(Алишер Навоийнинг Гулига бўлган
муҳаббатини эслаб)
Ҳажринг ўти тутқазар илкимга қалам,
Кўрмадим нечадан минг ранжу алам.
Сабр саҳросида овворадирман,
Пари-пайкар Гули гулюзли санам.
Муҳаббат ҳар кимни булбул айлагай,
Жамолин кўрганда унга бўйлагай.
Чин ошиқ Мажнун каби девонавор,
Ёр васфин манингдек ёниб куйлагай.
Ғазаллар битардим ҳуснингга таъриф,
Ишқим буюк эди шунчалар латиф.
Ҳажру-фироғингда ёнсам-да минг бор,
Қаддимни тутдим тик, бўлмадим заиф.
Фитна-фасод доим йўлимга тушди,
Ғам-андуҳ занжири кўнглимга тушди.
Кўксимдан олдилар юрагим юлиб,
Ағёрлар нигоҳи Гулимга тушди.
Сен ичган оғулар қонимда сизар,
Афсус-у, надомат жонимда сизар.
Энтикиб тунлари ойга термулсам,
Нажотсиз руҳим, оҳ, самони кезар.
Навоий дардларин қоғозга тизар…
Рустамбек ТУРОПОВ.
