“Ташаббусли бюджет”: 1-мавсум ғолиблари аниқланди

“Ташаббусли бюджет”: 1-мавсум ғолиблари аниқланди

Маълумки, мамлакатимизда “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги илк мавсумига 1 февралдан старт берилган эди. Лойиҳаларни саралаш эса 21 февралдан 11 мартга қадар давом этди. Шунингдек, Овоз бериш жараёни 12-31 март саналари давомида ўтказилди. “Open Budget” порталида “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йил 1-мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Хабарда айтилишича, республика бўйлаб жами 2 минг 770 та лойиҳа ғолиб, деб топилган. Эндиликда уларни молиялаштиришга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3,3 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Овоз бериш жараёнларида мамлакатимиз бўйлаб 11,7 миллион нафар киши фаол иштирок этди. Эслатиб ўтамиз, “Очиқ бюджет” порталида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳалари бўйича овоз бериш босқичи 13 мартдан 4 апрелгача (орада 3 кун танаффус билан) давом этди. Портал маълумотларига кўра, 9 минг 443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 минг 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 минг 919 таси маъқулланган. Ҳар бир билдирилган таклиф учун овоз бериш жараёни давомида фуқаролар томонидан овоз берилиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича энг кўп овоз тўплаган таклифлар тизим томонидан автоматик тарзда ғолиб, деб топилди.

Бундан ташқари, ушбу мавсумдан бошлаб овоз бериш жараёнига “Бир фуқаро, бир овоз” тамойили жорий этилди. Мақсад – овоз йиғиш учун оммавий равишда SIM-карта харид қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишдир. – “Ташаббусли бюджет”- нинг 1-мавсумидаги 1-босқичда туманимиздан турли йўналишларда жами 122 та ташаббус рўйхатга олинди, – дейди Зангиота тумани Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва бюджет ташкилотларини молиявий таъминлаш шўъбаси бош мутахассиси Баҳодир Раҳимжонов. – Шуни таъкидлаш мумкинки, жорий йилда туманимизда жамоатчилик фикрини билиш учун “Опен бюджет” ахборот порталида қулай имконият яратилганлиги, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида ишчи гуруҳлари комиссияси тузилиб, фаол иш олиб борди. Жамоатчилик асосида шакллантириладиган бир қатор мезонлар асосида танлаб олинди. Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 февралидан 22 февралига қадар бўлган даврда туманимиз фуқаролари томонидан жами 96 миллиард 850,4 миллион сўмлик 122 та таклиф киритилди.

Ушбу таклифлар ишчи комиссия аъзолари томонидан белгиланган Низом талаблари асосида кўриб чиқилиб, тегишли хулоса берилди. Ушбу хулосага асосан, 122 та таклифдан 34 таси, шундан 17 таси таклиф такрорий эканлиги, 5 та таклиф базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиб кетиши, 1 та таклиф белгиланган талабларга зид келиши сабабли рад этилди. Шунингдек, 88 та таклиф масъуллар томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ушбу танлаб олинган таклифлар жамоатчилик ўртасида овоз бериш жараёнига йўналтирилди. Маълумки, жорий йилнинг 16 мартидан 4 апрелига қадар овоз бериш жараёни бўлиб ўтди. Ушбу жараёнда туманимизда ҳам фуқароларимиз фаол иштирок этишди. Танловда 15 та истиқболли лойиҳа якуний натижаларга кўра, кўп овоз тўплаган таклифларга асосан “Зарафшон”, “Қаҳрамон”, “М.Хоразмий” “Мевазор”, “Деҳқонобод” “Тариқ тешар”, “Ҳаракат”, “Боғишамол”, “Эркин” ҳамда “Аччисой” маҳаллалари ҳудудларидаги жами 17 минг 644 метр, яъни, 70 минг 576 кв.м. ҳажмдаги ички йўллар, пиёдалар йўлакчалари асфальт қилинади. “Обод тўқимачи” маҳалласидаги “Тўқимачи олтин боғи” кўчаси табиий газ билан таъминланади.

Умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий техника базасини ривожлантириш бўйича 33-умумтаълим мактаби ўқув биносининг том қисми янгиланади, 20-умумтаълим мактаби ҳудудининг 498 метр узунликдаги чегараси тўлиқ ўралади ҳамда 3 та кириш қисмига янги дарвозалар ўрнатилади. Шунингдек, 11-мактабгача таълим ташкилоти ҳудудининг ички ва ташқи томонлари таъмирланади. Болалар майдончаси ва бискеткалар қурилади ҳамда боғча ҳовли йўлаклари асфальтланади. Булардан ташқари, “Эски қалъа” ҳудудида жойлашган 6 та эскирган трансформаторларни янги замонавий трансформаторга алмаштириш ишлари амалга оширилади. Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, унда кенг кўламли тадбирлар белгиланган. Жумладан, ушбу трансформаторлардан “Эски қалъа” ва “Сортепа” ҳудудларидаги 1000 дан ортиқ хонадон узлуксиз электр токи билан таъминланади. Ушбу трансформаторларга келадиган асосий линиялар таъмирланиб, эскирган симёғочлар алмаштирилади. Айрим асосий кўчалар тунги ёритиш чироқлари билан таъминланади. Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, ушбу лойиҳалар учун туман бюджети ҳисобидан жами 17 миллиард 696 миллион 600 минг сўм маблағ йўналтирилади.

Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.