Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатламдир. Ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади. Ёшлар жамиятнинг келажаги, унинг фаол аъзоси, муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ҳам ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда. Ёшларга қаратилаётган катта эътиборнинг яна бири маҳаллаларда Ёшлар етакчилари лавозимининг ташкил этилганлигидир. Бунинг натижасида “Ёшлар дафтари” шакллантирилиб, эҳтиёжманд оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда, бирорта касб-ҳунар танлашда қийинчиликларга дуч келаётганларга ёрдам қўли чўзилмоқда, қийналган оилаларда яшовчи талабаларнинг контракт пуллари тўлаб берилмоқда.
Олий маълумотли бўлишни орзу қилиб юрган ёшларнинг интилишлари ҳисобга олиниб, олий таълим муассасалари сонининг оширилганлигининг ўзиёқ ёшларнинг келажаги учун қайғурилаётганлигининг яна бир исботидир. Хуллас, қайси соҳани олиб қараманг, ёшлар учун яратилаётган кенг имокониятлар, катта янгиланишларнинг гувоҳи бўласиз. Ёшларнинг фаоллиги бу йил “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида бўлиб ўтган “Ёшлар ойлиги” доирасидаги турли тадбирларда ҳам яққол намоён бўлди. Республика, вилоят ва туманимизда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкиллаштирилган байрам кечаларида туманимиз ёшлари ниҳоятда кўтаринки кайфиятда фаоллик билан иштирок этдилар.

Бугунги кунда туманимиз аҳолисининг 40 033 нафарини 14-30 ёшдагилар ташкил этади. Шулардан 34 минг 416 нафари давлат ва хусусий сектор ҳамда таълимда банд бўлган ёшлардир. 5 минг 617 нафари ишсиз, норасмий банд ва вақтинча меҳнат қобилиятига эга бўлмаган ижтимоий муаммолари мавжуд бўлган ёшлар ҳисобланишарди. Ана шундай ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ёшлар дафтари”га киритилган 2 394 нафар ёшнинг 2 165 нафарига касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредит, ер майдонлари ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш орқали амалий ёрдам кўрсатилди.
2022 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи-иккинчи мавсумида 13 та йўналиш бўйича 949 та тадбир ташкил этилиб, унга 31 мингдан ортиқ ёш қамраб олинган эди. Мазкур олимпиаданинг ёшлар орасида кенг оммалашиши натижасида жорий йилнинг 3-босқичида тумандаги 35 минг нафар ёш босқичма-босқич қамраб олинди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида тумандан 256 нафар ёш иштирок этиб, 8-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Заҳро Нурова, 42-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Дилфуза Муҳамедова вилоят миқёсида ТОП- 10лик ғолиблар жамоасига кирди. Шунингдек, лойиҳа доирасида туман маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 7 та мактабга замонавий компьютер жамланмаси олиб берилди. Ёшлар ўртасида амалга оширилаётган бу каби ишларнинг кўлами жуда кўп. Буларнинг барчаси ёшларимизнинг келажакда ҳаётдан ўзларининг мустаҳкам ўрнини топишларига хизмат қилади.
Ҳикмат ЗИЯМУТДИНОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги
туман бўлими раҳбари.
