Бўлак бўлиб чиқиб кетишган овсинларининг йиғилишиб келишганлиги кенжа келин Умиданинг тунд чеҳрасини ёриштириб юборди. Уларни ошхона томон етаклади. Узун стол устида кун бўйи ёйилиб ётадиган қолдиқ егуликларни наридан-бери йиғиштирган бўлиб, овсинларини ўтиришга таклиф этди. Стол устига у-бу нарсалар қўйиб, термосдаги чойдан қуйиб узатди.
– Зап келибсизлар-да, – деди у стулга ўтираркан. – Жуда зерикиб, ичим пишиб ўтиргандим.
– Тинчликми? – сўради иккинчи овсини пиёладаги иссиқ чойни ҳўпларкан.
– Тинчлик бўлса кошкийди, – Умида чуқур уф тортди. – Қайнота-қайнонамнинг ўлимидан кейин Роҳатой тез-тез-келадиган бўлиб қолди.
Баҳонаси ҳам тайёр, ҳали тушига онаси кириб ўғлимдан хабар ол, деб тайинлармиш, ҳали отаси бир ҳолатдаги кийимда ҳомуш бўлиб турармиш. Шунга бирорта “ис” чиқариб юборамиз, деб келади. “Ис” чиқарадиган бўлсанг, уйингда чиқар, бировнинг уйига келиш шартмикан?, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. “Мен бунақа иримларга ишонмайман”, десам ҳам унамайди.
– Вой, ўргилай овсинжон, “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур”, деган нақлни эшитмаганмисиз, – сўзга қўшилди катта овсин. – Унинг нияти ота ҳовлисидан улуш олиш бўлса керак. Бўлмаса нега ҳуда-беҳудага келаверади.
– Жуда унчаликмасдир-ов, – Умиданинг юраги “шув” этиб кетди.
– Жуда унчалик-да, бўлмаса нимага келади…
Узоқ ғийбатлашиб, шомга яқин уйларига йўл олган овсинлари Умиданинг юрагига ана шундай ғулғула солиб кетишди. Умида кечқурун турмуш ўртоғи Носирга бу ҳақда гапирганди, у уришиб берди:
– Синглимнинг бизнинг эски ҳовлига қолган куни йўқ. – деди жаҳли чиқиб. – Ким айтган бўлса ҳам бекорларни айтибди. Синглим ўз ота ҳовлисига ота-онамни соғиниб келади, дуо ўқиб, руҳларини шод этиш учун келади. Иккинчи бунақа гапларингни эшитмай.
* * *
Турмуш ўртоғининг бу гаплари барибир Умиданинг юрагига ғулғула солган гумонларни тарқата олмади. Нима қилса қайнисинглисининг оёғи бу хонадондан узиларкан. Яхшиси рўйхуш бермаслик керак.
Умида шундай қилди ҳам. Қайнисинглиси келганида қовоқ-тумшуқ қилиб оладиган, болаларини бўлар-бўлмасга тергаб, уларга бақирадиган одат чиқарди. Келинойисидаги бу ўзгаришни Роҳатой сезмасдан қолмади. Бу кўнглига жуда қаттиқ ботса ҳам буни билдирмасликка ҳаракат қилар, дилидаги оғриқларни лабларидаги табассум ортига яширарди.
Шу тариқа йиллар ўтди. Роҳатойнинг ҳам сабри тошдан эмасди, охири бу хонадондан, тўғрироғи, ҳамиша чеҳраси тунд кеннойисидан кўнгли қолди. Шунда ҳам онда-сонда бўлса-да, ўзини мажбурлаб ота ҳовлисига келар ва юрак касалига чалинган акасидан хабар олиб кетарди.
* * *
Ўша куни кундузи бироз эриган қор тунги совуқда йўлларни, ҳовлиларни сирпанчиққа айлантириб юборганди. Нима бўлди-ю, Умида уйининг ёнидаги подвалга олиб тушадиган зиналар ёнига келганида сирпаниб кетиб, пастга думалади. Унинг ўнг оёғи аралаш бўксаси қаттиқ лат еганди. Гипслаб қўйишди.
Энди у диван кроватда тўрт ой уйининг шифтига термулиб ётишга маҳкум эди. Алоҳида парваришга муҳтож бўлгани учун беморга дастлаб унинг қари онаси қараб турди. Кейин кучи етмай қолди. Роҳатой уйидаги бор ишларини йиғиштириб, қайнагачисига қараш учун келди. Шунда ҳам Умиданинг дилидаги гумонлари тарқамади, унга Роҳатой бу ишни шу каттагина ота ҳовлининг ярмига эга бўлиш ниятида қилаётгандек туюлаверди…
Бу орада Умиданинг катта ўғли бирданига бетобланиб қолди. Аслида авваллари ҳам боланинг бир қорни, бир бели оғриб қолар, Умида буни унинг кўчада кўп югуриб ўйнаб, копток тепганига йўйиб, бунга бирорта касаллик сифатида эътибор қаратмаганди. Текширувлар боланинг буйрагида жиддий муаммолар борлигини кўрсатгач, Носир нима қилишини билмай бошини чангаллаб қолди.
– Боламизни шу даражага етгунигача қўйиб қўйдингми, – дея бор заҳрини шусиз ҳам тўшакда азобланиб ётган хотинига сочди. – У ер-бу ери оғрияпти, десанг бўлмасмиди.
– Мен қаёқдан билай, – Умида ҳўнграб йиғлаб юборди. – Шунчаки оғриқ, ўтиб кетар дебман…
* * *
Олдинда болани хорижга олиб бориб операция қилдириб келишдек мушкул иш турарди. Сабаби ҳамма нарса маблағга бориб тақаларди. Носир янги уй тиклаш учун йиққан-терганларини бир ерга тўплади. Булар қаёқданам етарди. Акаларига бош эгиб боргиси келмади. Сабаби кеннойиларидан барибир бир сўм чиқмаслигига кўзи етарди.
Шундай изтироблар ичида юрганида Аллоҳнинг ўзи унинг ишини ўнглади…
* * *
Шунча кундан бери қовоғидан қор ёғиб юрган эрининг бугун чеҳраси сал очилиб уйга келганлиги йиғлайверганидан қовоқлари шишиб кетган Умидани сергаклантирди.
– Пул тополдингизми, дадаси? – дея сўради қўрқа-писа.
– Топдим ҳам, ўғлингни касалхонадан тўппа-тўғри хорижга жўнатиб юбордим ҳам.
– Қанақасига? Ким билан кетди?
– Роҳатой билан. Неча йилдан бери кийим тикиб, ҳажга бораман деб пул йиғиб юрган экан, шуни берди. Фақат шугина эмас, битта буйрагини ҳам ўғлимизга бермоқчи.
Носир шундай дея ҳўнграб йиғлаб юборди.
Умиданинг боши чарҳпалакдек айланиб кетди. “Наҳотки… наҳотки…”, дея пичирларди азоблардан қуруқшаб қолган лаблари…
Жамила АРСЛОНОВА.
