Чеҳрасидан нур, кўзларидан меҳр ёғилиб турадиган, босиқлиқ билан, майин товушда гапирадиган Раъно опани 45 йилдан бери танийман. Унинг гап-сўзида ҳам, юриш-туришида ҳам ўзига бўлган ишонч, виқор уфуриб туради. Институтни битириб, шаҳарда бир йилча ишлагач, 1976 йилда туман юқумли касалликлар шифохонасига келгач, шу ерда “туп қўйиб, палак ёзди”, оддий шифокорликдан шифохона раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтди.
Бошқа касалликлар шифокорларининг ишидан фарқли ўлароқ, бу шифохонада ишловчи оддий фаррошдан тортиб шифокоргача ҳар қадамда хавф, яъни турли инфекциялар билан юзма-юз туришнинг ўзи бир матонат. Улардан касаллик юқтириб олмаслик учун эмланишлар ва бошқа чора-тадбирлардан ташқари санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ҳам талаб этилади. Озгина бепарволик ёки масъулиятни бир зум бўлса-да унутиш қимматга тушиши ҳеч гап эмас. Раъно опа шунча йиллар ичида ана шундай ҳушёрликни унутмади ва буни қўл остида ишловчиларга ҳам ўргатди.
Битта қойил қоладиган томоним, Раъно опа бирор нарсадан норози бўлса ёки кимнингдир ишидан қониқмаса, раҳбар сифатида ўз қўл остидагиларга айрим бошлиқларга ўхшаб бақириб-чақириб танбеҳ бермайди, уришмайди. “Барака топгур”, “Барака топгурлар”, деб овозини юқорилатмай гапиришининг ўзи кифоя. Бундан ҳамма ўзига тегишли хулоса чиқариб олади. Бақириб-чақирган гапни оҳисталик билан ҳам тушунтириш мумкин, деб ҳисоблайди у. Бу ҳам бўлса раҳбарнинг инсонийлик фазилатларининг бир кўриниши бўлса ажабмас.
Ҳар сафар Раъно опа билан суҳбатлашганимда ундан ўзимга нималарнидир “кашф” этиб оламан. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
– Раъно опа, тиббий хизматдан норози бўладиган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларга нима деган бўлардингиз?
– Тўғри айтдингиз, беш қўл баравар эмас. Хизматимиздан мамнун бўлиб, чин кўнгилдан раҳмат айтаётганларни кўриб, шу касбни танлаганимга шукроналар айтаман. Лекин шундай одамлар борки, фарзанди ёки невараси касал бўлиб қолса, аввал уйида ўзича даволамоқчи бўлади, уч-тўрт кун ўтгач, кинначига югуради. Охири бола оғир аҳволга тушиб қолганида шифохонамизга олиб келишади. Жонлантириш бўлимида уни ҳаётга қайтариш учун ҳазилакам ҳаракат кетмайди. Шунда ҳам бола бирдан ўзига келмайди, бу жараён секинлик билан бўлади. Орадан бир кун ўтадими-йўқми, боланинг уйидагилар хизматимиздан қониқмай, бошқа шифохонага олиб кетиш ҳаракатига тушади. Айримлари олиб кетади ҳам. Хусусий шифохонага олиб бориб, кейин яна бизга олиб келганлар ҳам бўлади. Боласи оғир аҳволда бўлганларга бир нарсани тушунтиришга ҳаракат қиламан. Таомга ҳам аввал ёғ. кейин пиёз, гўшт… хуллас, масаллиқлар кетма-кетликда солинади ва шундан кейин у мазали бўлиб пишади. Одам организми ҳам шундай. Унга бирваракайига кўплаб ва кучли дориларни бериб бўлмайди. Бу гапимизни қулоққа олиб, тузалиб, раҳмат деб кетганлар қанча…
– 2019 йилда келганимизда шифохона таъмирланаётганди. Қаранг-а, қандай яхши шароитлар яратилибди. Хоналар шинам, ёруғ, иссиқ, ҳаммаёқ топ-тоза.
– Шароитларимиз яхши. 90 ўринли шифохонамизда болалар, катталар, реанимация бўлимлари бор. Касалликларнинг турига қараб, уни бошқаларга юқтирмаслик учун қизамиқ, сариқ, шамоллаш каби қатор касалликларнинг турларига қараб алоҳида иккита қабулхона очганмиз. Қизамиқ, тепки, қизилча каби касалликлар учун алоҳида хоналар ташкил этилган.
– Ҳозирда қайси касалликлар кўп учраяпти?
– Асосан шамоллаш билан боғлиқ касалликлар. Бунга сабаб ҳавонинг бир совиб, бир исиб кетиши. Йил охирида бўлиб ўтган совуқда касалликлар кескин камайди, ҳаттоки хоналаримиз бўшаб қолди. Совуқ ҳаво инфекцияларни йўқ қилди. Инфекциялар асосан 8-10 даража илиқ ҳавода кўпаяди.
Ўтган йил охирлари ва бу йил бошларидаги илиқ ҳаво касалликни кўпайтирди, беморлар учун ўринлар етмай қолди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман. Совуқ ҳаводан асло қўрқманг. Болани ўраб-чирмаб, иссиқ уйда кун бўйи олиб ўтириш керакмас. Бироз тоза ҳавода айлантириш уни чиниқтиради.
– Бир пайтлар сариқ касали кўп бўларди…
– Тўғри, чунки у пайтларда болалар гепатитга қарши эмланмасди. Кейинчалик бу касалликнинг олдини олиш учун эмлаш ишлари йўлга қўйилди. Бу эса ўзининг кутилган натижасини берди. Лекин минг афсуски, одамлар орасида боласини боғча ёки мактабга бераётганида эмлатмайдиганлар ҳам бор. Зарар деб ўйлайдими… Зарар бўлса, эмлаш ишлари олиб борилмасди. Коронавирус пандемиясидан олдин сариқ касалига учраш ҳолатлари деярли учрамасди. Сабаби эмлаш ишларига эътибор берилган. Карантин пайтида икки йилдан бери бу иш амалга оширилмаётганлиги натижасида касаллик яна бош кўтарди.
– Болаларнинг турли юқумли касалликларга чалинишининг сабаблари нимада?
– Ўтган йили шифохонамизда 5 минг 400 бемор даволанди. Бизга фарзандини олиб келаётган 70 фоиз оналарнинг баҳонаси битта:”Фарзандимга қайнонам палон-палон нарсаларни бериб қўйибди…” Аслида эса айбдор қайнона эмас, онанинг ўзи. Айниқса, 1 ёшгача бўлган бола касал бўлса, бу онадан деб ҳисоблайман. Чунки бу ёшдаги бола турли нарсаларни олиб оғзига сололмайди. У онанинг парваришига муҳтож.
Масалан, она боланинг таглигини алмаштиради ва қўлини ювмасданоқ боласини озиқлаштиришга киришади ёки ерга тушган сўрғични қўли билан ишқалаб ёки кийимига артиб боланинг оғзига солади, бола парваришида санитария-гигиена қоидаларига риоя этмайди. Мен боланинг таглигига ҳам қаршиман. Уни онда-сонда ишлатса бўлади. Лекин оналар тагликни фарзанди икки ёш бўлса ҳам куну тун ишлатади. Бепуштлик ана шундан келиб чиқишини унутмаслик керак.
– Беморларнинг даволанишлари учун дори-дармонлар етарлими?
– Декабрь ойининг охирида туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан 77 миллион сўмлик зарурий дори-дармонлар берилди. Беморларга қуйиладиган суюқликларни ўзимизнинг ички дорихонамизда тайёрлаймиз. Карантин пайтида туман ҳокимлиги томонидан электр генератор берилди. Натижада электр билан боғлиқ муаммолар юзага келмаяпти.
Ҳозирда шифонамиздаги таҳлиллар билан боғлиқ шароитларимизни янада яхшилаш ҳаракатидамиз. 14 нафар шифокор (уларнинг 10 нафари олий тоифали), 100 нафар ҳамшираларимиз (уларнинг 62 нафари тоифага эга) куну тун беморлар бошида парвона. Ниятимиз, ҳеч ким касал бўлмасин, агар кимдир касалликка чалинса ҳам, тезда тузалиб кетсин. Бунинг учун биз барча имкониятларимизни ишга соламиз.
Жамила АРСЛОНОВА
суҳбатлашди.
