Маънавиятга китоб орқали йўл

Маънавиятга китоб орқали йўл

Янги бир даврда Янги Ўзбекистоннинг янги мактаби яратиляпти, десак асло муболаға бўлмайди. Бугун ўқувчи ҳам китобхон, ҳам билимдон, хорижий тилларни ўзлаштираётган билим эгасига айланди.

Айтиш жоизки, янги давр мактаб­ларга янги руҳ ва янги имкониятлар эшигини очди. Жумладан, Президентимиз томонидан илгари сурилган “5 та муҳим ташаббус” доирасида мактабимиз ўқувчилари мусиқа ва рассомчилик сирларини ўрганишларидан ташқари, рус, инглиз тилларидан ҳам мукаммал билим олишяпти. Шунинг­дек, жисмоний тарбия йўналишида ташкил этилган волейбол, баскетбол, футбол, шахмат-шашка, бокс, муай-тай, кураш каби тўгаракларда чиниқаётган ёшларимиз спорт мусобақаларида фахрли ўринларни қўлга киритиб келишяпти.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига Мурожаатномасида ҳам мактабларда таълим сифати тубдан оширилиши ҳамда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши ҳақида айтиб ўтдилар. Ва яна шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2023 йил юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани келгуси йилда ҳам таълимдаги ислоҳотларимиз жадаллашишидан далолатдир.

Мактабимиздаги 1099 нафар ўқувчига 64 нафар педагог замонавий ўқув методлари асосида таълим ва тарбия бермоқда. Бугун юртимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланди. Бунда нафақат ўқитувчи, ўқувчи, балки ота-она, маҳалла, Ички ишлар ходимлари, қолаверса, ҳокимликлар билан ҳамкорликда иш олиб борилса, мактабларимиз иши умуммиллий ҳаракатга айланади. Шунга кўра мактабимизда ўқувчиларимиз орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар ходимлари томонидан психолог инспектор бириктирилган. У ўқувчиларимиз ва ота-оналар билан ишлашда бизга яқиндан кўмак беряпти. Бу ўз навбатида ўқувчиларимиз орасида мазкур ҳолатларнинг олдини олишда ўз натижаларини кўрсатяпти.

Мен педагог сифатида айтишим керакки, бугун ёшларимизни китобхонлик орқали келажакда билимли бўлиб воя­га етишларига эришамиз. Мен, аввало, болалардан биринчи бўлиб қайси китобни ўқиганлигини ва шу ўринда эртак китобларни ўқиганлиги ҳақида ҳам сўрайман. Чунки, “Эртаклар яхшиликка етаклар”, дейилади. Биз эртакларни жуда оддий тушунишимиз мумкин, лекин эртакдаги фалсафий маънолар ёки мажозий образлар инсоннинг хислатлари, хусусиятларини очиб беради. Эртак ўқимаган бола бош­қа китоблардаги мазмун-моҳиятни чақа олмайди. Ўқувчиларга ўзбек халқ эртакларини ўқишдан ташқари бошқа халқларнинг ҳам эртакларини ўқишларини тавсия этаман.

Шу ўринда эртаклар аслида ҳақиқат, десак ҳам бўлади. Эртак ўқиган болалар катта бўлгани сари албатта, яхши ва ёмонни ажрата билади. Бош­қа халқларнинг эртакларини ўқиган маҳал бошқа халқларнинг китобларини ўқишга ҳам қизиқиши ортади. Мен ўқувчиларимизга ҳар сафар Иккинчи Ренессанс даври китобларини, яъни Маҳмуд Қош­ғарийнинг “Девони луғотит турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳиббатул ҳақойиқ”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ҳамда Кайковуснинг “Қобуснома” асарларини ҳам ўқишларини тавсия этаман. Шу билан бирга ёш китобхонларга Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, “Ўтган кунлар” асарларини ва бошқа адибларимизнинг ҳам бадиий асарларини ўқиш­лари кераклиги ҳақида гапираман.

Зеро, маънавият сарчашмаси илмдир, китоб ўқиган ёшларнинг сўз бойлиги ортади, дунёқараши, характерида ватанпарварлик, инсонийлик, садоқат, ҳалоллик, поклик, катталарга ҳурмат каби фазилатлар шаклланиб, сайқал топади.

Қаноат ТУРОБОВА.
19-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари