ХIХ аср охири – ХХ аср бошларига келиб Туркистон тобора глобаллашиб, ривожланиб бораётган Европа тараққиёти ва саноатидан ортда қола бошлади. Натижада, ўлкада анъанавий мусулмон таълим тизимини модернизация қилиш, Европа илм-фанини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш тўғрисида бонг урувчи зиёли тараққийпарварлар гуруҳи шаклланди.
Жадид тараққийпарварлари Туркистонда олий таълим муассасаларининг йўқлиги ва бу борада амалий тажриба ҳам пастлиги сабаб ёшларни чет элда ўқитиш, айниқса, Европа илм-фани ютуқлари билан яқиндан таништириш орқали Туркистонни эрк ва озодликка олиб чиқишни мақсад қилгандилар (қайд этиш керакки, Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон ёшларини хорижда ўқитиш тўғрисида ХХ асрнинг 10-йилларидаёқ бонг урган эди). Бу йўлда зиёлилар “Кўмак” ташкилотини тузиб, ўзбек ёшларини хорижда ўқитиш борасида катта ишларни амалга оширди.
Ушбу ташкилотнинг юзага келишида Маориф комиссарияти Ўзбек билим ҳайъати қошидаги ўрта, олий мактабларда ўқувчи ўзбек ёшларининг “Адабиёт” тўгараги асосий ўзак бўлиб хизмат қилди. 1922 йил 2 майда асос солинган “Кўмак” уюшмаси томонидан Германияга жўнатилган талабалар орасида Абдуваҳоб Ўқтой ҳам бор эди.
Абдуваҳоб Ўқтой 1904 йилнинг 10 февралида Тошкентда туғилган. Отаси тошкентлик савдогар Исҳоқбек, онаси Обидахоним бўлиб, уларнинг ўн бир нафар фарзанди бўлган. Абдуваҳоб Ўқтойнинг оиласини яқиндан билган Вали Қаюмхон “Профессор Ўқтой Туркистоннинг кибор, зиёли ва тараққийпарвар оиласига мансуб эди. Унинг оиласи билан бизнинг оиламиз ўртасида яқин алоқалар мавжуд эди. Абдулваҳобнинг оиласи Тошкентда катта обрў-эътиборга эга эди. У Ватанга бўлган миллий туйғуни, энг аввало, оиласида олди” деб таъкидлаган.
Вали Қаюмхон қайд этганидек, ёш Абдуваҳоб илк таълимни ота-онасидан олади. Шундан сўнг у таълимни Мунавварқорининг жадид мактабида давом эттирди. Тошкентдаги мазкур мактабнинг таълим даври олти йил бўлиб, Ўқтой таҳсилини 1916 йилда тугатди. 1917 йилда Озарбойжонга Тоҳир Чиғатой билан бирга келди. Озарбойжонга муаллимлар мактабида ўқиш ниятида борган Тоҳир Чиғатой Ўқтойнинг келгуси ҳаётида нафақат яқин дўсти, балки Туркистонни озод қилиш йўлида олиб борилган миллий курашдаги яқинларидан бири бўлди.
Абдуваҳоб Ўқтой ёшлигиданоқ тиббиётга қаттиқ қизиққан бўлиб, ушбу касбни мукаммал эгаллашни орзу қиларди. Тоҳир Чиғатойнинг рафиқаси Саодат Чиғатой ҳам ўзининг “Турк юрти” журналида ёзган мақоласида Абдуваҳоб Ўқтойнинг тиббиётни жуда чуқур ўрганиш истагида бўлганлигини қайд этган. Яна Саодат Чиғатойнинг ёзишича, Ўқтойнинг тиббиётни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишининг сабаби чақалоқлигида вафот этган укасининг аччиқ хотираси ҳамда туркистонликларнинг тез-тез турли хил касалликлардан азият чекиши эди. Шу боисдан ҳам Абдуваҳоб Ўқтой шифокор бўлиш йўлида ҳаракат қилди. У шу мақсади йўлида бир гуруҳ туркистонлик талабалар билан ХХ аср бошларидаги илм-фан маркази бўлмиш Германияга йўл олди.
Ўқтой 1922 йилда Берлинга келиб таҳсил олишга киришди. Таҳсилнинг илк йилларида немис тилини мукаммал ўзлаштиришга аҳд қилди, кутубхоналарда изланди, немис оилалари билан яқиндан танишди, дўстлар орттирди. Абдулваҳоб Ўқтой 1929 йил 20 июнда Гейделберг университетининг тиббиёт факультетини тамомлаб, Дармштадт касалхонасининг жарроҳлик бўлимида биринчи тиббий амалиётини бошлади. Ушбу амалиёт 1929 йил 31 декабргача давом этди ва шу йили Абдуваҳоб Ўқтой докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, тиббиёт фанлари доктори унвонига эга бўлди.
Абдуваҳоб Ўқтой 1929 йилдан бошлаб Германиядаги касалхоналарда фаолият кўрсата бошлади. Унинг илк иш жойи Берлиндаги Невколн номли касалхона бўлди. Бу ерда у бир муддат малакасини оширгач, 1938 йилга қадар доктор Кауфманнинг назорати остида Германиянинг қатор касалхоналарида фаолият олиб борди. Абдуваҳоб Ўқтойнинг Германияда йиллар давомида дуч келган энг катта қийинчилиги немис шифохоналари хорижлик шифокорларга ўз касалхоналарида фақат тунда ишлашга рухсат берганлиги эди. Чунки, у олий тиббий таълимни тугатган бўлса-да, меҳнат қилишни орзу қилган юрти Туркистонга қайта олмади. Бунга Мунаввар қори, Убайдулла Хўжаев ва бошқа зиёлиларнинг, айниқса, Германияда ўқишни тугатиб Ватанига қайтган талабаларнинг советлар томонидан мафкуравий душман сифатида қамалганлиги сабаб бўлди.
Ўша йилларнинг оғир манзарасини Абдуваҳоб Ўқтойнинг рафиқаси Саида Шераҳмедова шундай тасвирлаган эди: “Туркистон ва Бухоро Халқ жумҳуриятлари томонидан амалга оширилган юрт фарзандларини Германияга ўқишга юбориш миссияси совет ҳукуматини қаттиқ ташвишга солган эди. Полша билан урушнинг тугаши ва кейинчалик Туркистонда миллий истиқлолчилик ҳаракатининг назоратга олиниши Совет Россияси маъмуриятини анча енгил торттирди. Энди чекка республикалардаги маҳаллий зиёлилар ва давлат арбоблари томонидан амалга оширилаётган, айни дамда эса, болшевиклар ҳукуматига ёқмаган масалаларни ҳал этиш мумкин эди.
Шундай қилиб болшевиклар талабаларни Совет Иттифоқидан ташқарига юбориш лойиҳаларини тўхтатишга ҳаракат бошлаб, шу кунгача Германияга ўқишга борган талабаларни ҳам тезроқ ортга қайтаришга интилдилар. Туркистон газеталарида Германияга ўқишга борган талабаларнинг инқилоб даврида бу ўлкада паноҳ топган эски чор тузуми тарафдорлари, яъни, оқ руслар билан алоқада бўлганлиги ва уларнинг таъсирида талабаларнинг онги зарарли ғоялар билан заҳарлангани ҳақида мақолалар эълон қилина бошлади. Ҳаттоки, болшевиклар ҳукумати Туркистон ўлкасида ёшларнинг кўнглида Европада илм олиш истагини бўғиш мақсадида у ерга борган талабалар немис мактабларига қабул қилинмагани, улар Германияда сиёсий қочоқлар таъсирига тушганлиги ҳақида миш-мишлар тарқатишди.
(Давоми бор)
Муслимбек АЛИЖОНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси
давлат музейи катта илмий ходими.
