Кумуш қишнинг кутилган қорлари. Унинг қувонч ва ташвишлари

Кумуш қишнинг кутилган қорлари. Унинг  қувонч  ва  ташвишлари

Қиш ўз номи билан қиш. Унинг она заминга малҳам бўлиб сингадиган қорлари, шамоллаш билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқарувчи инфекцияларга қарши курашувчи хусусияти, изғирину қаҳратони ва ўз навбатида ташвишлари ҳам бор. Нима бўлганда ҳам бу фасл ўз вазифасини бажаради. Лекин неча йилдирки, бундай қорлару совуқлардан бебаҳра эдик ва бундай яшашга ўрганиб қолгандек эдик. Мана, энди бу йилги қиш барча хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари мутасаддиларининг куз-қиш мавсумига қай даражада тайёргарлик кўрганлигини имтиҳон қилмоқда.

10 январь куни эрта тонгда уйғондигу тунда майдалаб ёға бошлаган қорнинг борлиқни оппоқ кўрпаси билан ўраб олганлигининг гувоҳи бўлдик. Тўғри, бундай ҳавога олдиндан тайёргарлик кўрилиб, боғча тарбияланувчилари ва ўқувчиларга таътил берилди. Лекин ишга борувчилар-чи?

Шуни ўйлаб кўчага чиқасиз. Асосий кўчалар қордан тозаланган. Демак, йўлсозлардан тортиб туман Ободонлаштириш бош­қармаси ходимларигача эрталабки ширин уйқудан воз кечиб, ўз ишларини бажаришга киришишган. Транспортлар доимгидек ҳаракатда.

Бундай пайтда туман электр таъминоти бўлими ходимлари уйларимизнинг ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам чароғон бўлиб туришини таъминлаш мақсадида масъулиятни доимгидан ҳам оширишган. Улар ўз иш жойларида куну тун ҳушёр туришибди.

“Зангиотатумангазтаъминот” газ таъминоти бўлимидан берилган хабарларга кўра, аҳолига табиий газ бир меъёрда узатилмоқда. Газ босими паст бўлган хонадонлардаги мавжуд 300 та суюлтирилган газ балонлари сони яна 250 тага ошди. Бу борада заҳира етарли.

Аҳолига хизмат кўрсатадиган бош­қа барча соҳа ходимлари ҳам доимгидек иш жойларида.

Қор ёғаяпти… Кексаларнинг таъбири билан айтганда, барака ёғаяпти. У тупроғимизга қут-барака бўлиб сингсин.

Ж.АРСЛОНОВА.