Ҳашаматли тўйхонада бўлиб ўтган бир зиёфатда ёшгина бир қиз билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Албатта, бир стол атрофида ўтиргандан кейин ёнингиздагилар билан суҳбатлашасиз, танишасиз. Лекин стол атрофида ўтирганимизга ярим соатлардан ошган бўлса ҳам бу қиздан бир оғиз садо чиқмади. Кўз қирим билан уни анча кузатиб турдим. Унинг икки кўзи сўнгги русумдаги телефонида эди.
Зиёфатда бўлаётган шунча табрик сўзлари, шўх куйлар, даврага тушиб ўйнаётган меҳмонларнинг бирортаси уни қизиқтирадиганга ўхшамасди. Дастурхонда турли хил ноз-неъматлар, меҳмонлар улардан ҳузур қилиб, еб-ичиб, яхши мусиқага бош тебратиб, гурунглашиб ўтиришибди. Бу қиз эса бегона катакка тушиб қолган қушчадай стол устидаги егуликлар орасига қўйиб олган телефони билан овора.
“Бечора қиз, ҳеч кимни танимаса керак-да, ёки тортинчоқлигидан атрофга қарашга уялиб, ўзини овора қилиб ўтирибдимикан?, – дея ўйлаб, ёйиб олган қора сочлари орасидан юзини кўрмоқчи бўлиб, олдинга эгилиб, упа суртилган лўппи юзига қараб, манзират қилдим: “Қизим, олинг, еб-ичиб ўтиринг.
– Хўп, раҳмат, – дея яна телефондан кўз узмай қора нон билан салат ея бошлади. Шу орада қиймали шўрва олиб келишди. У шўрвани ҳам ўшандай ичишда давом этди. Бир қўлида қошиқ, иккинчи қўли телефон устида юрарди. Унинг бу қилиғини кўриб, чап қўлим билан телефон экранини ёпдим. Қиз ҳайрон бўлиб менга қаради, унинг киприклари қайрилган қора кўзларидан бироз норози бўлгани сезилиб турарди.
– Қизим, қўйинг, шу телефонни. Шўрва жуда мазали экан. Иссиғида ичиб олинг. Агар хаёлингиз телеграмда бўлса нима еганингизни ҳам билмайсиз, – дедим жилмайиб.
– Ҳим… хўп, – дея косани олдига тортди у. Мен ёнимдагилар билан суҳбатлашиб туриб, бироздан кейин қарасам, яна телефонга термулиб ўтирибди. Эсиз, ёшлик, эсиз беҳуда кетаётган вақт…
Бу телефон қизнинг шу даражада хаёлини ўғирлаганки, атрофдаги шунча кўзни қувонтирадиган нарсалардан бебаҳра қолаяпти. Биргина тўйхона деворларидаги зарҳал югуртирилган безакларга қараб қанча завқланиш мумкинлигини билмайди. Чиройли кийиниб келган мезбонлар-у меҳмонларга қараб ҳам кўз қувониши мумкин. Жонли ижродаги куй-қўшиқларни тинглаб, қалблар қанча ором олади? Афсус, бу қиз бундай ҳаёт неъматларининг қадрини билмаяпти. Эҳтимол бундай телефон “шайдо”си биттагина бўлса бу ҳақда умуман гап очмаган бўлардим.
Минг афсуски, интернет тўрига тушган бундай ёшлар атрофимизда жуда кўп. Катталарни-ку қўяверинг, иш юзасидан телефонсиз юролмайди, деб оқлашимиз мумкин. Бироқ ўсиб келаётган ёш авлодни бу офатдан асраш керак деб, ўйлайман. Бир ўсмир қизнинг телефонда гаплашиб кўчани кесиб ўтаётганда машина уриб кетганини эшитиб жуда ачиндим.
Телефон, интернет сабабли чиққан можаролардан ажрашиб кетаётган ёш оилаларни кўриб турибмиз. Энг ачинарлиси, ёш оналар болаларига алла ўрнига телефондан мусиқа қўйиб беришяпти. Бир яшар кичкинтой ҳам телефонга қараб овқат еяпти. Натижада болалар кўчада копток ўйнаш ўрнига ўтириб олиб, соатлаб телефон ўйнаяпти. Бу “касаллик” оиладаги ўзаро муомалани ўлдиради, меҳр-оқибатни йўқотади. Бунинг устига ўсиб келаётган авлоднинг онгига, кўз нурига, соғлиғига катта зарар етказади.
Энг ачинарлиси, ёшларнинг комьпютер ва телефонга қараб беҳуда ўтаётган вақтидир. Вақт – орқага қайтариб бўлмайдиган, йўқотилса қайтиб топилмайдиган бебаҳо неъматдир.
“Муҳаммад с.а.в. шундай марҳамат қиладилар: “Қулдан уч савол сўралмай туриб у бир одим ҳам отолмайди. Умрини нимага сарф этди-ю йўқ қилди, ёшлигини қандай ўтказди, мол-мулкини қаердан олиб, қандай харжлади?” дейилади Жалолиддин Румийнинг “Етти мажлис” китобида. Демак эртага қиёматда ҳар бир инсон қандай яшагани, давлатини қандай топгани ва сарфлаганидан ташқари ёшлигини қандай ўтказганлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб бериши керак экан.
Нега айнан ёшлик ҳақида алоҳида сўралаяпти? Чунки бу давр инсоннинг куч-қувватга тўлган, камолотга етаётган давридир. Ёшлик – инсон умрининг баҳори, деб бежиз айтилмайди. Ҳа, баҳорда яхши мева туккан дарахт кузда яхши ҳосил беради. Одамзод ҳам шундай. Ёшликда чуқур илм олиб, касб-ҳунар ўрганиб, ўз қаддини тиклаб олган инсон келажагига мустаҳкам пойдевор қўйган бўлади.
Ёшлик куч-ғайратини беҳуда ахборотларга, интернетларда тарқалаётган майда-чуйда олди-қочдилар, ўйинларга сарфлаётганлар бир кун келиб, албатта зое кетган умрларига ачиниб қоладилар. Ҳар бир ота-она фарзандларини болалигидан давримизнинг кенг тарқалаётган бу “касаллигидан” асраши, уларни телефон ва комьпютерга боғланиб қолмаслиги учун кундалик режимини фойдали машғулотлар, спорт турлари ва илму фан сирларини ўрганиш каби ишлар билан банд қилиши керак, деб ўйлайман.
Маҳбуба ХОЛОВА,
журналист.
