Ҳашар – халқимизга хос азалий қадриятлардан бири бўлиб, бу тадбир кишиларни меҳр-оқибат, аҳиллик ва ўзаро ҳамжиҳатлик йўлида бирлаштириши билан аҳамиятлидир. Унинг замирида ободлик, бирдамлик, хайр-саховат ва бунёдкорлик мужассам. “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида ташкил этилган бундай эзгу тадбир туманимизда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилиб, эрта тонгдан кексаю ёш ҳамжиҳатликда кўча ва маҳаллаларда мана шундай эзгу ишларга бош қўшдилар.
Тошкент вилояти ҳокимининг 2023 йил 26 октябрдаги “Тошкент вилояти маҳаллаларида 2023 йилнинг 28-29 октябрь кунлари “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” ва “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” шиорлари остида ҳашар ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига асосан туманимизда ҳам умумхалқ ҳашари ўтказилди.

Халқимиз азалдан она табиатга меҳрли, бир парча бўш ер кўрдими, албатта бу жойни обод қилишга, ниҳол қадашга интилади. Яратиш, яшнатиш ишқида тиним билмайди. Бинобарин, юртимизда эзгу анъанага айланиб бораётган, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тобора қанот ёзаётган “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимиз учун шарафдир.
Айни кунларда туманимиз бўйлаб кузги дарахт экиш ишлари авж паллага кирди. Хусусан, барча ташкилот ва муассасаларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида минглаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, уларнинг бехато униб-ўсиши таъминланмоқда.
Туманимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтган ҳашар жараёнларида қишлоқ ва маҳаллалар, йўл четлари, бинолар ва ҳовлилар атрофи, йўлаклар, зиёратгоҳ ҳамда қабристонлар ободонлаштирилди. Ариқлар тозаланиб, дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари олиб борилди. Ҳашар кунлари “Назарбек” ҳудудидаги 5 талик фаоллар енг шимариб ишга киришишди.
– Кузги кўчат экиш тадбирларида ҳудудимиздаги бўш майдонларга турли манзарали ва игна баргли кўчатларни схематик экиш ишлари фаол олиб борилмоқда, – дейди “Назарбек” маҳалласи раиси Абдубосит Йўлдошев. – Ҳашар кунлари хонадонлар ва ҳудуддаги бўш турган ерлардан 1 минг 600 кв.м майдон кўчат экиш учун тайёрланди. 250 туп дарахтлар буталиб, 500 дан зиёди оҳланди. 200 туп павлония, 100 туп шумтол, 50 туп тут кўчати ва 30 туп ток кўчатлари экилди. 1 километрга яқин ариқлар тозаланиб, чиқиндилар техникалар ёрдамида олиб чиқилди. Галдаги вазифа эса, ана шу кўчатларни парваришлаб ўстириш. Бу йилги мавсумда асосий эътибор экилаётган ниҳолларнинг бехато ўсиши, жой ва тупроқ унумдорлиги, суғориш тизими каби жиҳатларга қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.

Навбаҳорликлар ҳам икки кунлик ҳашарда фаол иштирок этишди.
– Халқимиз азалдан яхши ният билан кўчат эккан, келгуси авлодлар учун мерос қолдиришга ҳаракат қилган, – дейди “Навбаҳор” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Кумуш Нуриддинова. – Кўчалар ёқаларидаги 10 дан ортиқ дарахтларга шакл берилиб, 600 метр ариқлар қуриган ўтлардан тозаланди. 2 минг кв.метрга яқин бўш жойлар ва ички кўчалар майдонлари ободонлаштирилди. Битта хонадон жорий таъмирланиб, оҳланди. Маҳалла идораси олдига кузги анвойи гуллар экилди. Ҳудуд марказида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли тураржой мажмуаси майдони ободонлаштирилиб, лотоклар ўрнатилди. “Нур Обод Ишонч Файз” масъулияти чекланган жамияти ходимлари ҳам ҳашарда фаол иштирок этишиб, буталган дарахтлар шохлари ва маиший чиқиндилардан тозалашда кўмаклашишди.
Ҳа, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ушбу умуммиллий лойиҳа замирида ана шундай миллий анъаналаримиз мужассам. Шу билан бирга, бу тадбир нафақат корхона-муассасаларни ободонлаштиришга, балки ёшларнинг табиатга бўлган муҳаббатини оширишга, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва эъзозлаш туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Биз эккан ниҳоллар кун келиб катта дарахт бўлишини тасаввур этиб, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлмоқда. Лойиҳа доирасида жойларда “Мен эккан дарахт”, “Таълим масканимизни боққа айлантирамиз” каби акциялар ҳам ташкил этилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳашар туманимиздаги барча кексаю ёшни юрт ободлиги йўлида янада бирлаштирди. Ушбу умуммиллий акция давом этмоқда.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.
