Ҳуқуқий эслатмалар

Ҳуқуқий эслатмалар

3 ёшгача бўлган болани ёки 16 ёшгача бўлган ногирон болани парваришлашда банд бўлган она касал бўлиб, болани парвариш­лашга қурби етмай қолган ҳолларда, парвариш билан банд бўлган ишлаётган бошқа оила аъзолари ёки қариндошларига (меҳнатга лаё­қатсизлик варақасига асосан) нафақа берилади.

*  *  *

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни (9 млн. 900 минг сўмдан 33 млн. сўмгача)  ташкил этса БҲМнинг 10 бараваригача
(3 млн. 300 минг сўм) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

*  *  *

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзо­ларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат этганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек, бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш:

– БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

*  *  *

IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технология­лари соҳасида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваригача (8 млн. 250 минг сўмгача) истеъмол кредитлари ажратилади.

*  *  *

Қонунчиликка кўра, ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби Кодекснинг 131, 132, 136 ва 140-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган, жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест билдирилган ҳамда худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган ҳолларда қўлланилмайди.

*  *  *

Қонунчиликка кўра, юридик ва жисмоний шахсларга ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесилган дарахт ва буталардан кам бўлмаган йирик ўлчамли (дарахт – 5 йиллик, бута – 3 йиллик) кўчатни экиш ҳамда уларни камида 2 йил давомида парвариш қилиш бўйича қўшимча мажбурият юклатилади.

Бунда дарахт ва буталарни кесиш учун рухсатнома берилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириладиган йиғимни тўлаганлик юридик ва жисмоний шахс­ларни компенсациявий экиш ҳамда парвариш қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Эслатма: ноқонуний дарахт кесганлик учун жарима мавжуд.

 

Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.