“Сариқ касал” чанг солмасин

“Сариқ касал” чанг солмасин

Халқ тилида “сариқ касал” деб номланган гепатит вирусли касаллик ҳисобланади. Унда жигар ҳужайралари зарарланиши кузатилиб, жигар фаолияти бузилиши оқибатида организмда интоксикация – заҳарланиш юз беради. Инкубацион даври (вирус юққанидан бошлаб биринчи аломатлар ривожланиш даврига қадар) 14-28 кун давом этади. Шундан сўнг касаллик белгилари ривожланиб, уч даврда кечади ва аломатлар ўзига хос бўлади. Сариқ касаллигида ҳолсизлик ва дармонсизлик, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниш ва қайт қилиш, мушакларда оғриқ кузатилади. Яшаш ва иш жойларининг санитария жиҳатдан қониқарсиз ҳолатда бўлиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, аҳолининг зичлиги, озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш қоидаларининг бузилиши, сифатсиз ичимлик сувидан фойдаланиш вирусларнинг кўпайишига шароит яратади.

Бу касалликда ўлим ҳолатлари кам учрайди, аммо агар инфекция фулминант шаклда давом этса, бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкин. Бундай ҳолда, ўткир жигар этишмовчилиги билан кечадиган ўткир жигар некрозининг тез ривожланиши кузатилади. Вирусли гепатит А касаллигидан қандай ҳимояланиш керак? Бунинг учун, аввало, соғлом турмуш тарзига, яъни, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, таом тайёрлаётганда, овқатланишдан олдин, жамоат жойларга ва ҳожатхонага боргандан сўнг қўлни яхшилаб совунлаб ювиш керак. Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлаш жараёнларида санитарияэпидемиологик қоидаларга риоя қилиш зарур.

Мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин оқар сувда, кейин қайнаган сувда яхшилаб ювиш тавсия этилади. Яшаш жойи гигиенасига риоя қилиш, хоналарни шамоллатиш ва намли тозалов ишларини олиб бориш керак. Касалликдан сақланишнинг яна бир йўли гепатитнинг вакцинаси бор турларига қарши эмланишдир. Бугунги кунда инфекциянинг олдини олишга хизмат қиладиган, сариқликдан етарли даражада ҳимоя қилувчи бир қанча самарали вакциналар яратилган. Шундай экан эмлаш ишларига бепарво қараманг. Бу, сизни ва оила аъзоларингизни жигарни ишдан чиқарадиган гепатитдан ишончли ҳимоя қилади.

Жаҳонгир ЗАБУРОВ,
туман СЭО ва ЖСБ бош шифокори.