Яна икки кундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиб, барчамиз Ватанимиз келажаги учун овоз берамиз. Сўз – тумандошларимизга:
Моҳир ҲАЛИМОВ, ўқитувчи:
– Сайлов – фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим воситаларидан биридир. Бугун буни барча фуқароларимиз чукур ҳис этмоқда. Чунки бизнинг эртанги кунимиз кўп жиҳатдан мазкур сайлов натижаларига чамбарчас боғлиқдир. Эркин ва демократик ҳамда тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ўтказилаётган ушбу сайловлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир тимсолига айланди.
Ўйлаймизки, эртанги кунига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон ушбу сайлов жараёнларида фаол иштирок этади ҳамда ўзининг мустақил танловини амалга оширади. Барчани сайловда фаол иштирок этиб, ўзлари танлаган номзод учун овоз беришга чақирамиз.
Зилола АМИРОВА, талаба:
– Инсоннинг ҳаётда қандай ютуқларга эришиши аввало ўзига боғлиқ. Менинг мақсадим – эртанги кунда ўзим танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиш орқали юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишдир. Бунинг учун эса мен сайловда ўз овозим билан иштирок этишим ҳам керак.
Бу йилги Президент сайловида илк бора қатнашаман. Бу менга жуда қизиқ ва ҳаяжонлидир. Шунинг учун ҳам мен овоз берадиган сайлов участкасига бориб, тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишдим. Бу эса қалбимдаги фахрланиш туйғуларини янада кучайтирди.
Матбуот, оммавий ахборот воситалари, интернет орқали Президентликка номзодлар ва уларнинг дастурлари билан танишдим ва кимга овоз беришимни дилимга тугиб қўйдим. Сайлов куни биринчилардан бўлиб овоз бераман ва тенгдошларимни ҳам бу муҳим жараёнда фаол иштирок этишга чорлайман.
Рамзиддин УМАРОВ, пенсионер:
– Сайловга тайёргарлик жараёнларини интернет, матбуот, телевидение орқали кузатиб бордим. Сайловолди ташвиқоти қизғин суръатларда ўтказилди. Барча сиёсий партиялардан номзодлар рўйхатга олинди. Номзодларнинг таржимаи ҳоллари, Сайловолди дастурлари билан ҳам танишдик. Сайловга тайёргарлик жараёни мен қатори барча танишларимда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Яна икки кундан сўнг энг муҳим сиёсий жараён ҳисобланган Президент сайловида иштирок этиб, ўз сиёсий ҳуқуқимизни албатта амалга оширамиз. Президент сайловида иштирок этиш орқали ўз сиёсий фаоллигимизни намоён қиламиз, давлат ва жамият тақдирига бефарқ эмаслигимизни билдирамиз, бошқаларни ҳам шунга чорлаб қоламиз.
