Эътиборсизлик ортидаги кулфатлар

Эътиборсизлик ортидаги кулфатлар

Олов – тилсиз ёв. Ҳаётимизда содир бўлаётган ёнғинлар туфайли қанча давлат ва халқ мулки кулга айланмоқда. Бепарволик, масъулиятсизлик, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслик туфайли қанчадан-қанча моддий ва маънавий зарар кўрилмоқда.

Туманда ўтган 2022 йилда 104 та ёнғин содир бўлган. Уларнинг асосий қисми, яъни 73 таси аҳоли тураржойларида рўй бериб, улар умумий ёнғинларнинг учдан икки қисмини ташкил этади.
Жорий йилнинг илк ойида эса, туманимизда 9 та ёнғин содир бўлди. Уларнинг 3 таси аҳоли яшаш хонадонларида кузатилиб, ёнғиннинг асосий сабаби – электр иситиш печидан нотўғри фойдаланиш оқибати эканлиги аниқланди. Мана шундай аянчли воқеалар содир бўлмаслиги учун мутасаддилар томонидан аҳоли орасида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хонадонларнинг ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига риоя этаётганликлари назоратдан ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги кўп қаватли уйлар ва улардаги хонадонларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан текшириб чиқилганда фуқаролар томонидан электр иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш, газдан ноқонуний, носоз иситиш печларидан фойдаланиш ва газ ускуналарини резина шланг орқали улаш ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ҳолатлар бартараф этилиб, хонадон эгаларига тушунтиришлар берилди. Огоҳлик, ҳушёр­лик – давр талаби. Қаҳратон қиш-қировли кунларда, айниқса, ҳушёрлик оширилмаса, юқоридагидек нохуш ҳолатлар содир бўлиши ҳеч гап эмас.

Асомиддин ТОШБОЕВ,
туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг
Профилактика ва назорат бўлинмаси инспектори.