“Жадидчилар” ва “Қадимчилар” бир-бирига душман бўлганми? – Инкор ва муштарак мақсадлар

“Жадидчилар” ва “Қадимчилар” бир-бирига душман бўлганми? – Инкор ва муштарак мақсадлар

 (Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)

Шу ўринда “уламо” тушунчасига изоҳ бериб ўтиш жоиз. ХХ аср бошларида “уламо” тушунчаси ижтимоий маъно касб этарди. Бундай пайтда “уламо” дейилганда, асосан, мадраса­ларни тамомлаган, диний ва дунёвий илмга эга бўлган зиёли кишилар тушунилган. Бироқ сиёсий мақсадлар сари интилишлар ҳам кучайиб боргач, жадидлар билан айрим масалаларда мухолифатда бўлган ўлка зиёлилари “уламолар” деб атала бошланди. Бу даврга келиб “уламо” тушунчаси сиёсий маънода қўлланиладиган бўлди.

Мазкур даврда россиялик тадқиқотчилар империя мусулмонлари ҳаракатларини асосан уч гуруҳга таснифлай бошлайдилар. Буларнинг биринчиси мусулмончиликка ёт барча маданиятларни инкор этувчи, уларни қабул қилишдан бош тортувчи мутаассиб-консерватив мусулмонлар, иккинчиси Ғарб ва Шарқдаги замонавий номусулмон давлатларга қарши чиқа оладиган янги мусулмон давлатининг ташкил этилиши масаласига кўп даражада бепарво бўлган тараққийпарвар панисломчилар бўлса, учинчи гуруҳга империя ҳудудида аҳолининг аксарият қисмини ташкил этадиган маҳаллий халқлар томонидан ўзини ўзи бошқарадиган мухториятларнинг ташкил этилишига интилган, мусулмонларнинг маданий ва сиёсий тараққиётлари йўлида фаолият олиб борган тараққийпарвар зиёлиларни киритганлар.

Айнан юқоридаги таснифнинг биринчи гуруҳига оид “уламо”ларни “қадимчилар” дейишимиз жоизки, улар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида азалдан шаклланган ва муқим ўрнашиб қолган ақидаларни бузилмас деб ҳисоблар, ўрта асрлардан қолган урф-одат ва анъаналарга бирор ўзгариш киритилишини хаёлларига ҳам келтирмас, ўз манфаатлари йўлида динни ҳам нотўғри талқин этишга тайёр эдилар.

Жадидларнинг фикрича, “қадимчилар”нинг ислом ақидаларини ўз манфаатлари йўлида талқин қилишдан иборат бўлган консерватив қарашлари Марказий Осиё халқларини фалокатли ҳолатга, маданий жиҳатдан маҳдудликка олиб келган эди. Шунинг учун ҳам пешқадам миллий зиёлилар ўз олдиларига қўйган бирламчи вазифа ислом аҳкомлари, Қуръон оятлари, ҳадислар ва шариатнинг тўғри талқин қилинишига эришиш, маориф тизимида ислоҳотлар ўтказиш ва замон талабига жавоб берадиган таълим тизимини яратишдан иборат бўлди. Илоҳиёт соҳасида билимга эга бўлган жадидлар мавжуд шароитда ислом тушунчасини такомиллаштириш мумкинлиги ва кераклигини тушуниб етганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий (1909), Абдулла Авлоний (1910) ва Абдурауф Фитрат (1915) ўз билимларига таянган ҳолда дунё халқлари маънавий маданиятини сақлашда ислом динининг аҳамиятига оид ўзларининг “Мухтасар ислом тарихи” китобларини яратдилар.

М.Беҳбудий ўзининг деярли барча ижтимоий-сиёсий, илмий, диний-маърифий чиқишлари (китоблари, дарсликлари, мақолалари)да миллатни, айниқса, ёшларни янги, замонавий илмларни эгаллашга ундайди. Том маънодаги маърифатпарвар, зиёлига хос одоб билан уламоларнинг, “қадимчилар”нинг ҳам дунё­вий илмлардан бохабар бўлишлари зарурлигини уқтиради. Янги илмдан бебаҳра уламолар ҳам фаръий (иккинчи даражали) ва сатҳий – чуқур ўйламай ўзи каби ноқилларни (нақл қилувчи, демоқчи) ёмон кўриб, ёмон кўз ила қарашлари ноўрин эканини, эски ҳукамо, ҳайъатчи ва сайёҳларнинг сўзи “ҳикоят” мақомида тафсирларимизгача суқилгани учун “оят – файласуф сўзидир, ҳаким ва роҳиб каломидир”, деб баҳс қиладиган ҳозирги баъзи аҳли замона ва ажнабийларга бир катта далил ва кам илмлилар олдида даста ҳужжат бўлаётганини куйиниб таъкидлайди.

1917 йилда Туркистон ўлкасида содир бўлган инқилобий ҳодисалар жамиятда кескин бурилиш ясади. Большевизм тубжой миллатнинг “қадим” ва “жадид”ларга бўлинганидан устомонлик билан фойдаланиб маҳаллий халқ орасига ҳам секин-ас­та кириб борди. Миллатлар орасига қутқу солиб, ажратиш ва жамиятни синфий асосга қуриш ҳаракатини кучайтирди. Маҳаллий аҳоли большевиклар илгари сурган синфий кураш, пролетар инқилоби ва пролетариат диктатураси, “адолатли социалистик жамият”ни барпо этиш ғояларидан жуда узоқ эди. Шунинг учун ҳам ҳокимиятнинг советлар қўлига ўтишини кўпчилик мусулмон зиёлилар, тараққийпарвар шахслар қатъиян қоралаганлар.

Ўлкадаги асосий омманинг орзу-­умидлари Россия империясининг мус­тамлакачилик зулмидан озод бўлиш, мустақил демократик миллий давлат барпо этиш, асрий урф-одатлар, анъаналарнинг сақланиб қолишидан иборат эди. Бу мақсадларга эришмоқ учун ўлкадаги барча миллатпарвар кучлар бир ёқадан бош чиқариши, бирлашиши даркор эди. Беҳбудийнинг ўз чиқишларидаги “Эй ҳазрати уламо! Эй тужжор, аҳли касаба ва ағниё (бойлар)! Эй, ғайратли ёшлар! Нифоқ ва бир-бирига душманликни ташлангиз. Худо ҳақи, арвоҳи анбиё ҳурмати ва бу кунларда қорнини тўйғазолмайтургон етим ва бевалар ҳақи бири-бирингиз ила иттифоқ этуб, жамиятлар барпо қилуб, холиқ Худонинг нафъиға, дин ва миллат йўлиға хизмат этингиз” сингари хитоблари айнан шунга йўналтирилганди.

Бир мақсад йўлида кураш олиб бораётган миллат зиёлиларининг жадид ва қадимчилар гуруҳларига ажралиши эрк ва озодлик курашига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши муқаррарлигини чуқур англаб етган Маҳмудхўжа Беҳбудий “…Туркистон мусулмонлари, Россиядан ажралмаган ҳолда қадимчилар ва жадидлар ўртасидаги зиддият ва ихтилофларимизни тугатиб, бирлашмоғимиз лозим… Агар биз, Туркистон мусулмонлари, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ислоҳотлар ва иттифоққа интилсак, зиёлилар ва тараққийпарварларни бой ва уламолар билан бирлаштирсак, унда биз бу билан динимиз, миллат ва ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун улкан хизмат қилган бўламиз” дейди.

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи директорининг илмий
ишлар бўйича ўринбосари.