Бир куни “Рамадон” маҳалласидан қўнғироқ бўлиб қолди.
– Мен шу маҳалла фуқароси Насиба Бараеваман, – деб ўзини таништирди қўнғироқ қилган аёл. – Маҳалламизнинг ҳоким ёрдамчиси Темур Султонмуродов ҳақида ёзсангизлар дегандим. Бирам меҳнаткаш, фидойи, савобталаб инсон…
Бу йигит ҳақида аввал ҳам раҳбарлар, аҳолидан яхши фикрлар эшитгандим-у ҳали у билан мулоқот қилмагандим. Тўғриси ҳам шу, чин дилдан, жонкуярлик билан меҳнат қилаётган одамга халқнинг ўзи баҳо бераркан-қўяркан. Маҳалланинг телеграм каналига кирсангиз Темур ҳақида ёзилаётган самимий дил сўзларининг гувоҳи бўласиз. – Шу Темур барака топгур қачон қараманг биз учун елиб-югуради, – деб ёзибди Наргиза исмли аёл. – Унга тун билан куннинг фарқи йўқ. Агар зарур бўлиб қолса, ярим тунда ҳам муаммони ҳал этиш учун айтилган жойга келаверади. Масалан, мен бундай қилолмасдим. “Иш вақтида кел, тинчимни бузма”, деган бўлардим. Темурнинг ота-онасига минг раҳмат, ким нима иш билан мурожаат қилса, албатта битириб беради. Темур ҳақида битилган бу каби самимий гапларнинг охири кўринмайди… Демак, ҳоким ёрдамчиси ишлаяпти. У халқ билан бирга…
Эътироф
2023 йил хатловини ўтказиш ниятида Темур уйлардан бирининг эшигини қоқди.
– Қани, Темур уйга киринг, – деди эшикни очган киши. – Ишларим кўплиги боис сиз билан кўришиш насиб этмаётганди. Маҳалла группасида кўп кузатаман, хўб хайрли ишларни амалга ошираяпсиз, отангизга раҳмат. У шундай дея Темурни қўярди-қўймай уйига бошлаб, бир пиёла чой узатди. Маҳалла муаммолари ҳақида суҳбатлашишди. Кетар чоғида уй эгасининг: “Фарзандларим сизга ўхшаб халққа фойдаси тегадиган, одамларнинг дуосини оладиган инсон бўлиб етишишсин”, деган дуосини олганида Темурнинг кўнгли алланечук бўлиб кетди. Унга одамларнинг бундай эътирофидан-да юксак мукофот йўқ эди.
Темур бу каби дил сўзларини аномал совуқда кечаю кундуз тинмай ишлаб, газсиз қолганларга ўтин, кўмир тарқатганида, вақтинча ишсиз қолганларга озиқ-овқат, кийим-кечак, тадбиркорлар томонидан берилган иситиш печларини тарқатиб юрганларида одамлардан кўп эшитди. Маҳалла аҳли онасига телеграм канали орқали: “Шундай фарзанд ўстирганларингиз учун сизларга минг раҳмат”, деб ёзишганида уйқусиз тунларнинг бор чарчоқлари танасидан чиқиб кетгандек, енгил бўлиб қолганлари ҳамон эсида. Бундай рағбат Темурни янада шижоат билан ишлашга руҳлантириб юборган бўлса не ажаб!
Дастлабки қадам
2022 йилнинг январь ойида “Рамадон” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш бошлаган Темур биринчи навбатда маҳалланинг коммуникация масалаларини ўрганишдан бошлади. Ён дафтарига асфальтлаш, электр энергия, табиий газ, симёғочларни алмаштириш, мактабни қайта таъмирлаш, боғча қуриш, бўш биноларни ишга тушириш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги муаммоларни ёзиб олди. “Обод қишлоқ” дастурига киритилган маҳаллада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар кам эмасди. Биринчи навбатда 3-сектор раҳбари ва тадбиркор Аҳмаджон Исмоилов ҳамкорлигида ёғингарчилик пайтида лой, ёзда тупроқ бўлиб ётган 6 та кўчага шағал ётқизилди. Дастур асосида 10 та кўча асфальтланди. “Сазовор-1” кўчасининг умумфойдаланувидаги 4 километрини Жаҳон тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан асфальтлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Муҳими, 28-мактаб капитал таъмирланиб, замонавий спорт зали қуриб берилди. Шунингдек, мини футбол ўйингоҳи ҳам қурилди. Ҳоким ёрдамчиси хатлов жараёнида аҳоли билан бўлган мулоқотда ҳудудга боғча кераклиги ҳақида гап борганди. Ҳозирда 120 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Ўтган йили 45 та тадбиркор фаолият юритарди. Бу йил уларнинг сони ортди. Е-auksion орқали тадбиркорлик учун 1,5 гектар ер майдонини тадбиркорга бериш, 12 та легаллаштириш, имтиёзли кредит асосида 8 та, коммуникацияга кўмаклашиш ҳисобидан 2 та ва бошқа йўналишлар кесимида фуқароларга кўмак кўрсатилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари сони 82 тага етди. Тадбиркорликнинг ривожланиши натижасида бўш иш ўринлари кўпайди. Август ойигача 40 та бўш иш ўринлари мавжуд бўлган бўлса, сентябрь ва октябрь ойларида мева ва сабзавотларни қайта ишлаш ва сақлаш саноати ишга туширилиши ҳисобидан яна 50 та нафар бўш иш ўрни яратилади.
Мурожаатлар юқорида эмас, қуйида ҳал этилмоқда
Авваллари аҳолининг қандай мурожаати бўлса, тўғри юқори идораларга югурарди. Энди эса бундай эмас. Фуқароларнинг қандай дарду ташвиши бўлса, тўғри Темурнинг олдига боради. Чунки ҳоким ёрдамчиси ҳар бир мурожаатга эътибор қаратиб, уни ечиш йўлида тинимсиз югургани аҳолининг унга бўлган ишончини оширди. Жумладан, аҳолини йиллар давомида тоза ичимлик суви муаммоси қийнаб келарди. Бу муаммо ҳам ҳал этилди.
Бундоқ ўйлаб қараса, Темур иш бошлаганидан бери 200 нафар фуқарога деҳқон хўжаликлари ташкил этишлари учун E-Auksion. uz орқали ер олишларига кўмаклашибди. 26 нафар фуқарога кредит ажратилди. 100 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди, 4 нафар фуқарога субсидия берилди, 2 нафар тадбиркорга тадбиркорлик қилиши учун e-auksion.uz орқали ер олиб берди, 37 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Бу каби ишлар эса ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Унинг замирида ҳоким ёрдамчисининг югур-югури, масалага оқилона ечим топиши, маҳалласининг гуллаб-яшнаши йўлида чинакамига қайғуриши ётибди. Ҳоким ёрдамчисини олдинда ҳали яна кўплаб савобли ишлар кутаяпти.
Жамила АРСЛОНОВА.
