Дунёдаги ҳар бир миллатнинг ўзига хос бўлган либоси ва айни чоқда бош кийими ҳам мавжуд. Ўзбекларнинг асрдан-асрлар кўчиб келаётган миллий кийими атлас, адрас-у, бош кийими дўппидир. Қайси юртга борманг, бошқа халқлар сизнинг бошингиздаги дўппидан ўзбек эканлигингизни билиб олишининг боиси ҳам шунда. Дўппи юртимизнинг турли вилоятларида ўзига хос услуб ва кўринишда тайёрланади. Унинг безакларида аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатлари, маҳаллий анъаналар ва табиат уйғунлиги ўз аксини топади. Маълумотларга қараганда, дўппининг 1000 га яқин турлари бор экан. Улар ташқи кўринишига қараб гилам, ироқи, чуст, духоба, қалампир, зар… дўппи деб аталади.
Ўтган чоршанба куни Занги ота зиёратгоҳида бўлиб ўтган дўппи фестивалида иштирок этган одам бор-ки, ўзбек дўппиларида намоён бўлган бетакрор мўъжизаларни завқланиб томоша қилишди. Фестивалга республикамизнинг 12 та вилоятидан келган ҳунармандлар ўзлари тиккан дўппиларни намойиш этишди. Шу куни қишлоқ аҳли, туманнинг узоқ-яқинидан келган фуқаролар, меҳмонлар дўппиларни нафақат томоша қилдилар, балки ўзлари ёқтирганларини харид ҳам қилишди.
Ўз мухбиримиз.
