Холис яхшилик қилганмисиз?

Холис яхшилик қилганмисиз?

Яхшилик, хайр-саховат азалдан танти халқимизнинг эзгу амалларидан саналади. Бироқ эзгу ишлар қилишга ҳамма ҳам қодирми? Кейинги вақтларда мол-дунё кетидан қувиб, холис яхшилик қилишни унутиб қўймаяпмизми? – Уй-жой қуриш кишидан катта куч ва маблағ талаб этаркан. Ночор қолиб, опамдан қарз сўрасам, кўзини лўқ қилиб: “Пулим йўқ”, – деди. Унинг яшаш шароитини билмасам, бунча хафа бўлмасдим. Тўртта уйи, беш-олтита савдо дўкони, бир нечта машинаси бор. Муҳтожлигимни билиб туриб, ёрдам қилиш у ёқда турсин озгина қарз бермади-я. Опам бойиб, юраги тошга айланибди.., – деди бир дугонам эзилиб. Опасининг шунча моддий бойлик тўплаб, озгина маънавий бойлик ҳам тўплашга қизиқмагани, бегонага эмас, ҳатто, ўз жигарига ҳам яхшилик қилишни билмаганига ачинади киши. Бу борада “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, Ўзбекистон Қаҳрамони Алланиёз Ўтениёзовнинг ҳотамтойлигига қойил қолади киши. Бу олижаноб инсон ёзги таътил вақтларида қирқта камхарж оилага ўз кучи билан бепул бошпана қуриб берибди. Унинг ўз кучи ва маблағи билан битта ўрта мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт пункти бунёд этганини матбуотдан ўқиб, ҳатто, Алла Пугачёва ҳам “Ғалваларга тўлиб-тошган бу дунёда Сиздек инсон борлиги учун ҳам худойимдан миннатдормиз”, дея мактуб йўллаганди. Албатта, бу ишларни қилишни ундан ҳеч ким сўраган эмас.

Бу саховатидан аввало ўз қалби қувончга тўлган. Чунки “Остинги қўлдан устинги қўл афзалдир” дейилган ҳадис бежиз эмас. “Устинги қўл” – албатта ҳадя бераётган қўл. Инсон эҳсон бераётганда албатта юқори даражада туради-да. Хайрсаховат инсонни юксакликка кўтаради. Инсон маблағини муҳтожга берган билан даромади асло камайиб қолмайди. Қайтага Яратган унга ортиғи билан ажр-мукофотини беради. Бундай саховатпешалар жуда кўп. Бир йигитни биламан, чет элда ишлаб, мусофирчилик азобларини тортиб тўплаган маблағига опасига уй олиб берди. Қарз берган одам жуда кўп савобга дохил бўлар экан. Лекин қарз олган одам ҳам лафзида туриб, уни вақтида қайтаришга шошилиши керак. Айримлар қарзни олишади-ю, кейин қайтиб беришни орқага суриб, иложи борича қарз берган одамдан қочиб юришади. Мабодо ўша одам ўзига зарур бўлиб, берган пулини қайтаришни сўраса ҳафа ҳам бўлишади. “Шунга қараб қолгандай уялмай пулини сўради-я. Ҳа, бераман-да бир кун… Намунча шоширмаса…“ деб гина қилиб, хоҳлаганларини еб, энг қиммат кийимларни кийиб юраверишади. Ҳатто безовта қилмасин, деб телефон рақамларини ўзгартирадиганлар ҳам бор… Шу ўринда ажойиб бир ҳикматли воқеани эслатмоқчиман. Бир тадбиркор йигит таниши қарз сўраб келганда сўраган миқдорида пул берибди. Қайтариш муддатига келганда қарздор қочиб қолибди. Тадбиркор унинг орқасидан “Қўлим билан бериб, оёғим билан югуриб юрар эканман-да, энди” дея анча вақт овора бўлиб юрибди. Ниҳоят орадан анча вақт ўтиб, жонига текканидан кейин қозига шикоят қилибди. Иккаласи қозининг ҳузурига боришибди. – Бу одамдан қарз олганмисан? – деб сўрабди қози. – Олганман, – дея тан олибди у киши. – Лекин ҳозир пулим йўқ, беролмайман.

– Икковинг ҳам нариги хонага кириб кутиб туринглар, – дебди қози. У қарздорнинг пўрим кийинганига, қимматбаҳо от миниб келганига эътибор берган экан. Ходимларидан бирига қарздорнинг отини бозорга олиб чиқиб, сотиб келишни буюрибди. Отни сотиб келишгач қарз берган кишига пулни бериб, қарздорга қараб: “Сен аввал қарзингни уз, кейин гердайиб от минсанг ярашади”, – деган экан. Ҳадисларда “Яхшиликнинг кичкинасини ҳам кичик демай қилавер. Агарчи челагингдаги сувни сув олмоқчи бўлган кишининг челагига қуйиб бериш билан ёки биродарингга очиқ чеҳра билан юзланишинг билан бўлса ҳам яхшилик қил” дейилади. Ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг арзон нарса меҳрдир. Баъзан касал бўлиб қолган жон-жигаримиз ё танишларимиздан бир оғиз ширин калом билан ҳол сўрашга вақт тополмаймиз. Баъзан қийналиб турган танишларимизни кўриб, кўрмаганга оламиз. Бировга озгина яхшилик қилсак миннат қиламиз. Аслида ўша яхшиликни бировга эмас ўзимизга қилган бўламиз. Чунки қилган яхшилигимизнинг албатта мукофоти бор. Бундан ташқари меҳрли, саховатли одамлар эл ўртасида қадр топадилар. Шундай экан, ҳамиша қалбларимизни меҳр-саховат нури билан ёритсин илоҳим.

Маҳбуба ХОЛОВА.