Сайлов яқин, ҳозирлик пухта

Сайлов яқин, ҳозирлик пухта

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Сайловнинг муваффақият­ли ўтиши учун сайлов участкаларида пухта тайёргарликлар кўрилмоқда. Фуқаролар сайлов орқали жамият ва давлат ишида бевосита иштирок этадилар, давлат идоралари демократик йўллар билан шаклланишига ҳисса қўшиб, ўз хоҳиш-­иродасини эркин билдирадилар. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда шу йил 9 июлда бўлиб ўтадиган муҳим сиё­сий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим аҳамият касб этади.

Барча жойда бўлгани каби туманимиздаги барча сайлов участкаларида сайловчилар номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурларининг асосий йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар, участка сайлов комиссияси ҳақидаги маълумотлар, участка сайлов комиссияси таркиби, режаси, сайловчилар рўйхати билан танишишлари учун барча шароитлар яратилган. Тайёргарлик жараёнлари билан танишиб шу нарсага амин бўлдикки, бу йилги сайлов аввалгиларига қараганда бир қанча афзаллик ва қулайликлари билан фарқ қилади. Туман марказидаги Маданият саройида жойлашган 298-сайлов участкасида бўлганимизда бу муҳим сиёсий жараёнга пухта тайёргарлик кўрилганлигининг  гувоҳи бўлдик.

2029 нафар овоз берувчилар рўйхати кўзга кўринарли жойга илиб қўйилган. Уларнинг орасида ногиронлар 12 нафарни, кексалар 137 нафарни, 18-30 ёшлилар 642 нафарни, биринчи марта овоз берувчилар 33 нафарни ташкил этади. Уларнинг орасида 36 нафари турган жойида овоз берувчилар ҳисобланишади.

– Ўтган давр мобайнида барча номзодларнинг ҳаракат дастурлари билан яқиндан танишиб чиқдим, – дейди сайловчи Дилмурод Ғофуров. – Уларнинг барчасида юртимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қиладиган жуда катта вазифалар илгари сурилганлигидан тўлқинланиб кетдим. Ўз навбатида кимга овоз беришимни ҳам дилимга тугиб қўйдим. Сайлов куни эрта тонгда сайлов участкасига бориб, ўзим танлаган муносиб номзод учун овоз бераман.

5 июль куни муддатидан олдин овоз бериш жараёни якунланди. Шу кунга қадар туманимиздаги 114 минг 295 нафар сайловчидан 4 минг 947 нафар фуқаро конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, муддатидан олдин ўз номзодларига овоз беришди. 273-сайлов участкаси тумандаги “Эски қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган. Мазкур участка ҳудудида рўйхатда турган 2 минг 700 нафардан зиёд сайловчининг 110 нафари бу имкониятдан фойдаланишди.

– Сайлов куни шифокорлик касбим тақазоси билан навбатчиликда бўламан, – дейди юртимиз келажагига бефарқ эмаслигини билдирган фуқаро Зилола Хожимуродова. – Шунинг учун муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаландим. Ҳеч кимнинг аралашувисиз Президентликка ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.

– Сайловда ҳар бир фуқаронинг сайловга оид ҳуқуқлари таъминланиши уларнинг давлат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этишига хизмат қилади. Бу демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган ислоҳотлар даврида муҳим аҳамиятга эга, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Зиёда Ғуломова. –  Ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти ва мақсадини очиқликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сайлов жараёнларида ҳам шу тамойил муҳим аҳамият касб этади. Биз сайлов участкамизга қизиқиб келган сайловчилар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган ёшларга бу ҳақда атрофлича тушунчалар бериб бордик. Ишонамизки, сайловчиларимиз сайлов куни фаол иштирок этиб, ўз фуқаролик бурчларини адо этадилар.

Ж.АРСЛОНОВА.