АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМА УЧУН КЕРАК?

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМА УЧУН КЕРАК?

Маълумки, юртимизда аҳолини рўйхатга олиш юзасидан кенг қамровли ишлар бошлаб юборилган. Юртимизда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш жараёни бундан 32 йил аввал бўлиб ўтгани бу масаланинг ҳозирда қандай аҳамият касб этишини кўрсатиб беради. Аҳолини рўйхатга олиш нафақат аҳоли сони ва демографияси, балки оилавий аҳволи, яшаш шароити, бандлиги, жинси, ёш даражалари, фуқаролиги, ҳудудларда аҳоли зичлик даражаси ва бошқа ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари ҳақида ишончли маълумот тўплаш имконини беради. Фақат тахминларга таяниб иш кўрган одам ютқазади. Таваккалчилик, башоратгўйлик маълум жабҳалардагина зарур. Аниқ статистика эса ҳар соҳада керак. Бусиз ривожланиш ҳақида гапириш ўринсиз. Айниқса, ҳозирги тез ўзгариб бораётган замонда.

Бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу ҳам бевосита статистикага даҳлдор. Яъни, аҳолини рўйхатга олиш ҳақида. Хўш, бу амалиёт нима учун керак, нега кейинги бир йилда бу ҳақда кўп бора сўз юритилмоқда? Тасаввур қилинг, хонадонингизда ўн нафар киши яшайди. Демак, бозор-ўчар қилишда улар сонини ҳисобга оласиз. Ана шу ноз-неъматлар пиширилиб, дастурхонга тортилишида ҳам, табиийки, уйдаги одамлар сони инобатга олинади. Сарф-харажатда ҳам хонадон аъзолари ёши, хоҳиши ва таъбидан келиб чиққан ҳолда режа билан иш кўрилади. Энди савол туғилади: қандай қилиб бу борада тўғри ва оқилона қарор қилишга эришяпсиз? Жавоб аниқ: чунки сизда оила аъзоларингизнинг ҳар бири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар базаси бор! Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар заруратини ана шунга қиёслаш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда хонадонлар иссиқ бўлиши, одамлар қора қозони қишин-ёзин қайнаб туриши учун неча минг тонна кўмир, қанча саксовул, неча минг куб метр газ керак? Бухорода-чи? Хоразмда неча киши ишсиз?

Сурхондарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Фарғонада нечта оила уй-жойга муҳтож? Самарқандда қанча туғруқ ёшидаги аёл бор ва мавжуд туғруқхоналардаги ўринлар сони ана шу кўрсаткичга мутаносибми? Сирдарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Сурхондарёда чироқ ўчмаслиги учун бир ойда қанча электр энергияси ишлаб чиқариш зарур? Андижонда нечта оила битта хонадонда истиқомат қилади? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади?… Кўряпсизми, аҳолини рўйхатга олиш, яъни биргина шу амалиёт билан қанчадан-қанча саволларга жавоб, қанчадан-қанча муаммоларга ечим топиш мумкин. Бироқ, юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан узоққа бориб бўлмайди. Режа ва дастурларнинг манзиллилиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги бу борадаги маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигига боғлиқ.

Ушбу рўйхатга олиш бизга нима беради, деган саволга тўхталадиган бўлсак, аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларнинг тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин. Аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси ҳисобланади. Ҳозирги кунгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилди. Мазкур тадбир бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.

Туман статистика бўлими.