Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкентнинг Дўмбиробод даҳасида таваллуд топган. Тошкент Давлат университети Журналистика факультетининг сиртқи бўлимида ўқиш билан бирга “Темир йўлчи”, “Тошкент ҳақиқати”, “Қизил Ўзбекистон” каби газеталарда ишлаган. 1966-1982 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида бўлим мудири, 1982-1985 йилларда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда бош муҳаррир ўринбосари, 1985 йилдан бошлаб эса “Шарқ юлдузи” журналининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган. У Олий Мажлиси депутати бўлган, Матбуот ва ахборот қўмитасининг раиси вазифасини бажарган.
Ўткир Ҳошимовнинг биринчи китоби 1962 йилда “Пўлат чавандоз” номи билан босилиб чиққан. Унинг илк ҳикояси эса 1963 йили “Тўрт мактуб” номи билан чоп этилган. Кейинчалик мазкур ҳикоя асосида “Чўл ҳавоси” (1963 й.) қиссаси яратилган. Мазкур қисса ҳақида устоз Абдулла Қаҳҳордан олинган мактуб, ёш адиб илҳомига илҳом қўшди, далда берди. Шундан сўнг унинг “Одамлар нима деркин?”, “Шамол эсаверади” қиссалари майдонга келди. Айниқса, адибнинг “Баҳор қайтмайди” (1970 й.), “Қалбингга қулоқ сол” (1973 й.) каби қиссалари ёзувчига шуҳрат келтирди. 1976 йилда мазкур асарлар муаллифи республика Ёшлар мукофотига сазовор бўлди.
1976 йилда адибнинг “Нур борки, соя бор” (1976 й.) романи, 1982 йилда “Дунёнинг ишлари” қиссаси босмадан чиқди. У “Икки эшик ораси” романи учун 1986 йилда Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўткир Ҳошимов моҳир ҳикоянавис, қиссанавис, романнавис ва публицистгина эмас, драматург сифатида ҳам замонавий адабиёт ривожига ҳисса қўшди. Унинг “Ҳазон бўлган баҳор”, “Тўйлар муборак”, “Виждон дориси”, “Инсон садоқати”, “Қатағон” драма ва комедиялари республика театрлари саҳналаридан муносиб ўрин эгаллаган. “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” (2001 й.) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.
Ўткир Ҳошимов таржимон сифатида О.Берггольц, С.Цвейг, Мустай Карим, В.Шукшин асарларини ўзбек тилига ўгирган. Ўткир Ҳошимовга самарали ижодий меҳнати учун 1991 йили “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвони берилган. “Меҳнат шуҳрати” (1996 й.), “Буюк хизматлари учун” (2001 й.) орденлари билан мукофотланган. Ўткир Ҳошимов 2013 йил 24 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган. Ҳурматли газетхон, сизга адибнинг “Дунёнинг ишлари” асаридан парчалар илиндик. Ўқинг, ҳаёт моҳияти ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритинг.
Дунёнинг ишлари
Одам кўпинча ўз яқинларининг қадрига етмайди. Айниқса, онанинг қадрини билмаслик ёш ўтганда пушаймонлик келтириши мумкин. Шу маънода “Дунёнинг ишлари” асарини киши улғайганда туядиган она армони дейиш мумкин. Асардан пайдо бўладиган катта хулоса ҳам аслида шу. Шу билан бирга асар дунёнинг, яқин инсонларнинг қадрига етишга, ҳаётнинг маъно-мазмунини теранроқ англашга, она олдидаги фарзандлик бурчи ва масъулиятини туйишга ўргатади. “Дунёнинг ишлари” юқорида айтилган сабаби туфайли қўлдан қўймай ўқилаётган бўлса не ажаб!
Муаллифдан: Бу қисса катта-кичик новеллалардан иборат. Бироқ уларнинг барчасида мен учун энг азиз одам – онам сиймоси бор. Бундаги одамларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганман. Фақат баъзиларининг исми ўзгарди, холос. Бу одамларнинг қисмати ҳам қайсидир жиҳати билан онамга боғланган. Дунёдаги ҳамма оналар фарзандига муносабат бобида бир-бирига жуда ўхшайди. Бас, шундай экан, бу асар сизларга бағишланади азиз Онажонлар!
Ўткир ҲОШИМОВ.
Эҳтимол, сизда ҳам шундай ҳоллар бўлгандир: тун ярмидан оққанда бирдан уйғониб кетасиз. Шифтга тикилиб ётаверасиз, ётаверасиз… Aввалига чиқиллаб турган соат ҳам бора-бора тиниб қолгандек бўлади. Уй жимжит, дераза жимжит, қоронғи осмон жимжит. Ҳатто шамол ҳам қилт етмайди. Шу қадар оғир сукунат чўкадики, қулоқларингиз шанғиллаб кетади. Зилдек юк устингизга ёпирилиб, вужудингизни ерга михлаб ташлайди; танҳо, ожиз бир нарсага айланиб қоласиз. Гўё бутун дунё бир тарафу сиз ўзингиз бир тараф… Шундай пайтда менинг кўз ўнгимда тўсатдан онам пайдо бўлади. Қоронғи хонанинг бир бурчидан чиқиб келади-да, маъюс жилмайган кўйи бошим устига эгилади. Йиллар заҳматидан дағал тортган бармоқлари билан пешонамни силагандек бўлади… Ўпкам тўлиб, ўзимни тутолмайман. Бирдан туш каби узуқ-юлуқ хотиралар ёпирилади, юрагим гурсиллаганча ўрнимдан туриб кетаман.
ОҚ, ОЙДИН КЕЧAЛAР
Болалигимни эсласам, илиқ ёз кечалари кўз олдимга келади. Ҳовлимизда бир туп бодом бўларди. Эрта баҳорда қийғос гулларди-ю, ҳеч мева тугмасди. Онам: “Бодом ёлғиз бўлгани учун мева қилмайди”, деб тушунтирарди. Шу бодом тагида супа бор эди. Кун ботиши билан онам ҳовлига кўлоблатиб сув сепар, кунбўйи офтобда қизиган ер ҳиди супа олдидаги райҳонлар исига қўшилиб ажиб бир тароват таратар, атроф жимжит бўлиб қолар эди.
Кейин йирик-йирик юлдузлар билан тўлган осмонга тиллақошдек ингичка ой сузиб чиқарди. Ойим ойга тикилиб туриб оҳиста пичирлар эди:
Оймомахон хулла,
Қанотлари тилла.
Субҳаноллоҳ сизга,
Умр берсин бизга…
Шундай деб бошимни силарди. Оймома эса бу сеҳрли қўшиқни яна бир эшитгиси келгандек, муаллақ тўхтаб қолар, юлдузлар ўйчан кўзларини тикиб мулойим боқиб туришар, онам эртак айтар эди.
Тошлар орасига кириб ғойиб бўлган бахтсиз қизча йиғлаб-йиғлаб қўшиқ айтарди:
Очил-очил, оқ тошлар-а, Мен онамни кўрайин-а, Дийдорига тўяйин-а.
– Мен осмондан юлдузимни танладим. Қаранг, ойи,етти оғайни орасидаги энг ёруғ юлдуз – меники…
– Майли, ўғлим. Ўша юлдуз сеники. Aнови тўртинчиси – меники.
– Нега, ойи, тўртинчиси энг кичкина юлдуз-ку!
– Шунинг учун ҳам меники… Тўртинчи юлдуз – етимча юлдуз. Кўрдингми, яхши ўсмай қолган. Етимларга раҳм қилиш керак.
Юлдузлар сирли кўз қисишар, тиллақошдек ингичка ой сирли мўралар, шабада сирли шивирлар, садарайҳон билан тупроқ сирли ҳид таратар, осмон ҳам, ер ҳам сирларга тўла эди.
Гоҳо-гоҳо осмонда бирдан юлдуз учиб қоларди. Ҳозиргина ёниб турган юлдуз тўсатдан лоп этарди-ю, ингичка, нурли из қолдириб ғойиб бўларди. Онам чўчиб тушарди:
– Эсиз… Бир бечоранинг жони узилди-я…
Юрагим шув этиб, онамнинг пинжига кирардим. Ишқилиб, бошқа юлдуз учмасин!
…Болалигимни эсласам, илиқ ёз кечалари кўз олдимга келади. Билмадим, эҳтимол ўша оқ, ойдин кечаларда онам илк бор қўлимга қалам тутқазгандир.
Юлдуз тўла осмонга тикиламан. Эҳтимол, осмондаги энг ёрқин юлдузлар оналарнинг жонидир. Эҳтимол, оналарнинг сўнган юлдузлари бирлашиб қуёшга айлангандир. Офтобни она дейишлари, эҳтимол, шундандир.
ТAСAЛЛИ
Қабристон жимжит. Фақат йўлакнинг икки четида саф тортган мирзатераклар қабр устига бош эгган фарзандлардек онага ором тилаб алла айтади. Уларнинг мунгли шивирлаши тиловат садоларига қўшилиб, юракни эзувчи оҳангга айланади… Оқ сурп яктак кийган, мош-гуруч соқоли ўзига ярашган гўрков юзига фотиҳа тортиб ўрнидан туради:
– Бўлди энди, болам! Бунақада ўзингизни олдириб қўясиз. Дунёнинг ишлари шу экан, илож қанча? – У бир зум индамай қолади-да, қўшиб қўяди: – Волидаи меҳрибонингиз хўп ярлақаган одам эканлар. Тўшакда ётмабдилар, бировга зориқмабдилар… Бунақа беозор ўлим ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Нами қуриб улгурмаган тупроқ уюмига тикилганча ўйлайман.
Эҳтимол шундайдир. Онам бу дунёда камсуқумгина яшарди. Ҳеч кимга озор бермасди. Ҳеч ким билан ҳеч нимани талашмасди. Эҳтимол, табиатнинг энг шафқатсиз элчиси билан ҳам олишиб ўтиришни хоҳламагандир. Эҳтимол…
– Кўрдингизми, – дейди қария ўйчан оҳангда, – ўша куни кечаси билан жала қуйиб чиқди. То қабрга қўйгунимизча тинмади. Қўйишимиз билан чарақлаб офтоб чиқди. Бунақа руҳи пок одамлар кам бўлади, болам, мен биламан-ку.
Эҳтимол шундай ҳамдир. Балки, одамларнинг дардига шерик бўлавериб кўникиб кетган бу нуроний қария керакли пайтда ҳар кимга ана шундай тасалли сўзини айтар. Раҳмат сенга, отахон. Эртами-кечми ҳар кимнинг иши тушадиган мана шу қўлларинг учун раҳмат. Ўртаниб турган юракка сув сепа биладиган мана шу ҳамдард қалбинг учун раҳмат. Фақат… Ҳамма гап ёмғирда бўлса, яна ақалли уч кунгина онамнинг умри чўзилса-ю, кейин ёмғир эмас, муттасил тош ёғса ҳам рози эдим…
Бир ҳафта бўлдики, дўстларим, таниш-нотанишлар эшикдан маъюс кириб келишади.
Дўстларим жимгина ўтириб, жимгина чиқиб кетишади. Бошқалар оҳиста сўрайдилар:
– Неча ёшда эдилар?
Мен айтаман… Aйтаману ўйлайман: онанинг ёш-қариси бўладими? Меҳрнинг ёш-қариси бўладими? Шафқатнинг-чи? Садоқатнинг-чи?
Илгарилари бир ҳақиқатни билардим. Она учун боланинг катта-кичиги бўлмайди. Энди яна бир ҳақиқатни англадим. Бола учун ҳам онанинг катта-кичиги бўлмас экан. Она – она экан. Унга бошқа сифат керакмас.
ТУШ
Туш кўрсам, онам чироқ кўтариб юрганмиш. Юзини аниқ кўрмасмишману, аммо қўлидаги чироқ хира нур сочиб турганмиш. “Кўзингга қара, болам, чуқур бор”, дермиш нуқул. Қарасам, чуқур йўқ. Уйғонсам, онам ҳам йўқ…
Баъзан иш билан, баъзан мажлислар билан, гоҳида улфатчилик билан уйга кеч қайтардим. Бир куни Намангандан меҳмонлар келиб қолишди. Уйга боришга кўнмай, ўзимни ресторанга судрашди. Ярим кечагача қолиб кетдим. Уйга қайтганимда кайфим бор эди. Дарвозани онам очди. Совуқда муштдеккина бўлиб дилдираб турибди.
– Шу вақтгача ухламадингизми! – дедим зарда қилиб. – Эшик очишга сиздан бошқа одам йўқми?
Онам маъюс жилмайди:
– Уйқу қатта, болам? Ў-ўтирибман.
Эртасига редакцияда навбатчилик чўзилиб кетди. Қарасам, яна онамнинг чироғи ёниқ.
(Давоми бор)
