Миллат қуёши Алишер Навоий 9 февральда таваллуд топган

Миллат қуёши Алишер Навоий 9 февральда таваллуд топган

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади…

Қўшиққа айланиб,  ҳофизлар томонидан куйланганида юраклар торини чертадиган бу ғазал неча асрларки, ўз нуфузини йўқотмади ва бугун ҳам яшашда давом этмоқда. Ҳар қандай машҳур қўшиқлар ҳам бир кун келиб ортда қолади, лекин бу ғазал яшашда давом этаверади. Унинг яшовчанлигининг сири нимада? Жозибали сўзларидами ёки қойиллатиб ижро этилишида? Ҳар икковида ҳам. Ўтмишда машҳур ҳофизлар тилидан тушмаган бу ғазал бугунга келиб ҳам ҳақиқий ҳофизларнинг дилию тилида жаранглаяпти.

Навоийни танимаган ким бор? Бутун дунё танийди. Унинг бебаҳо мероси қўллардан-қўлларга ўтиб, ўрганилмоқда ва ҳар сафар ўзгача жозибада намоён бўлиб, дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Ўша пайтларда бутун турк дунёси Алишер Навоийни “шамс ул-миллат!”, яъни “миллат қуёши” дейишганида нақадар ҳақ эди. Бутун умрини туркий тил мавқеини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат  мезонларини қарор топтиришга  бағишлаган бобокалонимиз бундай эътирофга муносиб ва ҳақлидир.

Алишер Навоий ижодига назар соладиган бўлсак, у ижоди давомида турли жанр ва йўналишларда салмоқли ижод қилди.  Насрда ҳам, назмда ҳам етук асарлар яратди. Насрда Навоий ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-таълимий ва илмий-фалсафий, иқтисодий йўналишларда қалам тебратди. Навоий нафақат шоир, балки олим, адабиётшунос, тарихчи ва файласуф сифатида ҳам жаҳон маънавиятига улкан ҳисса қўшди.У 45 минг мисрага яқин туркий тилда шеърлар ёзди ва  форс тилида 12 минг мисрадан ортиқ шеър, туркум қиссалар яратди, “Девони Фоний” девонини тузди. Жомий “Баҳористон” асарида шогирди Навоий ҳақида шундай ёзади:”Туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўб шеър айтмаган ҳамда азм гавҳарларини сочмаган эди”. Навоий ижодининг чўққиси “Хамса” асаридир.  Унинг яратилиши туркий халқлар адабиётида муҳим воқелик бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев:”Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади”, дея буюк бобокалонимиз ижодига юксак баҳо бергани ҳам бежиз эмас. Навоий асарларини ўқир эканмиз, унинг мағзини чақа борган сари у ўз жамиятининг илғор вакили, давлат  ишларининг жонкуяри, ҳалол ҳуқуқшунос ва қонун ижодкори сифатида ҳам иш олиб борганлигининг гувоҳи бўламиз. Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Алишер Навоийдек теран ифода этган ижодкор жаҳон  адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Навоий асарларининг яшовчанлигининг яна бир сири ана шунда.

Навоий ҳақида кўп ва хўб гапириш мумкин. Унинг меросини ўрганиш ҳамон давом этмоқда ва келажак авлод унинг очилмаган бошқа қирраларидан ҳам баҳраманд бўлса ажабмас. Алишер Навоий вафот этган кунда ёмғир шивалаб ёғиб турган экан. Бу буюк йўқотишдан осмон ҳам аза очганди…

Ж. АМИРОВА.