Бу йилги ёз ёзмисан-ёз бўлди: офтоб сели еру кўкни қамради, кети узилмаётган магнит бўронлари чарчатди. Қимирлаган жон борки, ўзини соя-салқинга, кондиционер ёрдамида совутилган уйга “урди”. Ҳа, ёз ҳазилакам иссиқ келмади. Лекин бу иссиқликда ҳам бир ҳикмат борлигини ким билди, ким билмади… Бобокалонларимизнинг ҳаёт тажрибаларидан ўтган сўзларига қулоқ солинг. Саратон офтобида чиниққан одам қиш совуқларига ҳам чидамли бўлади. Синган суяклар саратонда қайнаб битиб, асл ҳолига қайтади, баъзи касалликларнинг асорати, таъсири шу ойда инсон организмидан чиқиб кетади, шифобахш шўр лой, қум ва иссиқ сувларнинг таъсир кучи ортади, доривор ўсимликлар пишади. Яланг оёқ юрилса, оёққа фойда. Хуллас, саратоннинг фойдали томонлари жуда кўп.
Кимдаким буни тушуниб, ўзини ўзи бир ой давомида тоблаб олса, марра уники, касалликлар билан хайрлашаверсин. Биз иссиқ кунлардан роса нолидик, бироқ унинг тез ўтиб кетганлигини сезмай ҳам қолдик. Энди уни 11 ой кутиб яшаймиз. Эртага “саратон” билан хайрлашиб, якшанба куни “асад”ни кутиб оламиз. Бу ой табиатга ўзига хос ўзгаришлари билан кириб келади. Осмонда булут увадалари кўзга ташланади, ҳарорат бирданига пасаяди. Тўғри, баъзи кунлар ҳарорат 40 даражадан ошиб кетиши мумкин, лекин бу барибир саратон иссиғичалик бўлмайди.
Ойнинг иккинчи ярмига бориб, кечалари елкага иссиқ кийим ташлашга тўғри келади. 23 июлдан 22 августгача давом этадиган асаднинг “тахтни” “сумбула”га бўшатиб беришидан олдин “тўпалонлари” – кучли шамолу ёғингарчиликлари бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Чашмалар суви камаяди. Дарёлар суви эса кўпаяди. Қушлар иссиқ ўлкаларга кетиш тараддудига тушиб қолишади. Далаларда эса иш қайнагандан-қайнайди. Айтмоқчи, кундузлар қисқариб, кечанинг анча узайиб қолганлигини ҳам сезмасдан илож йўқ. Демак, дастурхонларимизни турли шириндан-шакар ноз-неъматлар билан тўлдирадиган “асад”ни кутиб оламиз!
Ж.АМИРОВА.
