Бўрилар

Бўрилар

– Бўрилар уй ҳайвонлари ва одамларга ҳам ҳужум қиладиган ваҳший ҳайвон экан, уларни қириб ташласа бўлмайдими? – деб қолди бир куни 4-синфда ўқийдиган неварам.

– Бўлмайди, – дедим, – у ҳам табиатнинг бир бўлаги. У нимжон, касалманд бўлиб қолган ҳайвонларга ҳужум қилиб, табиатни улардан тозалайди. Шунинг учун ҳам бўрини “ўрмон санитари” дейишади. Агар ўрмонда қушлар ва ҳайвонлар кўпайиб кетса, уларга озуқа етмай, оч қолади, нимжон, касалманд бўлиб вояга етади. Бўри уларнинг сонини камайтиришга хизмат қилгани учун ҳам “қоровул чўпон” номини олган. Яхшиси, мана бу китобни ўқиб чиқ.

Неварамнинг қўлига шахсий кутубхонамдаги “У ким, бу нима?” деб номланган болалар энциклопедиясини тутдим.

Неварамнинг саволи баҳона, хаёлим бўриларга кетди.

Яқинда интернетда бўрилар ҳақида қизиқарли фактларни ўқигандим. Бўрилар ҳеч қачон ўз оиласига ҳиёнат қилмас, бутун умр ўз жуфти билан яшаркан (айрим одамлар бундан ўрнак олса арзиркан). Улардан бири ўлса, шериги аза тутар, гоҳо бу айрилиқ ўз жонига қасд қилишгача бориб етаркан. Яна эътиборли жиҳати шундаки, бўрилар кекса ота-оналарини ташлаб қўймай, уларга то ўлгунига қадар ғамхўрлик қиларкан.

Бундан 45 йилларча муқаддам Россияда чиқадиган журналлардан бирида шу ҳақда ўқигандим. Ўрмон четида кетаётган отнинг олдидан чиқиб қолган бўриларнинг биттаси унинг олдига ўтиб, чалғитиб туради. Қолганлари орқадан ва ёндан ҳужум қилиб, отни йиқитишади. Қоринлари тўйгач, уларнинг биттаси шу ерда қолади, қолганлари ўрмонга кириб кетишади. Орадан бирмунча вақт ўтгач, қайтиб келишади. Икки бўри узунроқ ёғочнинг икки учидан тишлаб олишган, ёғочга эса катта бир қари бўри олд оёқларини ташлаганча, осилиб олганди. У бўрининг орқа оёқлари шол бўлиб қолган экан. Ногирон бўри от гўштидан тўйганича егач, кейин уни яна шу таҳлит ўрмонга олиб кетишади. Ўша шол бўри балки уларнинг биттасининг отаси бўлгандир. Мана, сизга бўриларнинг оқибати.

Раҳим ака яна бир қизиқ воқеани айтиб берганлар.

– Биз бундан 47 йил аввал йигитлик бурчимизни Қозоғистонда ўтаганмиз, – дея ҳикоя қилиб бердилар. – Биз аскарларга ойнинг маълум кунларида дам олишимизга рухсат беришарди. У кунни кимдир китоб ўқиш, кимдир бозор айланиб келиш, кимдир ётиб дам олишга сарфларди. Биз, уч-тўрт нафар йигитларни эса ҳарбий қисмимиздан 10-12 чақирим узоқликда бўлган қишлоқда яшовчи бир таниш йигит уйига таклиф қилганди. Қалин қор ёққан. Оёғимизда чанғи. Россиянинг қорли ўлкаларида туғилиб ўсган шерик­ларимнинг бу борадаги уқувлари анча яхши экан. Менинг эса оёқларимнинг бири у ёққа, иккинчиси бошқа ёққа тортиб кетади. Шерикларимнинг анча тушунча беришларидан сўнг учишни бироз ўрганиб олдим. Қиш­лоққа етиб борганимизда кимнингдир туғилган куни бўлаётган экан, кўчага қўйилган магнитафондан шўх қўшиқ янграётган, барча ёш-яланглар берилиб рақсга тушаётган экан. Биз ҳам уларга қўшилиб, роса яйрадик.

Ўйин-кулгу билан бўлиб вақт қандай ўтганлигини ҳам сезмай қолибмиз. Ортимизга қайтиш учун қўзғалганимизда қош қорайиб қолганди. Ҳарбий қисмга вақтида етиб бормасак, балога қолишимиз аниқ. Менинг “атак-чечак” юришимда вақтида етиб бориш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас. Шунда танишим яқин йўл борлигини, лекин бу бироз хавфли эканлигини, сабаби бўрилар изғиб юришини айтди.

Қони қайноқ йигитлар эмас­мизми, бундан асло қўрқмаслигимизни айтиб, ўша яқин йўлни танладик.

Ҳали йўлнинг учдан бирини ҳам босиб ўтмаган эдик, орқамиздан кимдир таъқиб этаётгандек туюлаверди. Ўгирилиб қараб, анча нарида кўзлари чўғдек ёниб, отни ҳам бир зарбада ағдаришга қодир бўлган икки бақувват бўрига кўзимиз тушиб, юрагимиз “шув” этиб кетди. “Ўлдик энди, шу йўлдан юрмасак бўларкан”, деган ўй ўтди ҳар биримизнинг дилимиздан. “Энди нима қиламиз?” дегандек бир-биримизга қарадик. “Аста-секин кетаверамиз, чунки югурсак югуриб, етиб олади. – деди шерикларимдан бири. – Таваккал, қани кўрайлик-чи…”.

Секин йўлга тушдик. Қизиғи шундаки, биз юрсак, бўрилар ҳам юрар, тўхтасак тўхтарди. Шу тариқа ярим чақиримча юрдик. Одимлари бизникидан кўра “баракали” эканми, бўрилар энди анча яқин келиб қолишганди.

Тўхтадик. Улар ҳам тўхташди. Лаҳча чўғга айланган икки жуфт кўз бизнинг энди қандай йўл тутишимизни билмоқчи бўлгандек, синчковлик билан боқарди.

– Олдимизда битта йўл бор, – деди Россия ўрмонлари ёнида вояга етгани учунми, бўрилар борасида биздан кўра тажрибаси кўпроқ бўлган Вася исмли йигит, – чанғида қочамиз. Бўриларнинг қорни тўқ шекилли, оч бўлишса аллақачон ҳужумга ўтган бўлишарди. Бу, бизнинг фойдамизга. Қани, чалғиларни биз кўздан кечириб, у ер-бу ерини маҳкамлаб олайлик.

Менинг юрагим ортимга тортиб кетди. Ахир чанғида учишни деярли билмайман. Шерикларим буни англашди шекилли, далда беришди: “Олдинда учасан, агар жуда ўхшамай, бўрилар ҳужумга ўтса, биз ҳам жавоб қайтарамиз…”

Шундай қилиб, барчамиз бир пайтда чанғиларни ишга солдик. Жон ширин бўларкан, ўша пайт­да ўзимдаги очилмаган қирраларимдан бири очилиб, чанғини шунақанги учирдимки, қисмимизга шерикларимдан аввал етиб келганимни ҳам сезмай қолдим. Аскар йигитлар анча вақт буни аския қилиб юришди…

Бўрилар ҳақида бундай қизиқарли воқеаларни кўп эшитганман. Табиатда ҳеч бир жонзод, ўсимлик, ер-у осмон бежизга яратилмаган. Уларнинг бир зарарли томонлари бўлса, бир фойдали хусусиятлари мавжуд. Шундай экан, она табиат, ундаги барча нарсаларни эъзозлашимиз, қад­рига етишимиз керак. Табиатнинг мувозанатини сақлаш, ер юзидаги ҳаётнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жамила АРСЛОНОВА.