Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам

Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам

21 март – Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таваллуд топган кун

Абдулла Орипов деганда кўз олдимга шеърият осмонининг энг порлоқ юлдузи, ноёб истеъдод эгаси келади. Шоирнинг шеърларини ўтган асрнинг 70 йиллари ўрталарида – мактабда ўқиб юрган кезларимда ўқий бошлаган бўлсам, унинг китобларини ҳалигача қўлдан қўйгим келмайди. Чунки шоирнинг шеърларидаги чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат, ватанга чексиз муҳаббат ҳислари, муҳаббат ва вафонинг ўзгача талқини мени ҳамиша ўзига ром этиб келган.

1941 йили Қашқадарё вилояти Косон туманидаги Некўз қишлоғида дунёга келган шоир 1958 йили мактабни олтин медаль билан тугатгач, Тошкент Давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига кириб ўқиди. 1968 йилдан бошлаб турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, Муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигининг раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлиб ишлади. Унинг “Митти юлдуз”. “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Қасида”, “Хотирот” “Юртим шамоли”, “”Ҳайрат”, “Нажот қалъаси”, “Йиллар армони” каби ўтган асрнинг 60-80 – йилларида чоп этилган шеърий тўпламларини варақлар экансиз, шоирнинг ижоди йиллар оша такомиллашиб борганлигини сезасиз. Айниқса, истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанни озод ва обод кўриш истагидаги шеърлари сизга бошқача таъсир кўрсатади.

Ватан ва халққа меҳр-муҳаббат, табиатни севиш, ардоқлаш, имонли, виждонли инсонларга мадҳиялар ўқиш, гоҳ йиғлаб, гоҳ қувониб куйлаш шоирнинг ҳаёти мазмунига айланганлигининг гувоҳи бўласиз. Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашида Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади. Мустақилликка эришгач, Абдулла Ориповнинг ижоди янада гуллаб-яшнади, ўзгача мазмун касб этди. У томонидан давлатимиз Мадҳиясининг ёзилиши қалбларимизга чексиз фахр-ифтиҳор, ҳаяжон туйғуларини солган бўлса не ажаб. Шоирнинг мустақиллик йилларида чоп этилган “Ҳаж дафтари”, “Муножот”, “Сайланма”, “Дунё”, “Шоир юраги” каби қатор шеърий китобларини ўқиб таъсирланмаган китобхон бўлмаса керак. Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотининг лауреати, Калифорния (АҚШ) Фан, Таълим, Саноат ва Санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзосидир. Мустақиллигимизнинг етти йиллигида унга биринчилардан бўлиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвон берилди. …Шоирнинг шеърий китобларини ҳар сафар ҳаяжон билан варақлайман ва ҳар бир шеърида ўзгача ҳаяжон туяман: Қизғалдоқ баргидек учар дилдан ғам, Тошқинлар киради қалбимга маним. Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам, Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним. Фақат сен қалбимга чўктирмай малол, Чарчаган руҳимга илҳом солурсан. Баҳор ҳам, умр ҳам ўтар эҳтимол, Фақат сен дунёда мангу қолурсан.

Ж.ХАРАСОВА.

Руҳим

Вужуд деганлари асли нимадир?
Дайр денгизида юрган кемадир.
Бир кун бир қояга урилгай кема,
Руҳим, сен вужудни ғамини ема.
Юксак фазоларда айлагил парвоз,
Сенда на оҳанг бор ва на бор овоз.
Сенга на бўронлар кор қила олур,
Сени на йўқотиб, бор қила олур.
Сен мисли камалак – юксак ва сўлмас,
Камалакни эса парчалаб бўлмас.

Умр

Қалбимда гоҳ ғурур, гоҳида фараҳ,
Шу учқур дунёни турфа кўрибман.
Юртма-юрт, элма-эл, фарсах-бафарсах
Умрим довонларин ўлчаб юрибман.
Умр-ку ўтади гулдурос солиб,
Унинг ўтганини ким ҳам кўрибди?
Во ажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,
Менинг қадамимни ўлчаб юрибди…

Инсон қалби

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.
Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз, Ҳайҳот!
Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!!

Тилла балиқча

Тухумдан чиқди-ю, келтириб уни
Шу лойқа ҳовузга томон отдилар.
Ташландиқ ушоқ еб ўтади куни,
Хору хас, хазонлар устин ёптилар.
Дунёда кўргани шу тор ҳовузча
Ва мудроқ толларнинг аччиқ хазони.
Менга алам қилар, тилла балиқча
Бир кўлмак ҳовуз деб билар дунёни…

Мен англаб етган фалсафа

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,
Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.
Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло,
Молим ёмон деган бирор кимсани.
* * *
Оқар дарёга ҳам кимдир банд берган,
Ҳаёт кимга заҳар, кимга қанд берган.
Эй, ғофил, саркаш деб, мени камситма,
Ғаним сенга эмас, менга панд берган.

Дорбоз

Булутларга ёндош, осмон остида,
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида,
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.
Одамлар, одамлар, уни олқишланг,
Қаранг, у нақадар эпчил ва ўктам,
Биз-чи, эҳ.. баъзи бир кўзи очиқлар
Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам.