Қиш пухта тайёргарликни ёқтиради. Ёз, кузда тайёргарлигини кўрмаган одам қиш келганида ер чизиб қолиши ҳеч гапмас. Шунинг учун ҳам биз ҳар йили қишга пухта тайёргарлик кўришга ёзданоқ киришамиз. Бу йил ҳам бу борада талай ишларни амалги ошириб қўйдик. Аҳоли билан учрашганимизда: ”Бу йил қишда газ яхши бўладими?”, “Ўтган йилги аномал совуқдагидек қийинчилик сезмаймизми?”, деган қатор саволлар билан мурожаат этадилар. Шу ўринда айтишим керакки, биз бу борада барча имкониятларни ишга солиб, аҳолини йил бўйи узлуксиз табиий газ билан таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Биз тумандаги 45 минг 664 та табиий газ истеъмолчиларига хизмат кўрсатамиз. Шундан 44 минг 356 тасини аҳоли хонадонлари ва 1 минг 308 тасини улгуржи истеъмолчилар ташкил этади. Газ қувурларининг узунлиги 835.4 км.ни ташкил этади. Шундан фойдаланишда: юқори босимли 53,5 км., ўрта босимли 235,7 км., паст босимли 546,2 км. 25 йилдан ортиқ фойдаланишда бўлгани 365,5 км. Газ тақсимлаш пунктлари (ГРП) сони 797 дона.
2023-2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан 7 банддан иборат ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режа жадвали асосида 4.3 км. газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 927 дона газ тақсимлаш қурилмаларини (ГРП) тафтишдан ўтказиш, 112,5 км. газ қувурларини зичликка синаш ва ҳаво билан тозалаш, 30.2 км. узунликдаги газ қувурларини бўяш ва 22.5 км. газ қувурларини махсус асбоб ёрдамида текшириш белгиланган эди. Шунга мувофиқ 927 та ГТНларнинг 875 таси, яъни 94 фоизи тафтишдан ўтказилди. 22.5 км. газ қувурларини махсус асбоб ёрдамида текшириш 100 фоизга бажарилди. Умумий узунлиги 30.2 км.ни ташкил этувчи ўрта ва паст босимли газ қувурларини бўяш режалаштирилган бўлиб, амалда ушбу газ қувурларини бўяш ишлари 25,9 км.га, яъни 86 фоизга бажарилди.112,5 км. узунликдаги газ қувурларини зичликка синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш ишлари 100 фоизга бажарилди. Мукаммал таъмирланиши режасига жами 4,3 км. газ қувурини таъмирлаш киритилган бўлиб, амалда 1,42 километр газ қувурлари таъмирланди.
2023-2024 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган газ қувурлари ўрнига янги газ қувурлари қуриш ишлари ҳам амалга оширилди. Жумладан, “Ҳаракат”, “Аҳилобод”,”Ботир”, маҳаллаларида ўрта босимли газ қувурлари алмаштирилди. “М-39” кўчаси, “Зарафшон”, “Тўқимачи”, “Боғишамол” маҳаллаларидаги ўрта босимли газ қувурларини алмаштириш, “Бўзсув” канали устидан ўтган юқори босимли газ қувурининг таянч устунларини мукаммал таъмирлаш бўйича “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ томонидан лойиҳа техник ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ҳамда Зангиота тумани ҳокимлигининг келишув чора-тадбирларига асосан, Эшонгузар ҳудудининг “Наврўз” маҳалласида жойлашган 2-сонли қозонхонанинг табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 1.2 км. газ қувури қуриш ишлари бошланган. Аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 13 минг 158 та хонадон 2 босқичли тизимга ўтказилди, яъни ўрта босимли ГТНлар ўрнига ҳар бир хонадон учун регуляторлар ўрнатилди (274 дона ГТН кесиб олиниб, тумангаз омборига кирим қилинди).
Президентимизнинг 2020 йил 24 сентябрдаги ПҚ-4840-сонли қарорига асосан, туман ҳудудидаги жами 1103 та улгуржи истеъмолчиларни “Табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган (АСКУЭ) тизимига ўтказиш ишлари 100 фоизга бажарилди. Истеъмолчиларга суюлтирилган углеводородли газ етказиб бериш ишлари ҳам доимий эътиборда. Тумандаги 357 нафар истеъмолчи ана шундай имкониятдан фойдаланмоқда.
Табиий газ – оғиримизни енгил қиладиган энг арзон восита. Турмушимизни усиз тасаввур қилиш қийин. Бу йилги аномал совуқда унинг қадри ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ билинди. Шундай экан, ундан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш, фойдаланилган газ ҳақини эса ўз вақтида тўлаш виждоний бурчимизга айланмоғи лозим. Лекин бу борада ҳануз халқ мулкига хиёнат қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу йил 8 та табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Келтирилган зарарни рақамларда акс эттирадиган бўлсак, 1 834,0 минг м3 газ ҳажми ҳамда 2 014,9 млн.сўм зарар етказилган.
Яна бир ачинарли томони шундаки, олиб борилаётган кўплаб тушунтириш ишларига қарамай, қарздорлик ҳамон бартараф этилмаяпти. Жорий йил 1 август ҳолатига аҳоли дебитор қарздорлиги 16,5 млрд. сўмга етган, шундан аҳолиники 12,1 млрд. сўм, улгуржи истеъмолчиларники 4,4 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Энди ўйлаб қаранг, ўн, юз… минг истеъмолчи қарзларини тўлиқ тўласа, ундан тушган маблағга газ таъминотини яхшилаш бўйича қанчадан-қанча ишлар амалга оширилган бўларди. Ахир халқимиз бежизга “инсоф сари барака”, демайди. Қарзи йўқ уйга барака ёғилаверади.
Қиш фаслини хотиржамликда ўтказиш, аввало, одамларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ҳар бир хонадон эгаси: ”Қишга тайёрмизми?”, деган саволни ўз олдига қўйиб, шунга яраша ҳаракат қилса, ҳар қандай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олган бўлади. Юртимизда ис газидан заҳарланиш каби ҳолатлар ҳали ҳам учраб турибди. Бу эса барчани ҳушёрликка чорлаши керак. Ҳар бир хонадон эгаси газ жиҳозларининг соз бўлишини назардан қочирмаслиги, дудбуронларнинг тозалигига эришиши, эски горелкаларни тежамкор автомат горелкаларга алмаштириши керак.
Улуғбек РАҲИМОВ,
“Зангиотатумангаз” газ
таъминоти бўлими бошлиғи.
