Дорилар сотувдан олинди

Дорилар сотувдан олинди

Мана бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда бир неча боланинг ўлимига сабаб бўлган дорининг муҳокамаси давом этмоқда. Сабаби, ўткир респиратор касалликларига чалинган болаларга “Док-1 Макс” дори воситасини ичириш натижасида ўлим ҳолатлари кузатилганлиги кенг жамоатчиликни хавотирга солмасдан қолмади.

Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt Ltd” компаниясига тегишли мазкур дори воситасини республикамизда “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилиниб, савдога чиқарилган. Шу йилнинг 30 декабридан бошлаб ҳинд компанияси томонидан и ш л а б чиқарилган ва юртимизда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситалари савдоси вақтинча тўхтатилди.

Қандай дори бўлмасин, у албатта шифокор тавсиясига кўра ичилиши керак. Акс ҳолда у нохуш ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Юзага келиши мумкин бўлган салбий воқеаларнинг олдини олиш мақсадида тумандаги барча тиббиёт муассасалари тиббий ходимлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур дори воситаларини сотиб олганлар бўлса, ундан фойдаланмаслик, фойдаланганлар бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат этишлари кераклиги тушунтирилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти туман бўлими ҳамда туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тумандаги барча дорихоналарда мазкур дорилар сотувининг тўхтатилганлиги назорат остига олинган.

Ўз мухбиримиз.