Оила жилови кимнинг қўлида?

Оила жилови кимнинг қўлида?

Оила – икки ёшнинг бутун умри давомида бир-бирига суяниб, “тош келса кемириб, сув келса симириб, ҳаётнинг яхши-ёмон кунларига шукр айтиб, умргузаронлик қиладиган, авлодлари давомчилари ҳисобланмиш муносиб фарзандларни ўстириб, тарбиялаб, вояга етказиб, жамиятга қўшадиган энг улуғ ва қутлуғ маскан.

Бу масканни завол этиш эса ҳаётни барбод этиш деган гап. Чунки ажрим яхши турмуш сари элтмайди, иккинчи турмуш барибир иккинчи, унинг замирида истайсизми-йўқми, биринчи турмуш чарақлаб, ўзига чорлаб, юрагининг қайсидир бурчагида бир умр бегуноҳ болалар мўлтираб қараб тураверади…

Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари
Саодат УСМОНОВА билан бўлган суҳбатимиз ана шу ҳақда.
– Энг оғриқли нуқтамиз бу – оилавий ажримлардир. Ўтган йили республикамиз бў­йича қайд этилган 48 минг 734 та, жорий йилнинг 8 ойида қайд этилган 34 мингдан ортиқ ажрим ҳақида эшитишнинг ўзи даҳшат…

– Афсуски, бу рақамларнинг ичида бизнинг туманники ҳам бор. Ҳозиргача 186 та ажрим қайд этилди. Лекин имкони борича оилаларни асраб қолиш пайида бўламиз. Ҳар чоршанба куни яраштирув комиссиямиз томонидан 2-3 та оилани кўриб чиқамиз. Имом-хатиб, отинойи, психолог, маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда суҳбатлар ўтказамиз, тушунтириш ишлари олиб борамиз. Бизнинг суҳбатимиздан кейин ярашиб кетган ёшлар ҳам кўп бўлади. Лекин уларнинг ичида “оёқ тираб” туриб олиб, ҳеч кимнинг гапига кирмайдиганлари ҳам учраб туради.

Жуда афсусланамиз. Бундай чоқларда бир неча кун ўзимга келолмай юраман. Ота-она-ку, майли ўз йўлини топиб кетар. Лекин икки томонга жаҳл билан кетаётган бир отасига, бир онасига кўзларини жовдиратиб, нима бўлаётганини англолмаётган болаларда нима гуноҳ? Мени республика бўйича ҳар йили отаси бўлатуриб ота меҳрига зор бўлиб қолаётган 60-70 минг нафар болалар ўйлантиради. Она иккинчи марта турмушга чиқиб кетар. Болалар ё онаси билан кетади ёки бувиси билан қолади. Иккинчи ота болага ўз отасидек бўлолмайди, ҳеч қачон.

– Болагимизда ҳам, ёшлигимизда ҳам қишлоқда бирорта оила ажрашибди, деган гапни эшитмаганмиз. Тўғри, замон доимий ўзгаришда. Лекин одамлар ўша-ўша-ку. Гап тарбияда деб ўйлайман.

– Ҳақиқатан ҳам шундай. Ўзимни мисол келтириб айтадиган бўлсам, онам доимо: “Ҳеч қачон сув лойқаланмасдан тинмайди, оилада ҳар қандай вазият бўлади, шунда оғир бўл, гап қайтарма, оғзингда доим ширин сўзинг бўлсин, изтиробларинг жуда юрагингни тўлдириб юборса, ҳеч кимга кўрсатмай тўйиб-тўйиб йиғлаб олгинда, кейин ҳеч нима бўлмагандек, овқатни катта-катта еб, ишингни қилиб юравер, уйдаги гапни остонада ташлаб, кўчага чиққин, доимо қайнонангнинг дуосини олгин, қайнонанинг дуосини олган келин кўкаради. Ҳаёт доим шоколад эмас, аччиғига дуч келсанг, ёнимга “бир қоп пиёзингни” олиб келакўрма, кулиб келиб, кулиб кетгин”, дердилар. Онамнинг шу насиҳатларига амал қилиб ҳеч қачон кам бўлмадим. Ҳаётда шу даражага етишишим эса қайнонамнинг дуоларини олганлигимда. Менга қайнонасини ёмонлаб келган келинларга шу ҳақда гапираман. Бу гапларимни кимдир қулоғига олади ҳам…

– Тўғри айтдингиз. Қизнинг онасида гап катта. Қизи аразлаб келса, унга қўшилиб қудасини ёмонлайдиган, қизини келинлик уйига жўнатмайдиган оналар ҳам бор. Ана ўшандайларнинг касрига бузилаётган оилалар ҳам талайгина. Эсли-ҳушли она қизининг ҳамма гапига ҳам “сеники тўғри” дея­вермай, уни тўғри йўлга солади. Ўтмишда ажримларнинг деяр­ли бўлмаганлиги кўп жиҳатдан онага ҳам боғлиқ бўлган, деб ўйлайман. Оилани кўп ҳолларда учинчи шахс­нинг аралашуви бузади. “Эр-хотиннинг уриши, дока рўмолнинг қуриши”, деб бежиз айтилмаган.

Агар учинчи одам аралашмаса, аралашганда ҳам оқилона, узоқни ўйлаб, иш тутса, оила наинки бузилади, мустаҳкам ҳам бўлади. Чунки ҳеч бир она, қайнона қизим,келиним ажрашсин, бахтсиз бўлсин демайди. Бунда икки қуданинг тутган ўрни жуда катта. Яқинда шундай оилавий можаролар билан шуғулланиб юрадиган бир танишим билан гаплашиб қолдим. “Ҳозир бир пайт­лардагидек қанона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар “мода”дан қолган, унинг ўрнини эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар эгаллаяпти”, деган гапни айтди.

– Тўғри, қайнонаси билан чиқишмайдиган келинлар жуда кам. Замонавий технологиялар тобора ривож­ланиб бораётган бир пайтда, айнан шу нарса ҳаётимизни ҳам енгил, ҳам оғир қилаяпти. Демоқчиманки, интернетнинг ривожи бир томондан катта имкониятлар эшигини очса, бошқа томондан оилаларга салбий таъсирини ҳам ўтказаяпти. Ёшлар китоб ўқимайди, газета варақламайди. Куни телефонни титкилаш билан ўтади. Ижтимоий тармоқларда нималар ҳақида ёзилмайди дейсиз. Ёшлар ўзлари билмаган ҳолда енгил-елпи ҳаётга ўрганиб қолишмоқда. Маънавият қашшоқлашмоқда. Ҳаётнинг салбий ҳолатларини ҳам одатий ҳол деб қабул қилишаяпти. Бегоналар билан танишувлар, унинг ортидан қатор кўнгилсизликлар келиб чиқмоқда. Оила дарз кетмоқда, барбод бўлмоқда.

Интернетдаги шоҳона ҳаёт, машҳур кишиларнинг етти иқлимга донғи кетган тўйлари, сарпо-суруқлари ва хоказоларни кўрган ёшлар шундай ҳаётга интилмайди, деб ким кафолат бера олади. Бундай ҳаёт кечириш учун эса яхши маблағ топиш керак. Фақат оилавий эҳтиёжлари учун етадиган маблағ топишгагина қурби етадиган эркакдан кўп нарса талаб қилишнинг якуни ажрим билан тугаяпти. Айрим аёллар ёки эркаклар яхши пул топиш мақсадида хорижга кетиб, ё одам савдосининг қурбонига айланмоқда ёки бошқа турмуш қуриб кетаяпти. Яна шундай эркаклар ҳам борки, оила масъулия­тини ҳис этишмайди, яъни бирор ишнинг этагидан тутмасдан, умрини кўча-кўйда беҳуда сандироқлаш билан ўтказади. Аёл шўрлик бола-чақа боқаман деб ўзини ўтга-чўққа уради. Охири сабр косаси тўлади…

Ҳозир кўпчиликда шукр деган нарса йўқ. Яқинда бир оилавий жанжалга аралашишга тўғри келди. Эркак далада ишлайди. Топаётган даромади кам. Аёл уч фарзандини (каттаси 15 ёшда) уйга ташлаб, кун бўйи тикувчилик цехида ишлайди. Бу эркак кишига ёқмайди. Аёлидан уйда ўтириб тикувчилик қилишини, шу тариқа болаларига ҳам қараб ўтиришини талаб қилади. Аёл унамайди. Натижада ўртада жанжал чиққан. Аёл эркакни яхши пул топмасликда айблайди. Уйнинг бундай сири кўчага чиққач эса, гап ўргатувчилар кўпаяди. Оқибатда оила дарз кетади. Нима бўлганда ҳам аёл шукр қилиши, шароити тўғри келса ишлаши, бўлмаса фарзанд тарбияси билан шуғулланиши керак. Озми-кўпми пул топаётган эркакни ҳадеб яхши топмасликда айблайвериш бола тарбиясига ҳам путур етказишини унутмаслик керак.

– Оилавий ажримлар нимага камаймаяпти? Демак, оила қурадиган ёшлар билан ишлашда бизга нимадир етишмаяпти. Намунали оилалар билан кўплаб турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказамиз, ташкил этилаётган давра суҳбатларию семинарларнинг сон-саноғи йўқ. Маҳалла хотин-қизлар фаоли фаолиятини йўлга қўйдик. Аёллар ёшлар, темир дафтарлар ташкил этдик. Юртимизда одамларнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари учун нимаики керак бўлса, барчаси қилинмоқда. Лекин шарт-шароитлар қанчалик енгиллашмасин, барибир кўплаб оилаларда парокандаликлар юз бераяпти.

– Ҳаммаси одамнинг ўзида қолган. Бир пайтлар бувиларимиз, оналаримиз сигир соққан, далада ишлаган, тандирда нон ёпган, ўчоққа ўтин ёқиб, таом тайёрлаган, қаҳратон қишда узоқлардан челак­лаб сув ташиб келиб, (ҳаммоми ҳам, иссиқ хонаси ҳам бўлмаган) кир ювган, лампа чироқ ёққан… Эҳ-ҳе, улар қилган бундай ишларни санаб адоғига етиш қийин. Лекин ҳайратланарлиси, уларнинг бирортаси бундай ҳаётдан асло нолишмаган, оилани жуда муқаддас билиб, гард юқтиришмаган. Ҳозирги ёшларнинг ҳаёти жаннат, кирни ҳам машина ювиб, чайиб, қуритиб беради,замонавий ҳаммом, ошхонада иссиқ-совуқ сув, сон-саноқсиз техникалар…

Шундай шароитларга шукр қилиб яшамасликни ғирт телбалик деган бўлардим. Ажрашиш учун келган ёшларнинг “характеримиз тўғри келмади”, деган гапларини эса умуман оқлолмаймиз. Чунки тўйгача ҳам шу характерни билиб олиш имконияти бор эди. Тўйдан кейингиси эса баҳона. Келин ширинсўз, чаққон бўлса, турмуш ўртоғи, унинг яқинларининг ҳурматини жойига қўйса, бундай оилаҳеч қачон барбод бўлмайди. Қатъий хулосам шуки, оналар қизларига тўғри тарбия берсинлар, турмушнинг оғир кунларига сабрни ўргатсинлар, оталар ўғлини оиланинг жиловини келиннинг қўлига бериб қўядиган эмас, ўзи маҳкам тутаоладиган қилиб янги ҳаётга тайёрласинлар.

– Оила, тарбия бу – жуда катта мавзу. Бу борадаги суҳбатларимиз эса шу билан якунига етмайди. Кўпни кўрган онахонларимиз, ҳаётнинг минг бир чиғириқларидан юзлари ёруғ бўлиб ўтган бувижонларимизнинг ҳам фикр-­мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Жамила АРСЛОНОВА суҳбатлашди.