Кавсар Турдиева – туманимиз меҳмони

Кавсар Турдиева – туманимиз  меҳмони

Оилада она маънавиятли, китобхон бўлса, унинг фарзандлари ҳам маънан етук, баркамол, Ватанга ўзгача муҳаббатли бўлади. Туман Ахборот-кутубхона марказида аввало уй бекалари, оналарни кўпроқ китоб ўқишга чорлаш мақсадида ҳар ойнинг 17 санасида “Китобхон оналар” куни ўтказилиши анъанага айланган. “Китобхон оналар” кунининг навбатдагиси 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ноанъанавий тарзда ўтказилди. Тадбирда 14-мактабнинг фаол китобхон ўқувчилари ва уларнинг оналари болаларнинг севимли шоираси Кавсар Турдиева билан учрашдилар.

Тадбирда сўз олган Кавсар Турдиева фарзанд тарбиясида китобнинг аҳамияти, тарбиядек нозик масалада ота-она нечоғли эҳтиёт бўлмоқлари даркорлиги, болалар билан уларнинг ёшига мос китоблар мутолаасини йўлга қўйиш, кўпроқ ўғил-қизларининг фикр-мулоҳазаларини тинглашга диққатни қаратиш­лари, уларни қўллаб-қувватлашлари, камчиликларини мулойимлик ва босиқлик билан тузатишлари кераклиги ҳақида ўз ҳаётидан мисоллар келтирган ҳолда сўзлади. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди, ўзининг сара китоб­ларидан Ахборот-кутубхона марказига совға қилди. Бугунги авлоднинг фазилати шундаки, у компьютер билан тиллашишга уста, хорижий тилларни яхши билади, ўзига яратилган барча имкониятларнинг қадрига ета­ди. Ҳар жабҳада эришаётган ютуқлари ниҳоятда қувонарли. Уларнинг бундай ютуқларга эришишларида эса албатта китобнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, китоблар замонлар денгизида саёҳат қилаётган ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга ташиётган ҳикмат кемаларидир.

Розия ОЙХЎЖАЕВА,
туман Ахборот-кутубхона
маркази библиографи.