Ҳадемай, ёз фасли тугаб, олтин куз мавсуми ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Қишнинг изғиринли, синовли кунлари бошланади. Бу эса, айни вақтда соҳа ходимларига алоҳида масъулият юклайди. Чунки, аҳоли тураржойларини, ижтимоий соҳа объектларини қишдан беталафот олиб чиқиш нечоғли долзарб ва муҳим вазифадир.
Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг қиш мавсумига қай даражада тайёрлиги бўйича бевосита жойига чиқиб ўрганди. Бундан кўзланган мақсад, жорий йил бошида кечган синовли кунлар – аномал совуқ асоратларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда кўп қаватли уйларни мавсумга ҳозирлаш, таъмирлаш ишларини ўз вақтида сифатли бажариш, жойларда ижтимоий соҳа объектларини самарали фаолият олиб боришини таъминлашдан иборатдир.

Жумладан, туман ҳокими туман Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Мурод Юнусов ва ҳокимлик масъуллари ҳамроҳлигида Эшонгузар марказида жойлашган “Иссиқлик манбаи” корхонасида бўлишди. Ўрганишлар давомида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича иссиқ сув қувурларини махсус қоплама билан ўраш зарурлиги ва бу ишларни ўз вақтида бошлаш лозимлиги таъкидланди.
Кўп қаватли уйлар атрофидаги ва пиёдалар юриш йўлаклари четидаги дарахтларга шакл бериш ишлари, Тошкент ҳалқа айлана йўли бўйидаги ҳамда йўллар четида жойлашган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳамда ушбу ҳудудларда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тегишли мутасаддиларга зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича вазифалар топширилди. Савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига кўча четларига маиший чиқиндилар ташламаслик ва ён-атрофни ободонлаштириб тартибга келтиришлари юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, туман ҳокими ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, кўмир ёқилғисида ишловчи қозонларни ўрнатиш бўйича жойига чиққан ҳолда соҳа раҳбарлари билан лойиҳалаш ишлари хусусида фикр алмашди. Мутасаддилар туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли иншоотларда ҳам бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, тиббий инфратузилмани янада такомиллаштириш масалалари доимий эътиборда бўлиши кераклигини алоҳида қайд этишди.
Умумтаълим мактабларида бўлган туман ҳокими таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотига алоҳида эътибор қаратиб, уларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди. Мактабларнинг иссиқлик тизимини кўздан кечириб, ўқитувчилар касб маҳорати, интеллектуал салоҳияти, ўқувчиларга муносиб таълим-тарбия беришда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида сўз юритди.
Ўрганишлар чоғида ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати бўйича аниқланган камчилакларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
