Таълим-тарбияда ҳамкорлик муҳим

Таълим-тарбияда ҳамкорлик муҳим

Бугунги кунда мактаблардаги таълим-тарбия, ўқувчиларнинг мактабга ўз вақтида келишини таъминлаш каби масалалар кун тартибига чиққани бежиз эмас. Чунки таълим-тарбияда интизомни тўғри йўлга қўймасдан кутилган натижага эришиш қийин. 8-мактабда “Маҳалла, оила ва мактаб” ҳамкорлиги доирасида ўтказилган ота-оналар йигилиши ҳам шу масалага бағишланди. Йиғилишда Назарбек ҳудудидаги барча маҳалла раислари, Миллий гвардия вакиллари, ота-оналар кенгаши раиси ва аъзолари иштирок этдилар. Мактаб раҳбари Анвар Жалиловнинг ўқувчиларнинг бугунги кундаги тарбияси ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Маҳалла раислари фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг ролини кучайтириш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлашди. Миллий гвардия ходими тарбияси оғир, мунтазам дарс қолдирувчи 18 нафар ўқувчининг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилганини баён қилар экан, тарбияда барча, айниқса, ота-оналар нечоғли эътиборли бўлишлари даркорлигини таъкидлади. Мусиқа фани тўгараги аъзолари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Шу куни ота-оналар болаларининг пухта билим олишлари учун мактабда яратилган шарт-шароитлар, касб-ҳунарга ўргатиш хоналари билан танишдилар. Бу каби йиғилишлар тумандаги барча таълим масканларида ўтказилди.

Ж.АМИРОВА.