Туман ҳокимлиги катта мажлислар залида навбатдаги ҳокимлик соати бўлиб ўтди. Йиғилишни туман ҳокими Эркин Рустамов олиб борди. Йиғилишда туман ҳокими ўринбосарлари, корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар. Йиғилиш аввалида бир қатор тайинловлар эълон қилинди.
Йиғилишда ижро интизоми масаласи юзасидан умумий бўлим мудири Гулчеҳра Эргашеванинг, коммунал тўловлардан юзага келган дебиторлик қарздорликни ундириш бўйича туманда амалга оширилаётган ишлар хусусида туман “Сувтаъминоти”, “Тумангаз”, “Электр тармоқлари” корхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Туман ҳокими ўринбосарлари жорий йилнинг 1 чорагида амалга оширилиши режалаштирилган ишлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Сўзга чиққанлар томонидан берилган маълумотлар атрофлича танқидий ва таҳлилий тарзда муҳокама этилди. Соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларга ечим топиш бўйича туман раҳбари йўл-йўриқ кўрсатар экан:
– Аҳоли томонидан бўлган мурожаатлар ўз вақтида имкон қадар ижобий ҳал этилиши шарт, – деди, – чунки ҳар бир хат-мурожаат ортида инсон омили, айтиш жоиз бўлса унинг тақдири турибди, унга бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Йиғилишда барча корхона ва ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
