Энг олий бойлигимиз ҳисобланган халқимиз саломатлигини асрашдек масъулиятли ва шарафли ишда тиббиёт ходимларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, инсонийлик фазилати, фидойилиги таҳсинга сазовор. Инсон саломатлиги учун масъул, уларнинг ҳаёти сермазмун ва бардавом бўлиши учун фидойилик кўрсатиб, барчага бирдек хизмат қилиш учун қасам ичган жонкуяр шифокорларнинг шаънига қанча ҳамду санолар айтсак, шарафласак шунча оз.
Қуйидаги лавҳаларимиз туман марказида жойлашган, туман Тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги шифо масканлари ҳақида. Қон босими, инсульт, инфаркт, юқори нафас йўллари касалликлари, автоҳалокат, шикастланиш… Бу каби инсонлар ҳаётига хавф солиб турувчи касалликлар ва бахтсиз ҳодисаларга чалиниш ҳолатлари юз берганида одамлар, аввало, туман марказидаги “EMERGENCY DEPARTMENT” қабул бўлимига шошиладилар. Бу бўлим халқ тилида “шошилинч тез ёрдам бўлими”, деб аталади.
Қабул бўлимида беморни навбатчи шифокор ва ҳамширалар кутиб олишади ва тезда биринчи ёрдам кўрсатилади. Кейин навбатдаги текширувлар (юракни кардиограмма қилиш, УЗД, зонд ютиш, рентген ва бошқалар…) амалга оширилади. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, зудлик билан тегишли бўлимга ёки реанимацияга ётқизилади. Енгилроқ бўлса, керакли муолажаларни қилиб, маълум вақт кутилади. Беморнинг аҳволи яхшиланса, тегишли муолажаларни ўзи яшаб турган оилавий поликлиникадаги кундузги бўлимда олиши учун йўлланма ёзиб берилади.
– Агар бизга келган беморнинг қўлида аввал тиббий текширувлардан ўтганлиги ҳақидаги қоғози бўлса ҳам, қайтадан текширамиз, – дейди бўлим мудири Дилшодбек Дустчанов. – Билиб бўлмайди, балки текширувларда хатолик ўтган бўлиши мумкин, айрим касалликларда эса организмда ўтаётган ҳар соатда турли ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ҳам ўзимиз текшириб, аниқ ташхис қўйганимиздан кейин, даво чораларини белгилаймиз.
– Қабулга бир кунда 50-60, гоҳо 150 нафаргача ҳам бемор келади, – дея суҳбатни давом эттирди катта ҳамшира Малоҳат Каримова. – Уларнинг ҳаммасини текширувдан ўтказиб, ётиб даволаниши керак бўлганларини турли бўлимларга ётқизамиз. Тиббиёт ходимлари куну тун ўз иш жойида ҳушёр ва шошилинч хизматга шай турадиган бўлимда 35 нафар шифокор, 53 нафар ҳамшира ва 24 нафар кичик ҳамширалар беморларга ўз вақтида малакали хизмат кўрсатмоқдалар.
– Бир пайтлар бўлимимиз Тошкент гўшт комбинати шифохонасида жойлашганди, – дейди Д.Дустчанов. – Ўша пайтларда тиббий ашёларга зор эдик, ҳаттоки, оддий бинт топилмас ва буни беморнинг яқинлари олиб келишарди. Энди эса аҳвол тамоман бошқача. Кейинги йиллар ичида давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасига берилаётган катта эътибор боис шароитларимиз яхшиланди. Тиббий техникалар янгиланмоқда, уларнинг ёнига янгилари келиб қўшилмоқда. Мана ҳадемай МРТ аппарати ҳам ишга тушади. Бепул дори-дармонлар таъминоти 90 фоиздан ошиб кетди. Буларнинг барчаси беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишимизга хизмат қилмоқда. Бундай шароитда фақат ва фақат жон куйдириб, фидокорлик билан ишлаш керак бўлади холос.
Кичкинтойлар соғлиғи йўлида
40 ўринли болалар бўлимининг қабул бўлимида навбат кутиб турган, боласини текширтираётган, осма укол олдираётган оналар ҳам талайгина эди. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар даволанишига мўлжалланган бўлимда ҳозирда асосан ёш болалар муолажа олаяпти. Сабаби бугунги кунда кичкинтойлар ўртасида энтеровирус касаллиги кузатилаяпти. Томоқ оғриғи, пневмония, бронхит каби касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпайган. Умуман, қабул бўлимига олиб келинган болалар турли касалликлардан азият чекаётган бўлишади.
Бўлимда болага тез ёрдам кўрсатилгач, аҳволига қараб, ётиб даволанишга олиб қолинади. Боланинг аҳволи оғир бўлмаса, 3-4 соат назорат остида тутилади. Кейин аҳволи яхшиланса, муолажани давом эттириши учун ўзи яшаётган оилавий поликлиникага юборилади. Бўлимда даволанаётган болалар учун ётиш, таом, дори-дармонлар бепул. Бўлим 90 фоиздан ортиқ дори-дармонлар билан таъминланган. Боланинг аҳволига қараб 5-7 кунда уйига жавоб берилади. 9 нафар шифокор, 20 нафар ҳамшира кичкинтойларнинг бошида парвона.
– Болалар нима учун касал бўлади, шунинг учунки, онаси томонидан эътибор камлигидан, – дейди педиатр Рихсибой Ғаниев. – Чунки онанинг қўлида телефон, кези келса “тинчгина ўтирсин”, деб боланинг қўлига ҳам телефон тутқазади. Она уяли алоқа воситасидан кўп фойдаланиш зарар эканлигини ҳам яхши билади, лекин ўзининг тинчини ўйлайди. Боласи совутгичдан муздек сув олиб ичса ёки қайнатилмаган сувни ичса ҳам она бепарво. Охири боласи касал бўлиб қолса, шифокорга югуради. Менинг фикримча, биринчи навбатда оналарнинг тиббий маданиятини ошириш керак. Уларга болани тўғри тарбиялашни ўргатиш зарур.
Дардга дармон дорилар
Қабул бўлимларидан ўтиб, туман Тиббиёт бирлашмасининг ички дорихонасига йўл оламиз. Бу ерда иш қайнагандан-қайнаяпти. Чунки айнан шу ердан туғуруқхона, хирургия, кардиология, эндокринология, болалар ва катталар реанимацияси каби бир қатор бўлимлар ҳамда 10 та оилавий поликлиникаларга керакли дорилар тайёрлаб берилади.
Бу ерда ишлаётган 5 нафар олий маълумотли фармацевт, 5 нафар технолог ассистентнинг қўли-қўлига тегмайди. Улар ҳар куни 80-90 литр, баъзи кунлари эҳтиёжга қараб 100-120 литргача дори-дармон тайёрлаб, жўнатишади. Бу ердагиларнинг тўғри ва сидқидилдан қилган меҳнатлари натижасида кўплаб беморларнинг организмига бу дори-дармонлар даво бўлиб сингади.
– 8 хил дори тайёрлаймиз, – дейди дорихона мудири Дилноза Муҳаммедова. – Булар: натрий хлорид, глюкоза, анальгин-демидрол, аскорбинка, калий хлорид, магний сульфат, фуроцилин, перекись водород. Барча ходимларимиз ўз соҳасининг мутахассислари ҳисобланишади. Ниятимиз биз тайёрлаётган дорилар беморларнинг дардига дармон бўлса деймиз.
Аниқ таҳлил – тўғри ташхис
Энди навбат – таҳлилга. Чунки тўғри ва аниқ таҳлил – тўғри ташхис, дегани. Тўғри ташхис эса беморни ҳеч бир муаммосиз тезда оёққа турғизади. Туман Тиббиёт бирлашмаси марказий таҳлилхонаси ана шу мақсадга хизмат қилади. 41 шифокор, лаборант, кичик тиббий ходим хизмат қилаётган таҳлилхона фаолияти таҳсинга лойиқ. Мутахассислар бу ерда қон ва пешоб таҳлилларини амалга оширадилар.
Бўлимларга бориб беморлардан таҳлил учун қон олиб келишади. Энг асосийси, барча ишлар тезликда, ўз қоидаларига риоя этилган ҳолда ва вақтида бажарилади. Чунки шундай касалликлар борки, уни вақтида аниқлаб, бартараф этишда ҳар дақиқа ҳам ғанимат ҳисобланади. Бу ерда бир кунда 400 дан ортиқ қон ва пешоб таҳлиллари амалга оширилади. Бу эса, шунча беморнинг касалига аниқлик киритилди, дегани. Демак, навбат даволашга…
Жамила АРСЛОНОВА,
Дилбар ШАРИПОВА.
Абдуқодир МУСЛИМОВ
олган суратлар.
