8 МАРТ – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тумандаги “Файз” тантаналар саройида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этаётган ҳамда ўзининг самарали меҳнати билан оила фаровонлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаол аёллар таклиф этилди. Туман ҳокими Эркин Рустамов хотин-қизларни баҳор ва гўзаллик байрами – 8 март айёми билан муборакбод этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини билдирди.


Мамлакатимизда аёлларни эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, оилада фарзандлар таълим-тарбиясидаги ўрнини алоҳида эътироф этди. Байрам тадбирида ўз меҳнатлари билан туманимиз ривожига самарали ҳисса қўшиб келаётган ва фаол аёллар туман ҳокимлигининг байрам совғалари билан тақдирланди. Туман Маданият бўлими хонандалари ҳамда ижрочи ёшларнинг ёқимли куй-қўшиқлари, 13-Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг жозибали рақслари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Тўкин дастурхон атрофидан жой олган хотин-қизлар дилдан суҳбат қурдилар, мириқиб рақсга тушдилар. – Туман ривожига узоқ йиллар ўз меҳнатим билан ҳисса қўшдим, – дейди фахрий Дилором Тошмедова, – ҳозир қарилик гаштини сураяпман, етказганига шукр, ҳурматда, эътиборда юрганимизга шукр, тинч, осуда ўтаётган ҳар онимизга шукр. Илоҳим жаннатмакон юртимиз, Зангиотадек муқаддас гўшамизга кўз тегмасин. Тадбирда барчани кузатдим, ҳамманинг чеҳрасида табассум, қалбида шукроналик… Илоҳим бу ҳислатлар уларга йил давомида ҳамроҳ бўлсин. Байрам байрамга уланиб, шу куни бир гуруҳ онахонлар Муқимий номидаги мусиқали драма театрига бориб маданий ҳордиқ чиқардилар. Тумандаги уч нафар 100 ёшли онахонлар, меҳнат фахрийлари совға-саломлар билан йўқланиб, кўнгиллари олинди.
Дилбар ШАРИПОВА.
