(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Булар ҳозирги кун олими ва китобхони учун оддий маълумот бўлиб кўриниши мумкин, аммо “Навоий ким эди?” сингари саволлар кўндаланг турган ўтган аср 20-йиллари учун ниҳоятда муҳим эди. Албатта, миллат фахри бўлмиш даҳо шоирга тааллуқли ҳар бир сана ва шахсни аниқлаш учун В.Маҳмуд ўнлаб қўлёзма манбаларни ўқиб чиқишга мажбур бўлгани, қалбидаги эзгу ниятлари унга тинчлик бермагани аниқ. Мақола Алишер Навоий яшаган муҳит, уни дунёга келтирган шарт-шароит юзасидан анча теран тасаввур беради: “Ҳижрий V аср ила Х аср орасидаги беш юз йиллик давр – бу Хуросон ва Мовароуннаҳрда ислом маданиятининг гуллаган мавсуми эди. Бешинчи аср(лар) арабнинг янги руҳий ортиши билан Эроннинг ер юзида мумтоз мавқе тутғон давридир. У вақтлар рубъи маскуннинг энг файзли қитъаси ва маълум дунёнинг оғизларда достон бўлатурғон қисми Ироқ ва Хуросон эди. Ўрта Осиёнинг янги тарихида энг бой ва шавкатли давлатлар шу даврнинг маҳсулидирлар. Мамлакат обод, халқ эсонлик ичида эди. Чунки рубъи маскуннинг бойлиги шу ўртага йиғилғон эди…
Мана шу замонларда эдиким, ислом маданиятининг етиштирган ҳаким ва адиблари дунёда ягоналик туғини кўтарган эдилар. Ҳаким Санойи, Мавлоно Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Ҳайём каби энг буюк ва машҳур кишилар шу асрнинг етиштирган кишилари орасидадир. Бу ўрта аср маданиятининг иккинчи бир варағи бўлган VIII, IX, X аср турк даҳосининг асрий маданияти ўзлаштирилиб очилғон ва юксалган бир давридир… У даврда Темур, Йилдирим, Бобир каби буюк қўмондонлар, Аҳмад Яссавий, Навоий, Султон Ҳусайн, Фузулий каби шоирлар, Улуғбек, Қушчи каби ҳайъатшунос ҳакимлар етишдилар”. Навоийгача бўлган даврларда араб ва форс маданияти гуллаб-яшнади. Кўпгина турк олимлари ўз асарларини ўша тилларда ёзди. Шеърият оламида форс тилининг бағоят гўзаллиги ва нозиклиги тан олинар эди. Туркигўй шоирлар ҳам форсийда бирор асар битиш иштиёқида бўлар эди. Навоийнинг «Девони Фоний» мажмуаси ўша анъаналар, иштиёқ ва ихлос ҳосиласидир. Алишер Навоийни эслаш ва асарларини тарғиб этиш йўлида ёзилган «Навоий учун» мақоласида муаллиф таъкидлайдики, «Навоийни танимаган бир ўзбек бўлмаса керак. Эскиларимиз ва эски мактабларимиз ғазаллари билан, янгиларимиз ва янги мактабларимиз суратлари ва шахсиятлари билан танишдирлар…
Навоий турк тилини тиргизган ва чиғатой адабиёти деган бир адабий мактабнинг бу кунгача яшамоғи сабаб бўлган бир кишидир. Шунинг учун уни танимоқ, уни тақдир этмоқ бутун турклар учун бир вазифадир. Мана шу ҳолни назарга олиб, бу кун турк дунёсининг ҳар ерида Туркияда, Озарбайжонда ва бизда (Ўзбекистонда) уни эслаб беш юз йиллик тўйини ўтказмак истадилар». Вадуд Маҳмуднинг Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига тегишли асарлари, фикр-мулоҳазалари жадид навоийшунослигининг теран бир саҳифаси саналади. Маълумки, ҳижрий-қамарий йил ҳисобига кўра Алишер Навоий таваллудининг беш юз йиллиги 1926 йили Озарбайжонда кенг нишонланади. Бокуда шу йили Бакир Чўбонзоданинг “Навоий тилчи”, Исмоил Ҳикматнинг “Амир Алишер Навоий”, Мирза Иброҳимийнинг “Алишер Навоийга форс адабиётининг таъсири” ва бошқа мақолаларни ўз ичига олган 107 саҳифали махсус “Навоий” мажмуаси чоп этилади. Шунингдек, Б.Чўбонзода “Вақфия” асари учун Навоийнинг тил илмига қўшган ҳиссаси муносабати билан ёзган сўзбошида “Навоийдан аввал ва сўнгра ҳеч бир турк “илм ва адаб” бобида “одамиятнинг бу қадар буюк таъсир ва нуфуз қозонганини билмайди”, деган жуда муҳим мулоҳазаларни баён этади. У “Илмий ва маданий масалаларимиз тўғрисида” мақоласида Алишер Навоийни барчанинг “адабиёт ва шеърда улуғи ва устози”, деб сифатлайди. Улуғ шоирнинг “соф туркча халқ тилида ёзишга урингани”га урғу беради. Айни дамда, даҳо шоир ижодининг географик кўламини бирор олим Бакир Чўбонзодага ўхшаб: “Бўсна-Ҳерсек (яъни, Гертсовина)дан Қошқаргача ўлмас ном қолдирган” тарзида оригинал баён қилган эмас. Олим мақоласида илмий-маданий вазифаларни, ташкил бўлажак муассасаларни ҳам бевосита Навоий номи билан боғлайди. “Ман шундай ўйлайманки, бу хилдаги юбилейдан кейин:
1. Бутуниттифоқ миқиёсида Навоий ўчоғини юзага чиқариш – майдонга келтириш керакки, бу ўчоқ бутун турк-татар шоирларининг уюшмаси бўлсин ва унинг ўрнини тутсин; 2. Яна Иттифоқ миқиёсида бир Навоиёт институти майдонга келтирилсин ва бу тўғрида русларнинг ўзгаришдан кейин шоир Пушкин теварагида яшаган ташкилотларидан ўрнак олинсин. Мана шу бир қанча сатрларни ёзиб, бу масалалар тўғрисида фикрларни баён қилишлари таклифи йўлида бутун қийматли ўзбек шоир, адиб, олим ва маорифчиларига мурожаат қиламиз”. Бокудаги туркологлар қурултойи 1926 йил 5 мартда бўлиб ўтади. Бу қурултойга Ўзбекистондан Элбек, Исмоил Садрий, Ашурали Зоҳирий, Раҳим Иномов, Шокиржон Раҳимий, Назир Тўрақулов вакил бўлиб боради. Ҳақиқатан ҳам қурултойда Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи нишонланади. У ерда «Навоий» номли тўплам нашр қилинади.
Олим Алишер Навоийнинг “Вақфия” асарига “Навоийнинг тили ва тилчилиги ҳақида”, шунингдек, Ҳусайн Бойқаронинг “Девони”га “Бойқаро ва девони ҳақида” сарлавҳали сўзбоши ёзади. Унда: “Ҳар ҳолда туркийлардан чиқадиган ёзувчилар, Навоий фикрича – бошқа тилдан зиёда ўз тилинда ёзмалидир. Ҳолбуки, ҳозирга қадар етишган турк буюклари кўп ажнабий тиллар билан, ўз тилларини унутуб, асарлар ёзган эдилар”, “…Навоий турк тилининг – сўзининг сиёсий, илмий ва урфий маъноси-ла – шуурли мудофеъидир (онгли ҳимоячисидир – Б.К.)», “Навоийнинг ўз ёзганларидан, керак бўса бошқа бир кўп манбалар берган маълумотдан англашилдиғина кўра, Навоийнинг чиғатой адабиётига доир очган йўлини ҳам ҳимоя ва ташвиқ этган Ҳусайн Бойқаро ҳисобланади. Негаки Навоий туркча ёзишнинг лозим ва фойдасига оид келтирган далиллар ичида Ҳусайн Бойқарога ҳаяжон ва миннатдорлик тўла сўзларга ишора қилади» каби қимматли фикрлар бор.
(Давоми бор.)
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори
