“Юрт” журнали саҳифаларида нималар ёритилган эди?

“Юрт” журнали саҳифаларида нималар ёритилган эди?

ХХ аср бошларида юзага келган, шаклланган, турли тўсиқлар контекстида ривожланиб борган жадид матбуоти ўзида Туркистон халқининг орзу-­умидларини, дард ва аламларини дадил руҳ, баланд овоз ҳамда миллий манфаатлар саҳнасидан туриб ёритди. Бу борада Исмоил Обидийнинг “Тараққий”, Маҳмуд­хўжа Беҳбудийнинг “Ойина”, Абдулла Авлонийнинг “Шуҳрат”, Убайдулла Асадуллахўжаевнинг “Садойи Туркистон”, Булат Солиевнинг “Эл байроғи”, Маҳмудхўжа Ризаевнинг “Ҳуррият”, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Кенгаш” каби газета-журналлари ХХ аср бош­ларидаги Туркистон халқининг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳолати тўғрисида муҳим маълумотлар тақдим этади. Айниқса, Қўқон шаҳрида нашр этилган “Юрт” журнали уларнинг ичида алоҳида ажралиб туради.

“Юрт” журнали 1917 йил 1 июндан чоп этилган. Журналнинг муҳаррири ва асосчиси қўқонлик тараққийпарвар Ашурали Зоҳирий бўлиб, нашр ишларини Ҳожи Мавлонберди Ашурбоев олиб борган. Журнал таҳририяти шаҳарнинг Хўжанд кўчасида жойлашган. “Юрт” журналининг иккинчи сони 1917 йил 15 июлда, учинчи сони эса 18 август­да чиққан. Журнал “Сиёсий, ижтимоий, тарихий ва адабий ҳафталик маж­муа” ҳисобланиб, жами учта сони чоп этилган ва шундан сўнг болшевикларнинг тазйиқи остида ёпилган. Гарчи, ушбу журналнинг уч сони дунё юзини кўрган бўлса-да, бироқ ундаги мақолаларнинг руҳи кишини беихтиёр Туркис­тоннинг азим ва эски дарди билан яшашга ундайди. Журнал фаолиятида Ашурали Зоҳирий, Аҳмад Заки Валидий, Абдуллабек, Шокир Мухторий, Аҳмад Сардор ва бошқа шулар каби тараққийпарварлар иштирок этганлар.

Журналнинг 1-сони “Мақсад ва аъмолимиз” мақоласи билан бошланган. Мақолага гарчи “Юрт ҳайъ­ати таҳририяти” деб имзо қў­йилган бўлса-да, мазмунан ва услуб жиҳатидан айтиш мумкинки, унинг муаллифи Ашурали Зоҳирийдир. Журнал саҳифаларида чоп этилган Ашурали Зоҳирийнинг “Ҳукумат ўзгариши” мақоласи алоҳида диққатга сазовордир. Муаллиф ушбу мақоласида миллатга мурожаат қилган ҳолда замоннинг ўзи Туркистон халқи учун озодликка эришиш йўлида қулай имконият тақдим этганлигини қайд этиб, бу борада халқни жипслашишга чақиради. Шу билан бирга А.Зоҳирий Чор Россияси томонидан юритилган зулм сиёсатини қоралайди. Бу орқали Ашурали Зоҳирий мамлакатни таназзулга учратадиган омил зулм ва адолатсиз тарзда ташкилланган сайловлар деб билди.

1917 йил февраль инқилоби натижасида Николай II тахтдан ағдарилиши билан зулм тимсоли бўлган Романовлар сулоласи ҳам тарих ахлатхонасига улоқтириб ташланди. Кўплаб Туркистон тараққийпарварлари қатори Ашурали Зоҳирий ҳам миллий озодлик учун жидд-у жаҳд билан курашиш вақти келганлигини чуқур англади ва миллатни бу йўлда сабот-матонат билан курашишга чақирди. Муаллиф болшевикларнинг “Энди ҳамма тенг ҳуқуқли бўлади, ҳамма озод бўлади” деган шиорларига маҳлиё бўлиб ўтирмасдан, миллий ҳақни талаб қилиш кераклигини қайд этади.

Татар-бошқирд маърифатпарва­ри ва сиёсий арбоб Аҳмад Заки Валидий “Юрт” журналида ўзининг мақолалари билан иштирок этган бўлиб, бу борада унинг “Миллий руҳоний бойлиғимиз” номли салмоқли мақоласи эътирофга лойиқдир. Мазкур мақола журналнинг 1-2-сонларида чоп этилган бўлиб, унда муаллиф миллатнинг дунёда яшаб қолишининг ижтимоий, сиёсий ҳамда маънавий шартлари хусусида баҳс юритади. Жумладан, “Ўз миллатини сақлай олмағон ва ўз қавмини қизиқишларини, ўз анъаналарини майдонға қўя олмайдур. Чет қавмларнинг маданияти билан яшағон қавм, бу рақобатни қила олмағони учун инсониятнинг ислоҳ ва тараққийсиға хизмат қила олмайдур” дея ёзар экан, бундай миллатлар салоҳиятли ва юксак интеллектуал тарзда ривожланган ўзга миллатлар наздида эътиборга сазовор бўла олмаслигини қайд этди.

Журналда эълон қилинган мақолалар ичида Шокир Мухторий қаламига мансуб “Энди фурсат” номли мақола ҳам муҳимдир. Муаллиф ушбу мақоласида миллатнинг ижтимоий-ахлоқий жиҳатлари тўғрисида долзарб мулоҳазаларни келтириб ўтган. Шокир Мухторий туркистонликларнинг мактабга нисбатан эътиборсизлигидан даҳшатга тушади, мактабсиз, маорифсиз ҳар қандай миллат таназзулга маҳкум эканлигини уқтиришга, илм ҳар бир халқнинг эртаси эканлигига ишонтиришга, инонтиришга тиришади: “Ҳар бир иллатнинг давоси бўлғонға ўхшаш бизларнинг фақири зиллат иллатимизнинг даъвоси бордурки, ул илм ва фанга жон ва дилимиз ва тўрт қўлимиз билан ёпушмоқдур. Болаларимизни ҳақиқий муҳаббат билан яхши кўрсак, бул ўзимиз мубтало бўлғон иллатларға азиз болаларимиз гирифтор бўлмай дунёда инсондай яшаб, умри масъудият­да бўлсун десак, мактабга берайлик. Ибтидоий мактабни битиргандан кейин “Энди ҳифз ва саводи чиқди, бундан зиёдаси керак эмас” демай, отасидан қолғон давлатни сақларлиқ илм ва маърифат соҳиби бўлмоққа қўйиб берайлик”.

Шокир Мухторийнинг “Юрт” журналида босилган бир шеъри борки, бу шеър гўёки Туркистон тараққийпарварларининг дилидаги бор дардларини ўзида жамлаган десак, муболаға қилмаган бўламиз. “Аскарий” тахаллуси остида эълон қилинган ушбу шеър “Чин мусулмон ёки аҳли ирфон бўлайлик” деб номланиб, унда Туркистон халқига қаратилган мисралар, шубҳасиз, журналнинг бутун маслак ва мақсадини ўзида мужассам этган: Ҳар на бўлсақ-да, зарар йўқ бош­қасин қўй “Аскарий!” Маърифат асл иймондур, аҳли ирфон бўлайлик! Журнал саҳифаларида эълон қилинган бундай ўтли шеърлар, Туркис­тон халқини уйғотишга қаратилган мақолалар, шубҳасиз, болшевиклар ҳукуматининг қаҳр-у ғазабига дучор бўлиши аниқ эди. Шу боисдан ҳам “Юрт”нинг 3-сони чиқиши билан журнал фаолияти таъқиқланди. Таҳририят аъзоларининг деярли барчаси 1937-1938 йилларда отиб ташланди.

Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари
хотираси давлат
музейи катта илмий
ходими.