Ўтган Рамазон ҳайитини баланд руҳ билан нишонлаган туманимиз аҳли шанба кунидан бошлаб яна ўз ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини давом эттира бошлашди. Далаларда баҳорги юмушлар қизигандан-қизияпти, иссиқхоналарга экилган ҳосилнинг айримлари пишиб етилиб, эл дастурхонига тортиқ қилинмоқда, томорқаларнинг бўш жойлари экин экишга тайёрланмоқда, маҳаллага файз киритиш мақсадида одамлар уйларининг олдига гул кўчатлари экишни бошлаб юборишган. Шу баробаринда, баҳор байрами маросимлари ҳам давом эттирилиб, қатор маҳаллаларда такрор ва такрор ҳалим, сумалаклар тайёрланиб, ёши улуғларнинг кўнгли олинмоқда, болажонларга баҳор кайфияти улашилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга эса доимгидек ҳомийларнинг совғалари кириб бормоқда.

Бу йилги “Яшил макон” аввалгиларидан кўра кўпроқ “ўзини кўрсатди”. Сабаби туманнинг барча ҳудудларидаги бўш майдонларга мевали ва манзаралари дарахт кўчатлари экиш билан бир қаторда доимгидан ҳам кўпроқ терак кўчатлари ва қаламчалари экилди. Жумладан, бир куннинг ўзида “Гулзор” маҳалласида 400 та, “Улуғбек” маҳалласида 1000 та, “Маданият” маҳалласида 1000 та терак қаламчалари ва 400 туп олча қаламчалари, “Алимбува” маҳалласидаги “Акмала” қабристони четларига 500 тупдан зиёд терак кўчатлари экилди. Шунингдек, тумандаги мактаб ва мактабгача таълим бўлимидаги бўш жойларга ҳам терак қаламчаларини экиш ишлари амалга оширилди. Мевали ва манзарали дарахт ҳамда терак кўчатлари ва қаламчаларини экиш ишлари тумандаги барча ҳудудларда уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Маълумот ўрнида: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумида туманимиз бўйича 480 минг 500 туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунгача 495 мингта кўчат экилди.
Жамила АРСЛОНОВА.
