалар аҳолиси фаол иштирок этиб, ўз ҳудудларининг саранжом-саришта бўлишига муносиб ҳисса қўшишмоқда.

– Ушбу тадбирларда ҳудудимиз аҳолиси доимгидек фаол иштирок этишмоқда, – дейди “Бўстон” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Зафар Музаффаров. – Чиғатой ҳудуди бугун ўзгача чирой очмоқда, йўл четларидаги бўш майдонларга анвойи райҳону гуллар экилиб, дарахтларга шакл берилиб оҳланмоқда. Боқувчисини йўқотган 2 хонадон таъмирлаб берилди, яна 5 та оила хонадонлари тартибга келтирилди. Байрам арафасида фақатгина бу каби ишлар билан чекланиб қолинаётгани йўқ. Айниқса, болажонларни, хусусан, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар фарзандларига хурсандчилик улашиш мақсадида саховатли тадбиркорларимиз томонидан “Анҳор-Локомотив” боғига бепул чипталар тақдим этилди. Айни кунларда жажжи болажонлар ушбу паркда маданий ҳордиқ чиқаришлари учун саёҳат қилиб келмоқдалар.
Ҳа, бугун туманнинг барча жойларида иш қизғин. Ҳудудларда маҳалла раислари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари томонидан олиб борилаётган тушунтириш ишлари самараси ўлароқ хонадон эгалари ўз уйларию кўчаларини яна бир тартибга келтириб, ободонлаштирмоқдалар. Эътиборлиси, ушбу хайрли ташаббус доирасидаги ободонлаштириш ишлари санитария-эпидемилогик ҳамда турли хавфсизлик талабларига қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.
Азиз тумандошлар! Ушбу эзгулик ҳаракати – ободонлаштириш ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашарида янада фаол иштирок этинг!
Ҳасан ЖЎРАЕВ.
