Бу йилги қишнинг момиқдек қорлари, булдуруқлари, изғиринлари билан келганлиги болалар учун қорбобо ясаш, қорбўрон ўйнаш, сирпанчиқ учиш каби кейинги йилларда ноёбга айланиб қолган ўзига хос қувончни бахш этган бўлса, иккинчи томондан “қиш барибир қишлигини қилиши”ни унутиб қўйганимиз биз катталарга панд бериб, қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Кўп жойларда газ босими пасайиши билан уйларни иситиш муаммога айланди, тоза ичимлик суви қувурларининг кўпи яхлаб қолди, айрим мактабларда иситиш тизимидаги сув қувурлари ёрилди…
Бир сўз билан айтганда, қишга тайёргарлигимизнинг сустлиги панд берди. Бунинг оқибатида қишки таътилга чиққан ўқувчилар салкам бир ой “қишлаш”га мажбур бўлишди. Лекин бу пайтда ўқитувчилар уйда бекор ўтиргани йўқ. Ота-оналар билан боғланадиган каналларига ўқувчилар учун уйга вазифалар ташлаб туришди, текшириб, баҳолар қўйишди. Шароит тақазоси билан юзага келган бу “онлайн” ўқишга қайси ота-она масъулият билан, бошқаси шунчаки қарагани ҳам бор гап.
– Бир ой бола ҳаётида, таълим-тарбиясида катта гап, шусиз ҳам карантин пайтида йўқотганларимиз етарли, – дейди 32-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси Азиза Ноипова. – Шу ўринда ота-оналарга айтадиган гапим бор. Мана болалар бир ой уйда ўтиришди. Бу давр мобайнида болангиз ҳеч бўлмаганда битта бадиий китоб ўқидими ёки ўзингиз ўқиб бердингизми? Боланинг ҳаётидаги бир ойни нима билан тўлдирдингиз? Унинг қизиқишларини рағбатлантириш учун нималар қилдингиз? Бу саволимга кўпчилик ота-оналар жавоб бера олмасликлари тайин. Болам мактабга бориб, ҳеч нарсани ўрганмасдан келади, деган ота-оналарни ҳам учратганман.
Хўш, ўзингиз болангиз учун нима қилдингиз? Унинг дарсларни нега ўзлаштиролмаётганлиги сабаблари билан қизиқиб кўрдингизми? Дарсда болангиз билан ёнма-ён ўтириб, саволингизга етарли жавоб изладингизми? Тўғри, ўқитувчини айблаш осон. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор ахир. Ўқитувчи жон куйдириб таълим берсаю, уйда ота-она буни назорат қилмаса, боласининг мактабдан ташқари вақти телефон титкилаш билан ўтаётганига лоқайд қараса. Буни қандай баҳолаш мумкин? Об-ҳаво сабаб болалар анчагина дарсларни ўзлаштиролмай қолди. Энди ёзги таътилга қадар бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдиришимиз керак. Бунда ота-онанинг ёрдами жуда зарур.
Мана, 23 январдан мактабларда ўқиш бошланди. Туманимиздаги умумтаълим макабларининг 8 тасида шу куни дарсга қўнғироқ чалинмади. Сабаби, у мактаблар совуқ, айримларининг иссиқлиқ тизимида носозликлар юзага келган. Ўқувчилар “онлайн” ўқишмоқда. Бу кунлар ҳам ҳадемай ортда қолади. Лекин энди ота-оналардан лозими, фарзандларининг ўқишларига эътиборни сусайтирмасинлар. Мактабларнинг иссиқлик тизими ишга тушиб, синф ичидаги ҳарорат 16 даража иссиқдан ошганда, “онлайн” ўқиётган болалар ҳам яна билим масканларига бориб ўқишни давом эттирадилар.
Ж.АМИРОВА.
