Ҳар йили 8 мартни ўзгача орзиқиш билан кутамиз. Чунки айнан шу куни барча хотин-қизларимизнинг эгнида баҳорий гулларнинг барча гўзалликларини ўзида мужассам этган либослар ял-ял ёниб, барчага ҳаётнинг янада гўзал ва тотли эканлигини, ҳамиша унинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор эслатади. Шу куни кимдир онаси, кимдир опа-синглиси, кимдир вафодор ёри, кимдир бўлажак турмуш ўртоғи, кимдир устоз ва кўнглига яқин таниш-билишларини табриклашга, бир оғиз ширин сўз билан уларнинг кўнглини кўтаришга ошиқади. Аслида мўътабар она, садоқатли умр йўлдоши, меҳрибон опасингилларимизнинг кўнглини бир кунлик байрамда эмас, йил бўйи байрамона кайфият ила олсак ҳам оз.
Чунки ҳаётимиз гуллари ҳисобланмиш хотин-қизларимизнинг она сифатида бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан оламни тебратаётганлиги, турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, юртимиз қудратини ошириб, ҳам рўзғори кам-кўстини тўлдираётганлиги, баркамол авлод тарбиясида фидойилик кўрсатаётганлиги борасидаги хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. “Аёл фозила ва оқила бўлса мўъжизалар ярата олади”, – дейишади. Дарҳақиқат, аёл зотининг бемисл ақли ва теран заковати ёрдамида ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин. Янги Ўзбекистонни барпо этиш кимлар ёки нималар эвазига бунёд бўлади, деган савол туғилганда ҳеч иккиланмай жамиятда фаол, оилада фидойи бўлган аёлларни ҳам айтиш мумкин. Ҳамиша ва ҳамма даврларда ҳам тараққиёт пойдевори шундай ўзини унутиб, мудом ўзгаларга яхшилик соғиниб яшайдиган, эл тинчлиги, юрт тараққиёти, миллат маънавияти, соғлом авлод камолоти учун хизматга шай бўлган инсонлар ҳаракати ва меҳнатлари эвазига қад ростлайди.
Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига мамлакат тарихида илк бор аёл киши Танзила Нарбоеванинг раис этиб тайинланганлиги, Зулайҳо Маҳкамованинг Бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритаётгани, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (ОМБУДСМАН) этиб Феруза Эшматованинг сайлангани, республикамизнинг айрим туманларида аёл ҳокимлар етакчилик қилаётгани, Мактаб ва мактабгача таълим вазири этиб Ҳилола Умарованинг тайинланганлиги, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори этиб Гулчеҳра Рихсиеванинг тайинланиши, ўзбек оиласида камолга етган Азиза Шоназарованинг Колумбия университети профессори мақомини олган биринчи ўзбекистонлик аёл бўлганлиги, яна бир ҳамюртимиз Нигора Ҳакимованинг Оксфорд университетининг исломшунослик марказида ўзбекистонлик илк тадқиқотчи аёл бўлганлиги ва яна кўплаб жабҳаларда аёлларнинг йўлчи юлдузлиги ҳар бир ўзбекистонлик қалбига юксак фахр туйғусини солади. Муқаддас ҳадисларимизда таъкидланганидек, ота-онадан фарзандга қоладиган энг муносиб мерос бу – юксак аҳлоқ ва гўзал тарбиядир. Шу боисдан ҳам барча даврларда ахлоқ ва тарбияга ҳаёт-мамот масаласи ва умумбашарий, умумижтимоий масала сифатида ёндашилган. Аллома Абдулла Авлоний: “Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур?”, – деган саволга, “Биринчи – уй тарбияси. Бу иш она вазифасидир. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбияси”, деганида нақадар ҳақ эди. Демак, тарбия оилада шаклланади, она тарбиячи, у эса фарзанди шуурига илк бор айтган алласи билан ватан туйғусини сингдиради. Ватанни севган инсон ўзлигини унутмайди.

Биз аёллар шундай улуғ ва фахрли хизматга камарбаста эканлигимиздан қанчалик фахрлансак оз. “Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди”, – дея аёлга юксак баҳо берган эди давлат Раҳбари Шавкат Мирзиёев. Жамиятимизда улкан эврилишлар юз берган, янги учинчи Ренессансга қадам қўяётган янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнатда айнан аёлларимизнинг алоҳида ўрни борлиги кўнгилда фахр туйғусини юксалтиради. Зотан, аёли эъзозланган юртда яшашнинг ўзи саодат. Фаолиятим бевосита хотин-қизлар билан бўлганлиги сабабли ҳар куни турли юмушлардан ортиб, ҳеч бўлмаганда битта оилага кириб, хотин-қизларнинг турмуши билан танишаман, уларнинг дардларини тинглаб, муаммоларига ечим топишга ҳаракат қиламан. Айниқса, “Аёллар дафтари”га кирган аёллар доимий диққат-марказимизда. Шуни мамнуният билан айта оламанки, туманимиздаги барча маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари сидқидилдан ишлашмоқда. Бу эса эҳтиёжманд хотин-қизларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларни ҳаётдан ўз ўринларини топиб кетиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, рўзғорларини йўлга қўйиш, олийгоҳларда ўқиш кабиларда ўз ифодасини топмоқда. Бирорта қийналган оила эътиборимиздан четда эмас. Хонадонларда бўлганимизда хотин-қизларимиз ўзларига кўрсатилаётган моддий ва маънавий ёрдамлардан мамнунликларини айтишса, демак ҳаракатларимиз бежиз кетмаётганидан қувонаман.
Бугун юртимизда хотин-қизлар ҳаёти, фаолияти, турмуш тарзи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз томонидан аёлларга берилаётган юксак баҳоларга лойиқ бўлган, турли соҳаларда сидқидилдан хизмат қилаётган, меҳнатлари эвазига халқ ишончи, меҳрига сазовор бўлиб келаётган фидойи хотин-қизлар фаоллари туманимизда жуда кўп. Биргина 1-сектор – Ўртаовул ҳудудидаги хотин-қизлар фаолларини оладиган бўлсак, “Ўртаовул” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Муҳайё опа Саидованинг давлат ташкилотларида фидокорона меҳнат қилиб келаётганига 50 йилдан ошди. Шундан қарийб ўн йилдан ортиғи маҳалла тизимидаги фаолияти ҳисобланади. Ўз маҳалласида обрў-эътибор қозониб келаётган бу инсонни маҳалланинг ёшу қариси ҳурмат қилиб, барчага қўлидан келганча қилаётган камтарона, беминнат хизматларини эъзозлаб, қадрлаб келмоқда. Опа ўзининг билим ва ҳаёт тажрибаларини ёшларга ўргатиб, миллий қадриятларни давом эттириб, хотин-қизларни доим қўллаб-қувватлаб, барчанинг раҳматини олмоқда. “Файз” маҳалласининг фидойи хотин-қизлар фаоли Муҳтабар опа Мусаева ҳам энг оғир ҳудуддаги хотин-қизлар билан бир неча йиллардан буён энг яқин маслаҳатгўй, сирдош бўлиб, уларнинг оғирини енгил қилиб, ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.
Энг ёш хотин-қизлар фаолларимиздан Нигорахон Абдуллаева ҳам маҳалласидаги опа-сингиллари муаммоларини ҳал этишда, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида ҳудуддаги опаларидан қолишмай меҳнат қилиб, аҳоли ҳурматига сазовор бўлмоқда. Унинг “Ниҳол” маҳалласида эҳтиёжманд хотин-қизларнинг контракт тўловини давлат томонидан 100 фоиз тўлашда амалий ёрдам бериб, маҳалласидаги хотин-қизлар муаммоларини ечиш йўлида амалга оширган ишлари ибрат бўларли. “Олмазор”, “Гулзор”, “Кенг-кечик”, “Абдужалилбоб” маҳалласи хотин-қизлар фаолларининг амалга ошираётган ишлари ҳам мақтовга лойиқдир. Туманимизда бундай жонкуяр, меҳнатсевар опаларимиз талайгина. Қайси маҳалқлага борманг, хотин-қизлар фаоллари маҳалла раисларининг ўнг қўли бўлиб, ҳар ишда қўллаб, елкадош бўлиб келмоқдалар. “Чинор”, “Улуғбек”, “Токзор” ва яна бир қатор маҳаллалар хотин-қизлар фаолларининг меҳнатларини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Туманимиз хотин-қизлар фаоллари ёнларига “Оқила аёллар”, кўчабошилар, маънавият тарғиботчиларини олиб, ҳамкор ташкилотлар ва маҳалла еттилиги билан биргаликда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, муаммоларини “Аёллар дафтари” ва бошқа ёрдам кўрсатиш йўллари орқали тўлиқ ҳал этиб, уларнинг бандлигини таъминлаб, тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлишдан ҳимоя қилиб, фаровон ва тинч ҳаёт кечиришлари, ижтимоий фаол бўлишлари учун ўз меҳнатларини аямаяптилар. Туманимизда тиббиёт, халқ таълими, турли идора ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа идораларда фаолият юритаётган юзлаб аёлларимизнинг номини фахр билан тилга олсак, уларнинг шаънига қанча ҳамду санолар айтсак оз. Меҳри дарё хотин-қизларимизни байрам билан табриклар эканман, уларнинг ҳар бирига қарата: “Сиз эъзозга лойиқсиз”, – дея айта оламан. Барчага сиҳат-саломатлик, туганмас бахт, оила мустаҳкамлиги, оқил фарзандлар камолини тилаб қоламан.
Саодатхон УСМОНОВА,
туман ҳокими ўринбосари,
Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари.
