Иситиш мавсуми яқин

Иситиш мавсуми яқин

Мана, кузнинг иккинчи ойи ҳам охирлаб бормоқда. Кунлар анча совиб, ёмғирлар мавсуми бошланди. Ўтаётган ҳар бир кун бизни қиш сари яқинлаштирмоқда. Ҳаво ҳароратининг кун са­йин совиб бориши натижасида барча хонадонларда иситиш воситаларидан фойдаланишга эҳтиёж сезилади. Куз-қиш даврида иситиш тизимининг соз ҳолда бўлиши қишдан бехавотир чиқишимиз кафолатидир. Иситиш мавсумида энг эъти­борли жиҳат шундаки, аввало, аҳолининг ўзи мол-мулкини, уй-жойини ёнғин хавфидан ҳимоя қилмоғи керак. Бунинг учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя этиш, доимо ҳушёр бўлиш, ёш болаларни газ ёқиш-ўчириш ишларига жалб этмаслик лозим. Ҳўл кийимларни қуритиш учун газ плиталарининг устига, печлар яқинига илманг. Носоз электр розеткалардан фойдаланманг, газ ва электр асбобларига эътиборли бўлинг.

Газ иситиш қурилмаларидан ва электр асбобларидан эҳтиёткорлик билан тўғри фойдаланинг. Иситиш печларини ишлатишдан аввал мўриконларини тозалашни унутманг. Мўрикон яқинида қуруқ пичан ва шунга ўхшаш тез ёнувчи нарсалар бўлишининг олдини олинг. Шунда ёнғин хавфини камайтирган бўласиз. Айрим хонадонлар қўлбола иситиш воситаларидан, табиий газдан резина шланг­лар орқали фойдаланмоқда, бу ўта хавфли, ёнғин кўп ҳолларда шулар оқибатида келиб чиқади. Қўлбола чўян печлардан фойдаланиш, газ иситиш асбоблари ёнига тез алангаланувчи буюмларни қўйиш ёнғин хавфини келтириб чиқаради. Билингки, арзимаган совуққонлик, эътиборсизлик катта фожиага сабаб бўлади. Шунинг учун иситиш мавсумида ҳаммамиз эътиборли бўлайлик.

Азиз ЖАМОЛИДДИНОВ,
Чирчиқ Ҳарбий прокуратураси
адлия ёрдамчиси.